АГАР УСТОЗ РОЗИ-ТАНГРИ РОЗИДУР

Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» оятидир, демак, Ислом дини–энг аввало маърифат динидир. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия», «маориф»деган маъноларни англатади. Ислом динининг асосий ва муқаддас китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Муслим ва имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифларида қуйидагиларни айтадилар:
«Ким талаби илм йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осонлаштирур. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда жамъ бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, албатта, уларнинг устиларидан сакинат нозил бўлур, уларни раҳмат қамраб олур, уларни малоикалар қуршаб олур ва уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур».
Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Устознинг мавқеи шунчалик улуғ даражага кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз устоз деб тушунишимиз лозим! Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» дейди. Шу ўринда устоз ва муаллим деб кимга айтилишини билиб олишимиз фойдадан холи бўлмайди. Устоз ва муаллим деганда фақатгина махсус синф ёки аудитория ичида, ёзув тахтаси олдида туриб дарс берган одам, ёки бутун халққа машҳур бўлган ва ҳамма ҳурмат қиладиган олимгина тушунилмайди. Агар устозингиз шундай мақомда бўлмаса уни эъзозлаб ҳурмат қилишда камчиликка йўл қўйишингиз асло оқланмайди. Балки, бирор соҳада билим берган, бирор китобни ўқишингизда ёрдам берган, қайсидир тилни ўргатишда фойдаси теккан ёхуд ўзининг маслаҳатлари билан илмингиз ошишига ҳисса қўшган ҳарқандай одам сиз учун устоз мақомида бўлади ва зиммангизда динимиз томонидан бериб қўйилган унинг барча ҳақ-ҳуқуқлари қарор топади.
“Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Танг
ри розидур”, дейди Алишер Навоий ҳазратлари. Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадрият
ларимиздан ҳисобланиб, бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Ота ўз ўғлини устозга шогирдликка бераркан, “эти сизники, суяги бизники”, дея лутф қилган. Бу билан устозга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдирган. Устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор иқтидору ҳунарини унга юқтиришга интилган. Оилавий муҳитда етарли талабчанлик кўрмаган болани қатъий тартиб-қоидага кўниктирган.
Ўтган улуғларимиз, солиҳ салафларимиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканлигини яхши ҳис этганлар. Ва шунга кўра муомала қилганлар. Чаҳориёрлардан Али разияллоҳу анҳу: «Мен ўзимга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Истаса, сотиб юборсин, истаса, қул қилиб олсин!», деган эканлар. Бурҳонул-Ислом Зарнужий (раҳимаҳуллоҳ): «Дин ишига оид бўлган нарсалардан сенга бир ҳарф ўргатган киши сенинг диндаги отанг бўлади», дейдилар. Шунинг учун улуғ халқимизда «устоз отангдан улуғ!» деган ҳикматли сўз бор.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади: “Агар комил устоз ким деб сўрасалар, у пок мазҳабли, ўз айбини кўрадиган, доно ва тамизли кишидир, деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар ҳам бўлмаслиги керак. Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгин. Иродат нима деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир. Агар шогирд учун нима яхши деб айтсалар, пок эътиқод, деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродга етказади…”
Кейин шогирдлик одоби ҳақида гап кетади. Улар саккизта, дейди муаллиф. «Устозга биринчи бўлиб салом бериш, устоз олдида оз гапириш, бошни эгиб туриш, кўзни ҳар томонга югуртирмаслик, масала сўрамоқчи бўлса, олдин ижозат олиш, устоз жавобига эътироз билдирмаслик, устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик, ўтириш-туришда ҳурматни тўла сақлаш».
Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига  айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари  беқиёс экани бизга улкан  ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Д.Абдуқодиров
Имом Фахриддин ар Розий ИУМБЮ мудири

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *