ВАТАН ТАҚДИРИГА ДАХЛДОРЛИК ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Ватан ҳақида сўз борар экан, ҳар бир мўмин-мусулмон инсон, аввало, бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ватанга бўлган муносабатларини билиши лозим. Шу эътибордан бугун Ислом умматининг Ватанга муносабати қандай бўлиши кераклигини у Зот алайҳиссаломнинг намуналарида ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда истиқлол шамоли эса бошлагандан буён чорак аср давомида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси босқичма-босқич ривож топиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий соҳада, дину диёнат, илм-маърифат борасида ҳам жуда кўп хайрли ишлар амалга ошмоқда. Жамоатга тўлиб-тошаётган хонақоҳларимиз, янги-янги қурилаётган ва таъмирланаётган муҳташам масжидларимиз бунга ёрқин мисолдир. Аллоҳ таоло бу дориломон кунларда яшашимизга нимани сабаб қилди? Аввало юртимизга ато этилган тинчлик-хотиржамликни, барқарорликни сабаб қилиб берди. Бу тинчлик, барқарорлик эса Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, тинчлигимизни таъминлаб турган, тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимизни кафолатлаб турган қуролли кучларимизнинг, тинчлик посбонларимизнинг кечани кеча, кундузни кундуз демай, сергаклик билан, ҳушёрлик билан қилаётган хизматларининг самарасидир. Аммо ёшларимиз бундай фидокорона хизмат қилиши учун, Ватанга содиқ бўлиши учун биз – мўмин-мусулмонлар, юрт фуқаролари нима қилишимиз керак? Бизнинг вазифамиз – ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат ҳиссини, шу жаннатмакон юртда туғилиб-ўсганидан фахрланиш туйғусини сингдириш бўлиши керак. Шунинг учун бугунги суҳбатимизда динимизда Ватанга муносабат қандай бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритмоқдамиз.

Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойдир, болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир, сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда уни ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда бу туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим. Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳирроҳма шундай деган эканлар: «Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик.

Мўмин инсон учун энг муқаддас замин – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари теккан, Қуръони Карим нозил бўлган, динимиз илк бор тарқалган ҳарами шарифдир, Каъбаи муаззама жойлашган Маккаи Мукаррамадир, равзаи муборак жойлаган Мадинаи Мунавварадир. Бу муқаддас заминга бориб, у ерда динимизнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ва умра ибодатини адо этиш ҳар биримизнинг энг ширин орзумиздир. Аммо Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган Ватан ҳисси шу қадар кучлики, ҳожилар ана шу муқаддас масканга бориб ҳам, у ерда ҳаж арконларини адо этгандан кейин, равзаи мутоҳҳарани зиёрат қилгандан кейин ҳам уйга қайтгиси келиб қолади, бир кун ҳам тургиси келмай қолади.

Ваҳоланки, ҳажга бориш учун навбатга ёзилиб, ўн йиллаб кутади, умрида бир марта бориладиган бу сафарга боргач, Каъбани кўрган заҳоти ҳўнграб йиғлайди, ҳарамнинг тупроғини ўпади, замзам сувини муқаддас деб кўтариб келади. Лекин ҳаж арконлари тугагач, бир кун ҳам тургиси келмайди, тезроқ Ватанга, уйга қайтгиси келади.

Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Ватаннинг шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин, масалан, уни моддий ва маънавий обод қилиш мумкин, турли халқаро анжуманларда, халқаро мусобақаларда Ватаннинг номидан иштирок этиш мумкин. Аммо бунинг асосий шарти шуки, қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий хизмат қилсин, ана шунда бу хизмат Ватаннинг шаънини кўтаришдаги хизмат ҳисобланади. Аллоҳ асрасин, бир кимса бу масъулиятли соҳада хиёнат қилса, бу ваколатни суистеъмол қилса, бу нарса нафақат унинг ўзига, балки у вакили бўлган халққа, уни тарбиялаб-ўстирган Ватаннинг шаънига доғ тушади. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар.  Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади.

Таъкидлаш жоизки, Ватан севгисининг масдари бизнинг эътиқодимиздадир. Зеро, бу муборак туйғуни қалбимизга Аллоҳ таоло солган. Ватанни севишни, ота-онани яхши кўришни бизга Роббимиз ўргатган. Шундай экан, бу туйғулар Роббимизга, У Зотнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севгимиздан ортиқ бўлмайди, балки ана шу севгидан келиб чиқади.

Бир гўзал намунага эътибор берайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда Хадича онамиз розияллоҳу анҳо у Зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борганлар. Кексайиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган бу инсон Тавротдан, Инжилдан хабардор зот эди, охирзамон Пайғамбарининг аломатларини биладиган, у Зотнинг келишини кутиб юрган зийрак, заковатли зот эди. Варақа ибн Навфал Пайғамбар алайҳиссаломни гапларини эшитиб, «Қавмингиз сизни ёлғончига чиқаради, сизга азият беради, туғилиб-ўсган юртингиздан чиқариб юборишади», дейди. 

Улуғларимиз ушбу ҳолатни Ватанга муҳаббатнинг ҳақлигига, Ватандан ажралишнинг машаққат эканлигига далил қилиб, шундай дейдилар: «Варақа ибн Навфал сизни ёлғончига чиқаришади деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни индамай эшитиб ўтирдилар, сизга азият беришади деганида эшитиб ўтирдилар. Аммо «Сизни юртингиздан қувиб чиқарадилар» деганида у Зот тўлқинланиб кетиб, «Ҳали қавмим мени шаҳримдан қувиб чиқарадими?» деб сўраганлар. Мана шу у Зотнинг Ватанларига бўлган муҳаббатларининг белгиси эди.

Варақа ибн Навфал айтган кун келиб, маккаликларнинг тазйиқи ҳаддан ортиб кетгач, ҳижратга изн берилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашмасдан туриб, Укоз бозорининг олдига борганларида ортларига ўгирилдилар. Маккага қараб туриб, ўзларининг машҳур гапларини айтганлар: «Эй менга севикли шаҳрим Макка! Агар қавмим мени ҳайдаб чиқармаганда сени ҳаргиз тарк қилмаган бўлардим», деганлар. Мадинага бориб, Аллоҳ таолога: «Роббим, Маккани менга суюкли қилганингдек, Мадинани ҳам суюкли қил» деб дуо қилганлар. Шунингдек, у Зот алайҳиссаломнинг яна бир машҳур сўзлари бор – у Зот: «Агар ҳижрат бўлмаганда, мен ансорлардан бўлган бўлардим», деганлар. Бунинг маъноси «Макка бўлмаганда, мен маккалик бўлмаганимда, мадиналик бўлардим», деганларидир. У Зот Мадинада қолганлар, ансорларни ихтиёр қилганлар, лекин маккаликларни асло унутмаганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар ҳам келган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини «У Зот сизни қайтиш жойингизга қайтарувчидир», деганда Маккани назарда тутган.

«Ватан соғинчи» рисоласида айтилишича, араблар бирон жойга сафарга чиқишса, ҳидлаб юриш учун Ватан тупроғидан олиб кетишар экан. Ўша тупроқ ватан ҳиссини уйғотиб, уни эсдан чиқармай турадиган омил бўлар экан.

Ҳадиси шарифларда бунга ўхшаш мисоллар кўплаб келтирилган. Уларнинг ҳаммаси бизни ана шу Ватан ҳиссини сезишга ундаши керак. Афсуски, бу ҳиссиёт инсонда кўпинча сезилмайди. Қачонки бир неъмат қўлдан кетса, заволга юз тутсагина унинг қадри билинганидек, кўпчиликнинг бошига мусофирчилик тушсагина Ватан ҳисси сезилади, шундагина Ватаннинг қадрига етиб қолинади.

Алҳамдулиллаҳ, истиқлол шарофати туфайли халқимиз озод бўлди, Ватан озод бўлди. Фарзандларимиз, юртимизнинг шавкатли ўғил-қизлари яна Ватаннинг шаънини, юртимизнинг байроғини баланд кўтармоқдалар, илм-фандами, спортдами, бошқа соҳалардами, халқаро миқёсда юртимизнинг довруғини бутун дунёга таратмоқдалар.

Юртимиздан чиққан бир олим илмий мусобақада ғолиб келганини, юртимиздан чиққан бир қори Қуръон мусобақасида соврин олганини, бир спортчимиз биринчи ўринни олганини эшитганда, ҳакамнинг оғзидан Ўзбекистон деган номни эшитганда, Ватан байроғи баланд кўтарилганда кўзимизга келган қувонч ёшлари, қалбимизга тўлган ифтихор туйғуси – Ватанга бўлган муҳаббат ҳиссидир.

Аммо билиб қўяйликки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга ана шундай озод, обод Ватан насиб этибдими, буни буюк бир неъмат ўлароқ қабул қилишимиз керак, унга шукр қилишимиз керак, унга содиқ бўлишимиз керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкига хиёнат қилмасликдир. Афсуски, баъзи кимсаларда шундай тушунча бор эканки, бир одамнинг мулкини ўғирлашни ўғрилик деб билар экан-у, аммо давлатнинг мулкини ўғирлашни ўғрилик деб ҳисобламас экан. Ваҳоланки, бир кишининг молини ноҳақ олган одам айбини тушунса, тавба қилса, бориб ўша молнинг эгасини, ўзи бўлмаса меросхўрларини топиб, молини қайтариб бериб, розилик сўраши мумкиндир, аммо халқ мулкини, Ватан мулкини ўғирлаган одам бориб 30 миллион аҳолининг ҳар биридан розилик сўрай олармикин? Бундай кимсалар Ватаннинг мол-мулкини, иқтисодиётини емирадиган ўзимиздан чиққан ички душманлардир. Аллоҳ таоло юртимизни жамики ёмонликлардан ўзи асрасин, ватан учун ҳақиқий мард ва жасур ўғлонларни тарбиялашимизда яратганни ўзи мададкор бўлсин!

Х.Матяқубов

Хонқа туман бош имоми хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *