Олимлар фазли

Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида илмнинг ва олимларнинг фазилати, даражаси, поғонаси ва ҳар икки дунёда ҳурматга лойиқ бўлишлари ҳақида айтиб ўтган.

Дарҳақиқат, илм нур, фазилат, қалб роҳати, кўз қувончидир. Ҳаётда ҳеч бир нарсани илмсиз эгаллаб бўлмайди. Ким бўлмасин, илмга муҳтож. Илм аҳли ҳам бу дунёда ва ҳам охиратга юксак эҳтиромга лойиқдир.

Ҳадисларда келтирилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида биттаси обид, иккинчиси олим бўлган икки киши зикр қилинганида, у зот: «Олимнинг (илмсиз) ибодатгўйдан устунлиги менинг сиздан энг қуйи даражада бўлганингиздан устунлигимдек», деганлар.

У зот бу гаплари билан олимларнинг обидлардан бир неча поғона юксак эканликларини билдириб ўтганлар.

Бошқа бир ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Албатта, Аллоҳ, унинг фаришталари, осмонлару ердагилар, ҳаттоки уясидаги чумоли ҳам одамларга яҳшиликни ўргатувчи кишига саловот айтадилар».

Бу олимларга берилган Аллоҳнинг инояти. Қаранг, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ердаги жонзотлар, ҳаттоки уясидаги чумоли ва денгиз тубидаги балиқлар ҳам одамларга яҳшиликни ўргатувчи кишига саловот айтиб туришар экан. Илм аҳлининг оёқлари тагига фаришталар қанотини ёзиши ҳақида ҳам ҳадиси шариф мавжуд.

Яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Битта фақиҳ шайтон учун мингта илмсиз обиддан кучлироқдир», деганлар.

Олим обиддан устундир. Чунки олимнинг фойдаси ўзига ва бошқаларга тегади, обиднинг фойдаси эса фақат ўзига тегади. Олим жамиятни ислоҳ этади, одамлар ўртасида мурувватни таратади, оқибатни шакллантиради, инсонларга яхшиликни ўргатади.

Ривоят қилинишича, Искандар Зулқарнайнга: «Нима учун устозингизни отангиздан кўпроқ бошингизда кўтарасиз?» дейилганида, у: «Қандаям яхши саваол бўлди бу. Отам мени осмондан ерга туширди. Устозим эса мени ердан осмонга кўтармоқда», деб жавоб берган экан.

Устознинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан шунчалар устун бўлса, бошқаларнинг ҳақларидан қанчалик устун бўлади?

Банда эришадиган юқори мартабаларнинг энг устуни ва у қўлга киритадиган юксак мақтовли сифатларнинг энг улуғи, албатта, илмдир. Илмли банда ҳаётда ўз йўлини топиб кетади, бировларнинг алдовига учмайди, фитналарга алданиб қолмайди.

Шундай экан, ҳар биримиз бу ҳаёти дунёни омонат билиб, илмимизни кўпайтирайлик. Аждодларимизнинг йўлидан юриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари бўлмиш олимларни ҳурмат қилиб, уларга тош отмай, итоатсизлик қилмай, ҳурматларини жойига қўййиб яшаш пайида бўлайлик.

М.Махмудов

Тупроққалъа тумани “Ҳазрати Химмат бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *