АМАЛИНГ ҚАБУЛ БЎЛИШИДАН НОУМИД БЎЛМА

Ҳузур топмаган амалингнинг қабул бўлишидан ноумид бўлма. Гоҳида амал қабул қилинади-ю, самарасини тезда кўрмайсан.

Амалнинг турига қараб унинг самараси ҳам турлича бўлади. 

Намоз, рўза, ҳаж, Қуръони Карим қироати, зикр, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва тунларни ибодатда бедор ўтказиш каби ибодатларнинг самараси қалбнинг ҳозир ва ҳузурли бўлиши, хушуъ ва хузуъли бўлиши, лаззатланиш, ҳаловат топиш кабилардир.

Агар амал бошқа инсонлар билан бўладиган муомалалар, шаръий ҳукмларга риоя этиш ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш, одамларни яхшиликка чақириш каби ижтимоий ҳаётга оид ишлардан иборат бўлса, самараси мазкур ишлардан кўзланган мақсаднинг ҳосил бўлишидир.

Бошқача қилиб айтганда, амалнинг самараси ундан келиб чиқадиган диний ва дунёвий фойдалардан иборатдир. Мазкур фойдалар эса асосан уч турли бўлади.

1. Хавф ва маҳзунликнинг йўқолиши ҳақида башорат бўлиши.    

2. Қаноат ва розилик билан ўтадиган фароғатли ҳаёт.

Қай бир банда қаерда бўлса ҳам ўз амали самарасини топадиган бўлса, бу дунё ҳаётининг ўзидаёқ Аллоҳ таоло унга руҳий ҳузур-ҳаловат, маиший роҳат-фароғатни ато қилиб қўяди.

Тоат-ибодат ва солиҳ амалнинг мукофоти билан самарасининг фарқи бор. Мукофот ажрдан иборат бўлади ва охиратдагина берилади. Самара эса бу дунёда бўладиган яхшиликлардан иборатдир. Аммо ўша яхшиликлар билан бирга охиратда ҳам мазкур самара устига банданинг ажр ҳам олиши бор.

Бошқача қилиб айтилганда, Аллоҳ таолонинг амрини бажарган, айтганида юриб, қайтарганидан қайтган банда бу дунёда самарага, охиратда ажрга эришади. Яъни банданинг тоат-ибодати ва солиҳ амали фақатгина унинг ўзига ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда яхшилик, бахт-саодат келтиради. 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг бу ҳикматида амалнинг самараси ҳақидаги аввал ўтган маълумотларга янгилик қўшмоқда. Амалнинг самараси кўринмаса ҳам, унинг аломати билинмаса ҳам, унинг қабул бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. 

«Ҳузур топмаган амалингнинг қабул бўлишидан ноумид бўлма». 

Мисол учун, намоз ўқидинг, аммо ҳузур топмадинг. «Ушбу намозим қабул бўлмаган бўлса керак», демагин. Бундай қилишинг Аллоҳ таолога нисбатан одобсизлик бўлади, амалингга суянганлигинг аломати бўлади. Ўзингда бўлмаган ҳузурни зикр қилишинг Роббинг ҳақида ғийбат бўлади. Ибодат ва ирфон ила ҳозир бўла олмаганинг учун ҳеч бўлмаса У Зотнинг эҳсонидан умидвор бўлишда ҳозир бўл. Бир нарсанинг аломати мавжуд бўлиши, унинг ўзининг ҳам мавжудлигига далолат қилади. Аммо ўша нарсанинг аломати йўқ бўлиши унинг йўқлигига далолат қилмайди. Мисол учун, бир киши маишатга ҳаддан ташқари кўп сарф-харажат қилса, бу бойлигининг аломати бўлади. Аммо ўша кишининг сарф-харажатни кўп қилмаслиги унинг қамбағаллигининг аломати бўлмайди. 

Шунингдек, бир одам хушуъ-хузуъ билан намоз ўқиб, ҳузур қилди. Бу ҳолат унинг намозининг самараси ва ибодати қабул бўлганининг аломати бўлади. Аммо ўша киши намоз ўқиса-ю, хушуъ-хузуъ ила ҳузур қила олмаса, бу унинг намози қабул бўлмагани аломати бўлмайди.

Зикр ибодати ҳам, бошқа ибодатлар ҳам шунга ўхшайди. Бир киши қалби ҳозир бўлган ҳолида зикр қилиб, ҳузур топса, бу ўша ибодати қабул бўлганининг аломати бўлади. Аммо ўша одам зикр қилса-ю, қалби ҳозир бўлмай, турли нарсаларга сочилиб турса, ўзи қилган зикридан ҳузур топмаса, бу унинг зикри қабул бўлмаганининг аломати эмас.

Аллоҳ таоло банданинг амали қабул бўлишига унинг самараси бу дунёда рўёбга чиқишини шарт қилиб қўймаган.   

«Гоҳида амал қабул қилинади-ю, самарасини тезда кўрмайсан».

Шунингдек, самараси кўриниб турган амал Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлмай қолиши ҳам мумкин. Тўғри, одатда самараси кўринган аксарият амаллар қабул бўлади. Аммо одатлар Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ҳукмига таъсир ўтказа олмайди. Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ амалнинг самараси ундаги ҳузур эканини асос қилиб олмоқда. Нафснинг доимий одати бўйича ҳузурнинг йўқолиши аламга олиб келади. Бундай бўлиши уч нарсага бориб тақалади.

Биринчиси: амалнинг қабул бўлиши ёки рад қилинишида сабабларга суяниш. Бу эса очиқ иллатдир. Бунда соликнинг хаёлига адо этган тоат-ибодати ва яхши амалига ажр олиш ҳаққи борлиги даъвоси ўрнашиб қолади. Бу эса тоатнинг тижоратга айланиб қолишига, тожир сотган молининг баҳосини талаб қилганидек, солик ҳам қилган тоат-ибодатининг баҳосини талаб қиладиган бўлишига олиб боради. Бу эса жуда ҳам катта иллатдир. Аслида, ақийда бўйича банданинг жаннатга эришиши учун асосий омил унинг амали эмас, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг фазлидир.

Иккинчиси: нафснинг амалга бадал олиши ила камолотни ҳис қилиши. Бу ҳам айни иллат.

Учинчиси: ҳаловатга улфат бўлиб қолиш ҳамда лаззатдан жудо бўлгани учун алам чекиш иллатларнинг буюгидир.

Шунинг учун ҳам Воситий: «Тоатларнинг ҳаловатини исташ қатл қилувчи заҳарлардир», деган. 

Аслида банда амални ўзи учун адо этади. Унинг самараси эса амалнинг камоли бўлади.

Шунинг учун ҳам қилаётган амалида ҳузур топмагани учун, амалим қабул бўлмаётган бўлса керак, дея ноумид бўлмаслик керак. Бунинг ўрнига яна ҳам кўпроқ ихлос билан амал қилишга ўтиш лозим. Буни зикр тоати мисолида кўриб чиқишимиз мумкин.

Аллоҳ таолони тил билан зикр қилаётганларнинг кўплари зикр давомида хаёли қочаётганини, тилида қилинаётган зикр дилига кўчмаётганини сезадилар. Тилдаги зикр бир ёқда қолиб, дили бошқа ёққа кетаётганидан ҳайратга тушадилар. Сўнгра бундай зикрнинг фойдаси бўлармикан ёки зикрни тўхтатсаммикан, дея ўйлана бошлайдилар. Ана ўша ҳолатда нима қилиш кераклигини ва бунинг сабабини баён қилиб, Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўтган ҳикматларининг бирида қуйидагиларни айтган эди: 

«Зикрни унда Аллоҳ билан ҳозир бўлмаганинг учун тарк қилма! Чунки У Зотнинг зикри йўқлигидаги ғафлатинг Унинг зикри мавжудлигидаги ғафлатингдан шиддатлироқдир».

Яъни: агар тилинг билан зикр қилётганингда ғафлатда қолсанг, тилинг бошқа, дилинг бошқа бўлиб қолса ҳам, тилинг билан зикр қилишни тўхтатма, давом этавер. Чунки Аллоҳ таолони тил билан зикр қилган ҳолда ғафлатда бўлишинг У Зотни зикр қилмасдан ғафлатда бўлишингдан яхшироқдир. 

Бу ишнинг сабабларини шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича баён қилади:

1. Тил билан зикр қилишда нима бўлса ҳам, Аллоҳ таолога юзланиш бор. Зикр қилишни тўхтатишда эса Аллоҳ таолодан бирйўла узилиш бор.

2. Тил билан зикр қилишда жисмдаги аъзолардан бирини Аллоҳ таолонинг ибодати ила зийнатлаш бор. Тил билан зикр қилишни тўхтатиш эса мазкур ибодатдан маҳрум бўлишдир.

3. Тил билан зикр қилишда роббоний нафас бор. У эса ўз навбатида тил билан нутқ қилинаётган нарсанинг таъсирли бўлишига ва қалбнинг уйғонишига олиб бориши бор.

Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ҳикматнинг кейинги жумласида қуйидагиларни айтади:

«Шоядки У сени ғафлати бор зикрдан уйғоқлиги бор зикрга кўтарса». 

Аллоҳ таолони тил билан зикр қилишнинг ўзи ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ибодат ҳисобланади. Фақат ушбу ибодат тилнинг ўзигагина боғланиб қолган, холос. Аммо ушбу ибодатни тинмай давом эттираверилса, аста-секин бошқа аъзоларга ҳам ўтиб, охир-оқибат қалбгача етиб бориши умид қилинади.  

Тил билан бўладиган фаолиятларнинг барчасида ҳам ушбу ҳолатни мулоҳаза қилиш мумкин. Тилини ёлғон ва ғийбат билан ҳўл қилиб юрадиганларга диққат билан назар солинса, уларнинг тилида кўп такрорланган ёлғон ва ғийбат бутун вужудларига уриб кетганини мулоҳаза қилиб олиш қийин эмас.

Шунинг учун тилида доимо Аллоҳ таолони зикр қилиб, Қуръони Карим тиловатини  қилиб юрганларга ва бу савобли ишларда сабр билан бардавом бўлганларга Аллоҳ таолонинг Ўзи қалб уйғоқлигини ато қилиши ҳеч гап эмас.

Дилига кучи етмаган, тилигагина кучи етиб, сабр билан тинмай Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб юрган банда зикр ибодатини тил билан адо қилиш жараёнида Роббига узр айтгандек, «Роббим, тилимга кучим етди, у билан Сенинг зикрингни қилдим. Дилимга кучим етмаяпти, унга ҳам кучим етадиган бўлишига Ўзинг ёрдам бергин», дегандек бўлади.

Аста-секин бу иш ўз самарасини бера бошлайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи вақти-соати етганда тили билан зикр қилиб юрган банданинг дилини ҳам очиб қўяди. У банда энди қалби уйғоқ бандалар қоторига қўшилади.

Қалб уйғоқлигининг бу ердаги маъноси зикр далолат қилган маънога ва унинг тақозосига аҳамиятли бўлиш, қалбни ўша томонга бутунлай буриш ҳамда аввал ҳис қилмаган бўлса, энди ҳис қилишга ўтишдир. 

Қалби уйғонган банда тили билан Аллоҳ таолони зикр қилса, дили тили зикр қилган нарсанинг маъносига тўлиқ эътибор берадиган бўлади. Тили билан такрорлаётган нарсани доимо тўла-тўкис ҳис қилиб турадиган бўлади. Бу эса қалбнинг Аллоҳ таоло томон юзланишининг биринчи даражасидир. Ундан кейин эса иккинчи даражага навбат келади.

Бошқа барча амалларни ҳам шунга таққослашимиз мумкин. Шунинг учун қилинган амалнинг бу дунёга хос бўлган самараси кўринмаса, ноумид бўлмаслигимиз керак. Бунинг ўрнига ихлосни яна ҳам зиёда қилиш, амални кўпайтириш пайидан бўлмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳузур топмаган амалимизнинг қабул бўлишидан ноумид бўлмайдиган бандаларидан қилсин! Гоҳида самараси секин кўринадиган амалнинг қабул бўлишини англаб етадиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!

И.Отажонов

Ҳазорасп тумани “Султон Ҳубби” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *