ЭР-ХОТИН ЎРТАСИДАГИ МУШТАРАК ҲУҚУҚЛАР

Аллоҳ таоло инсониятни эркак ва аёлдан иборат қилиб яратган. Эркакка эркаклик, аёлга аёллик хусусиятларини берган, икковлари қўшилиб, бир оилада яшашларини ирода қилган. Шу билан бирга, У Зот Ўз шариати орқали оила ва унинг аъзоларининг мукаммал бахтининг кафолатини берувчи тизимни ҳам тақдим қилган. Бунда эркакка эркакликка мос, аёлга аёллика мос вазифалар юклатилган. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос оилавий мажбуриятлар юклатилиши билан бирга, ҳақ-ҳуқуқлар ҳам берилган. Биз баён қилмоқчи бўлган ҳақлар эрга ҳам, хотинга ҳам бир тарафдан ҳақ бўлса, иккинчи тарафдан мажбурият ҳисобланадиган нарсалардир. Икки тараф ҳам мазкур ҳақдан баҳраманд бўлиш билан бирга, худди ўша нарсани умр йўлдошининг ҳаққи сифатида адо этиши ҳам зарур.

— Эр-хотиннинг ўзаро яхшилик билан яшамоқлари лозим.

Оилада бирга яшар эканлар, эр-хотин бир-бирларига нисбатан фақат яхшиликни раво кўриб, қўлларидан келган барча мурувватларини қилиб яшашлари икковларининг орасидаги муштарак ҳақлардан биридир. Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа мухаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфат алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли, дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб р.а. хотинига мухаббати йўқ бўлиб қолганлиги учун талоқ қилмоқчи бўлган одамга: “Шўринг қурсин! Оилалар мухаббат учун қурилмаганми, ахир? ! Риоя қани? ! Масъулият қани?!”- деганлар. Расулулоҳ с.а.в.: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига энг яхшингиздирман”, -деганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари аёлларига нисбатан гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсандликда уларни эркалаган, лутф кўрсатган, нафақаларини кўпайтирган ҳолда хаёт кечирганлар. У Зот с.а.в. ўз ўрнида аёллари билан ҳазиллашар ҳам эдилар, ҳаттоки Оиша онамизнинг кўнгиллари учун, у киши билан югуришда мусобақа ҳам қилганлар.

-Эр-хотинлик ҳаёти ҳалол бўлиши, ҳар икки тараф бир-биридан лаззат ва ором топиши.

Эр ўз аёлидан қанчалик жинсий ва ҳиссий лаззатланиш ҳаққига эга бўлса, аёл ҳам худди шундай ҳаққа эга. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: Набий с.а.в.: “Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, фаришталар тонг отгунча уни лаънатлаб чиқурлар”,-дедилар. Зотан оила қуриб, эр-хотин бўлиб яшашнинг асосий имтиёзларидан бири ҳам шу. Эрдир, аёлдир хоҳлаган вақтида ўзининг жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имконига эгадир.

Умар ибн Хаттоб р.а. халифалик даврларида, кечаси бировга билдирмасдан, шаҳарни айланиб, одамларнинг холидан хабар олиб юрар эдилар. Кунлардан бир кун бир ховлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтаётганини эшитиб қоладилар. Суриштирсалар, у аёлнинг эри ҳарбий истеҳкомга кетган экан. Ҳазрати Умар одам юбориб, Ҳафса онамиздан: “аёл киши эрсиз қанча сабр қила олади?” деб сўратибдилар. У киши: “Турт ой”,-деб жавоб берибдилар. Шундан кейин ҳазрати Умар аскарликда ҳеч кимни тўрт ойдан кўп ушлаб турмасликка фармон берган эканлар. Ҳозирги пайтда айрим кишиларнинг ишлаб пул топиш мақсадида, чет давлатларда, оиласини ташлаб ойлаб, ҳаттоки йиллаб юришлари оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Оилавий ҳаётнинг ўзига яраша муқддаслиги, ҳурмати ва иззати бор. Албатта, эр-хотинлар, ўзларига яраша, биров билиши мумкин бўлмаган сирларга соҳиб бўдадилар. Энди мазкур сирларни бошқаларга фош қилмаслик ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг ўз жуфти ҳалолидаги ҳаққидир ҳамда эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан мажбуриятларидир.

-Ота-оналарга яхшилик ва қариндошларга силаи раҳм қилиш.

Муқаддас ҳисобланган никоҳ робитаси шарофатидан эр-хотиннинг ҳар бирининг ота-онаси ва қариндошлари иккинчисига ҳам ота-она ва қариндошларга айланади. Шу боис қайнота ва қайнонага яхшилик қилиш эр учун ҳам, хотин учун ҳам худди ўз ота-онасига яхшилик қилишдек бурчга айланади. Хотинларнинг қариндошларига силаи раҳм қилиш эрга қанчалик лозим бўлса, эрнинг қариндошларига силаи раҳм қлиш ҳам хотинга шунчалик лозим бўлади.

Ушбу санаб ўтганларимиз оилада эр-хотинларнинг бирдек амал қилишлари лозим бўлган ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларидир. Ҳар бир эр-хотин ушбу кўрсатмаларга амал қиладиган бўлишса оилалари тинч, ҳаётлари осуда, хотиржамликда, бир-бирларига бўлган меҳр-мухаббатлари зиёда бўлади. Демак оилаларимиз мустаҳкам экан, жамиятимиз тараққиёти ҳар бир сохада ривожланишда давом этади.

М. Қурбанбаев

Гурлан тумани “Шайх Жалоладдин Гургоний бобо масжиди имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *