ИСЛОМДА ОИЛАГА МУНОСАБАТ

Аллоҳ таоло инсоният наслининг никоҳ йўли билан давом этишини ирода қилиб, Ўзининг сўнгги ва мукаммал динида бунга оид барча ҳукмларни баён этган. Шунинг учун динимизда ушбу муқаддас робита – никоҳ туфайли вужудга келадиган оилага катта эътибор берилади. Ҳа, жамият хайр-барака ила ривож топиб бориши учун унда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ҳукм суриши, муайян бир раҳбар бўлиши лозим. Ислом таълимотига кўра оила жамиятнинг асосидир. Шундай экан оиланинг ҳам раҳбари бўлиши керак. Ана шу раҳбарлик эркакга берилган. Чунки  Аллоҳ таоло эркакни аёлдан устун, афзал қилиб яратганидир. Дарҳақиқат, эркак киши жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, иродасининг мустаҳкамлиги, руҳий-нафсоний ва бошқа жиҳатларга кўра оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган.

Иккинчи сабаб оила қуриш ва бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасида эканидир. Бундай рахбарлик улкан масъулиятдир. Ушбу масъулият эркак кишининг зиммасига оилага, жумладан, аёлга раҳбарлик, ҳомийлик қилиш, устоз бўлиш, унинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш ва муҳофаза қилиш вазифаларини юклайди.

Агар эркак киши раҳбарликка сабаб бўлган шартларга жавоб бера олмаса, раҳбарлик уларнинг қўлидан кетади. Масалан, оиланинг нафақаси, таъминоти эркакнинг зиммасида эди, лекин эркак ҳеч бир сабабсиз уйда ўтириб, ўрнига аёлини ишлашга мажбур қилса, бечора хотин оиламни боқаман деб, бола-чақамни едириб-ичираман, эримга қарайман деб бозорма-бозор, юртма-юрт сарсон-саргардон кезса, табиийки, бундай оиладаги раҳбарлик ўз-ўзидан ўша аёлнинг қўлига ўтиб қолади. Чунки молиявий бошқарув кимнинг қўлида бўлса, ҳал қилувчи қарор эгаси ҳам ўша бўлади. Бундай ҳолат аввало эркакни оила раҳбарлигига мос қилиб яратган Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш бўлиб, жамият низомининг бузилишига ҳам олиб келади.

Бугунги кунда ёш оилаларда жуда кўп учраётган келишмовчиликлар, зиддиятларнинг бош сабаби – ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда йўл қўйилаётган хатолардир.

Ўғил болаларга “Сен келгусида оила бошлиғи бўласан, раҳбар бўласан, шунинг учун илм олгин, ҳунар ўргангин, ҳалол ризқ топиб, турмуш ўртоғингни, бола-чақангни боқишга тайёрлангин» деб тарбия бера оляпмизми? “Сенинг бир оғиз сўзинг билан номаҳрам қиз сенга ҳалол бўлади. Лекин яна бир оғиз сўзинг билан у сенга бегона бўлиб қолади. Тилингга эҳтиёт бўл, ҳаёт синовларига сабрли бўл, етти ўлчаб бир кес, турмуш ўртоғингни бойлиги, насаби, ҳуснига эмас, диёнатига қараб танла” деб панд-насиҳат қиляпмизми?

Қизларимизга “Сен келгусида уй бекаси бўласан, она бўласан, фарзанд тарбиялайсан, шунинг учун иффатли бўлгин, яхши ўқигин, рўзғор илмини ўргангин, хушмуомала бўлгин, итоатли бўлгин, бир умр янги оилада яшашга тайёрлангин” деб тарбия бера оляпмизми? “Бир оғиз ширин сўзинг билан бузилай деб турган оила сақланиб қолади, бир оғиз ўйламай айтган гапинг билан қариндош-уруғнинг орасига совуқчилик тушиб қолади” деб огоҳлантиряпмизми?

Демак, фарзанд тарбиясида, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида ҳали камчиликларимиз анчагина экан. Бу камчиликларни бартараф этишнинг энг самарали усули юқорида айтиб ўтилган илоҳий ҳикматларни ёшлигидан қулоғига қуйиб, уларга миллий ғурур, ҳаё, ибо, ғайрат-шижоат туйғуларини сингдиришдир.

Аллоҳ таоло оилаларимизни чинакам бахтиёр оилалардан қилсин, келин-куёвларимизнинг қалбига ўзаро меҳр-муҳаббат ато айласин, ҳар бир оилани мустаҳкам ришталар билан боғлаб, икки дунё саодатига эриштирсин.

 

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *