Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Алҳамдулиллаҳ вас-Солату вас-Саламу ола Росулиллаҳ, амма баъд: Ас-Саламу алайкум ва Роҳматуллоҳи ва Барокатуҳ!Ҳар бир мусулмонман деган банда бор эканки, жаннатни орзу қилади, Буюк Роббимиз Аллоҳ Ҳақ Субҳанаҳу ва Таъолонинг дийдорини орзу қилади. Жаннатга Аллоҳ Таъолонинг раҳмати ва фазли билангина кирилади. Аллоҳ Таъолонинг бандаларга берган энг буюк неъмати ва раҳмати бу-иймондир. Иймонли нафсгина жаннатга киради. Қалбида заррача бўлсада имони бор банда, албатта, жаннатга киради. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу “Пайғамбаримиз соллаллоҳа алайҳи ва салламнинг:“Ўзларингиз ва сизлардан кейин келувчи кишилар учун хушхабар шуки, кимки сидқидилдан “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтса, албатта жаннатга киради”-деганларини ривоят қилганлар. Бу ҳадисни уламоларимиз: “Мўмин банда қалбида Аллоҳ Таъолога иймони бўлса, у қачон бўлсада, албатта жаннатга киради”-яъни, агар қандайдир гуноҳ қилган бўлса ва гуноҳи сабабли дўзахга тушиб қолган бўлса, у ўша гуноҳига яраша азобланиб бўлгач уни Аллоҳ Таъоло иймони сабабли жаннатга киритади, дўзахда абадий қолиб кетмайди”-дея, изоҳлайдилар. Хулласи калом, жаннатга киришни истаган мусулмонларга Росулимиз алайҳис-салом шундай гўзал тавсияни ўргатганлар: Абу Ҳурайро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:“ Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча иймон келтирмайсиз. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангиз, ўзаро муҳаббатли бўласиз: ораларингизда саломни ёйинглар!”(Имом муслим ривояти) Демакки, “Жаннат” аталмиш Аллоҳ Таъолонинг мўмин бандалари учун тайёрлаб қўйган абадий роҳат диёрига фақат ва фақат иймонли бандаларгина кирар экан. Ушбу ҳадис матнида “Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсиз.” деб, бу диёрга кириш учун иймон шарт қилинди. Қалбида иймони йўқ одам жаннатга кира олмайди. Ва ҳадиси шариф давомида банда комил иймонга эга бўлиши учун ҳам гўзал тавсия келтирилди: “Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча иймон келтирмайсиз.”— яъни, мусулмонман деган хар бир банда ўзга мусулмонларни ҳам яхши кўриши лозимлиги тавсия қилинди. Мусулмон бошқалар тўғрисида гина, адоват ва бошқа ғаразли фикрларни қалбидан чиқариб ташлаши, балки, унинг ўрнига муҳаббатли бўлиши кераклиги уқтирилмоқда. Ўзаро муҳаббат мусулмонлар орасида бўлиши шарт бўлган иймон аҳлининг ҳақиқий сифатлариданлиги таъкидланди. Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор. Мусулмонлар ўзаро муҳаббатли бўлмагунча иймон келтирмайди-деб гўёки, муҳаббатли бўлишни иймоннинг вожиб шарти дейилса, гоҳида кимдандир бу масала ҳақида: “Албатта, яхши кўришлик, ёмон кўришлик, рози бўлишлик ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда ҳаё ва у каби нарсаларга инсон ўзидан ўзи эга бўлиб қолмайди, балки бу сифатлар унинг ихтиёри ва ҳоҳишисиз қалбида пайдо бўладику! Бас. Шундай экан, бунинг устига Аллоҳ Таъоло бандаларини тоқатидан ташқари ишларга буюрмаган. Шариати исломда эътироф қилинган нарса шуки, Албатта, Аллоҳ Таъоло ҳеч кимни тоқати етмайдиган нарсага буюрмайди. Қандай қилиб биз бандалар бу талабга таклиф қилинамиз, яъни, мўминлар ўзаро бир-бирларини яхши кўришлигини гўё шарт қилинаётгандек. Инсон гоҳида бир кишини яхши кўришни истайди аммо бунга эриша олмайди ва гоҳида эса бир кишини яхши кўради-ю аммо бу муҳаббатни кеткизмоқчи бўлса бунга ҳам эриша олмайдику!”-деган маънодаги фикрларни айтиши табий. Бас, шунинг учун унинг ечимини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари баён қилиб берганлар. Баъзи муносабатларда агар Шориъ (Аллоҳ Таъоло) мукаллафларни (бандаларини) тоқати ва қудрати етмайдиган ишга буюрса, улар унинг сабаби ва асарига юзланишлари лозимлигини ўргатиб келганлар.Бу масалада ҳам худди шу йўлни тутдилар ва “Сизларга бир нарсани ўргатайми?”— дея масаланинг ечими борлиги ва унга эришиш мумкинлигига сабаб бўладиган ишга ишора қилиб уни қилишликни тавсия ҳам қилмоқдалар: “Агар уни қилсангиз, ўзаро муҳаббатли бўласиз:”-деб натижаси аниқ фойда беришини ҳам зикр қилинмоқда. Табийки, эшитувчи хар бир банда унга рағбати ошади. Ўзаро муҳаббатли бўлиш иложи борлигига хурсанд бўлиб бутун вужуди ила Росулуллоҳга юзланади. Росулуллоҳ эса: “ …: ораларингизда саломни ёйинглар!”дея доимгидай ўзининг гўзал тавсиясини бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматини масаланинг сабабига юзлантирдилар. Албатта, киши таниган ва танимаган одамларга салом беришлиги уларнинг қалбида унга нисбатан мойиллик ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади. Одамлар уни яхши кўриб қолади ва унга озор беришликка ботина олмайди. Агар ҳеч ким ҳеч кимга салом бермаса одамлар бир-бирларига озор беришлиги ва ёмон гумон қилиб, адоват илдизи кенг тарқалиб кетишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқлиги очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқатдир. Ас-Салому алайкум — дегани барчамизга аён бўлган маъно, яъни, “Биродар сизга Аллоҳ Таъолонинг тинчлиги ва омонлиги бўлсин! Ҳамиша соғ-саломат ва хотиржам ҳамда тинч-осуда ҳаёт кечириш насиб қилсин!” – каби энг эзгу тилаклар ва дуолар мужассам. Ва Роҳматуллоҳи — калимасини қўшиб айтилса, Аллоҳ Таъолонинг раҳмати бўлсин, дегани, Ва Барокатуҳ- калимасини қўшиб айтилса, Аллоҳ Таъолонинг барокотлари сизга ёғилсин!, дегани бўлади. Ва мусулмон бундай салом беришлиги билан 30 та савобга эга бўлади. Ҳар бир тилакка ўн савоб, Саломга ўн савоб, раҳматга ўн савоб, барокат тилаганлиги учун ўн савоб берилишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзининг муборак ҳадиси шарифларида баён қилганлар. Бу савобларни ва баракотларин териб олайлик!
Азиз биродарлар! Саломни кенг ёйинг, таниган танимаган барча одамларга салом бераверинг! Салом берганларга эса гўзал тарзда, унданда чиройлироқ алик олингки, салом берувчи янада тўлқинланиб, қилган ишидан хурсанд бўлсин. Бу уммат бирдамлигига барчамиз қўлимиздан келадиган, энг осон ва енгил амал бўлмиш салом-алик муомаласини кенг тарқатайлик, ўзларимиз келажак ёш авлодга гўзал намуна бўлайлик! Аллоҳ Таъоло бутун халқимизни бир-бирларимизга янада меҳр-муҳаббатимизни зиёда бўлишини насибу-рўзи айласин!
А.Бобожонов
Гурлан тумани “Усмон Саид бобо” масжиди имом-хатиби