ЛИБОС — ИЧКИ ДУНЁ КЎЗГУСИ

Мусулмон эркак бўлсин аёл бўлсин,  кийим Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири эканини доимо эсга олиб, бу неъматларга шукр қилмоғи лозим. Шунингдек мусулмон эркак ҳам аёл ҳам кийинишда ҳамиша ҳаёли бўлиши, иффатини асраши гўзал исломий одоблардан саналиб, шунга  амал қилиши  ҳар бир мусулмондан талаб этилади.

Исломда аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб этилсада, бунда махсус рангдаги кийим кийиш шарт этиб белгиланмаган яъни шариатимизга кўра аёллар либосининг қайси рангда бўлиши шарт қилинмаган.

Лекин айни дамда баъзи аёлларнинг қора кийим кийиши арабларнинг иқлимий ва маданий-тарихий омиллари билан боғлиқ бўлиб, бунга диний тус бериш тўғри эмас.

Ислом тарихида баъзи саҳобия аёлларнинг қора рангли ёпинчиққа ўранганларининг асосий сабаби ўзларига номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб этмаслик бўлган. Лекин бундан бошқа муслима аёлларнинг ҳам кийимлари айнан қора рангда бўлиши шарт экани келиб чиқмайди. Шариатда талаб этилгани – аёлларнинг либоси аврат аъзоларини тўлиқ ёпиши кераклигидир.

Аёлларнинг қора кийим кийишларига диний тус бериш нотўғри эканини ҳозирги замон уламолари ҳам таъкидлаб ўтишган. Жумладан: Саудия Арабистонига қарашли “Илмий тадқиқотлар ва фатво бериш доимий қўмитаси” томонидан эълон қилинган “Аёл кишининг рўмоли ва либосининг ранги ҳақида”ги фатвосида шундай дейилган:
“Муслима аёл кишининг либоси қора рангга хосланган эмас. У истаган рангдаги либосни кийиши мумкин. Бунда кийим аврат аъзоларини тўсадиган бўлиши, эркакларнинг либосига ўхшамаслиги, тор бўлиб, аёлнинг аъзоларини билдириб турмаслиги, юпқа бўлиб, ортидаги нарсани кўрсатадиган бўлмаслиги ҳамда фитнага сабаб бўлмайдиган либос бўлиши шарт қилинган”.

Ҳанафий мазҳабимизга кўра аёлларнинг икки қўли, кафти ва юзидан бошқа аъзолари аврат ҳисобланади. Лекин Қуръони каримда ҳам, суннати набавияда ҳам аёллар қора рангли либосда бўлиши ҳақида кўрсатма йўқ.

Ривоятларда Расули  Акрам алайҳиссаломнинг аёллари, қизлари ва бошқа саҳобия аёллар ипак, пахта, канопдан тўқилган қизил, кўк, оқ ва сариқ рангли матолардан кўйлак кийишгани нақл қилинган. Машҳур тобеинлардан Иброҳим Нахаий ва Алқама ибн Асвадлар Набий алайҳиссаломнинг аёлларини қизил ёпинчиқда кўрганларини айтишган (Ибн Аби Шайба ривояти).

Шунингдек, аёл киши кийган кийимнинг ўзи ҳам зийнат бўлмаслиги шарт. Яъни, номаҳрам эркак кишиларнинг эътиборини ўзига жалб қиладиган ялтироқ ва яшнаб турувчи рангларда бўлмаслиги талаб этилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аёллар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар!” дея буюрган (Нур сураси, 31-оят).
Ушбу оятдан уламолар аёл кишининг либосининг ўзи зеб-зийнат билан бурканган, одамларни ўзига жалб қиладиган бўлмаслиги кераклиги келиб чиқишини таъкидлашган.
Чунки бошқа кўплаб Яна бир тобеин Ибн Аби Мулайка: “Умму Салама разияллоҳу анҳонинг устида сариққа бўялган рўмол ва кўйлакни кўрдим”, деган (Ибн Аби Шайба ривояти).
Шунингдек, Қосим ибн Муҳаммад Оиша онамизни эҳромдалик пайтларида сариқ рангли кўйлак кийганларини айтган. Саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу эса: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумнинг устига йўл-йўл чизиқли ипак тўн ёпиб қўйилганини кўрганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти)
Расули Акрам алайҳиссаломнинг суюкли қизлари Умму Кулсум разияллоҳу анҳо йўл-йўл чизиқли кийим кийганлари, ана шундай ранг ва шаклдаги либос кийиш аёлларга жоиз эканига далолат қилади. Ушбу маълумотлардан маълум бўлмоқдаки, динимизда аёлларнинг либоси ёки рўмоли муайян бир рангда ёки шаклда бўлиши қатъий белгиланмаган. Балки Ислом динига мансуб ҳар бир халқнинг ўз миллатига, замонасига хос кийими бор. Шу боисдан табиийки, ўзбек миллатига мансуб мусулмон аёлларининг миллий кийими ҳам ўзгача. Аёл киши юзи ва икки қўлининг кафтларидан бошқа аъзоларини беркитадиган ҳолда сидирға ёки гулли матодан кўйлак кийиб ва рўмол ўраб юрса жоиздир. Куйлак ва рўмолни қайси кўринишида ёки рангда бўлишнинг аҳамияти йўқ. Кузатишлардан яна бир жиҳатни англаш мумкинки, айни кунларда аёл-қизлар орасида қора рангдаги либос кийишдан мақсад авратни тўсиш эмас, балки модага айланиб бормоқда, албатта чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ  шундай қилиб яратган. Лекин урфимизда одат бўлмаган бошдан-оёқ тим қора либос қийиш жамиятда кўпчиликни ўзига жалб этиши билан авратдан ёпишдан бош мақсад бўлган ўзгаларни жалб этмаслик талабига зид ҳолатдир. Шунингдек аёллар эркаклар кийимини кийиши ва уларга ўхшашга ҳаракат қилиши ҳам  дуруст эмас. Мана шу жиҳатни ҳам доимо ёдда сақлаш керак.

Э.Атажонов

Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *