Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилиб, сизу бизни хавфу хатарлардан, офат-балолардан омонда сақлаб келмоқда.

Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

Мамлакатимиз мутақиллигининг 31 йиллигини нишонлаш арафасида, ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоачилик, бутун халқимизнинг онги шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида биз бандаларга шундай марҳамат қилади:

«Роббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати хақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда Ўзининг суюкли Пайғамбарига берган неъматларини эслатиб, уларни одамларга айтиб, сўзлаб бериш билан бир қаторда бу неъматларнинг Эгасига ҳамду сано, шукрона айтишни ўргатмоқда. Шундай экан, берилаётган неъматларга шукр қилмасак, қадрига етмасак, Аллоҳ асрасин, ношукрлардан бўлиб қоламиз. Бугунги кунда бизга берилган кўплаб неъматларнинг сабабчиси, уларнинг негизи, уларнинг энг улуғларидан бири истиқлол неъматидир.

Нима учун истиқлол неъмати бошқа кўп неъматларга сабаб ўлароқ эътироф қилинмоқда? Бунинг сабаби шуки, юртимизда рўй бераётган барча ижобий ўзгаришлар, жаҳолатдан маърифат сари юзланган эврилишларнинг бошланғич нуқтаси айнан мана шу мустақиллик, ҳуррият неъмати ато этилган кундир.

Ҳар бир инсон ота-бобоси, аждодлари эришган улкан ютуқлар билан фахрланади, уларнинг хоки ётган она тупроғини кўзига тўтиё қилади. Ҳар бир халқ уни дунёга танитган машҳур ўғлонлари билан фахрланади, ҳар бир давлат унга асос солган буюк сиймолар хотирасини ёдда сақлайди. Шундай экан, ўзбек халқи ҳам, Ўзбекистон давлати ҳам бутун дунёга донғи кетган буюк ватандошларимизни, салаф солиҳларимизни, халқимизнинг мард ўғлонларини қадрлайди, уларнинг порлоқ хотирасини сақлашни ёш авлодга васият қилиб қолдиради. Ўзбек халқининг буюк фарзандларини, тарихда ўчмас из қолдирган, бугунги инсоният тамаддунига, илм-фанга, дину диёнатга улкан ҳисса қўшган улуғ зотларни санаймиз десак, қувваи ҳофизамиз ожизлик қилади. Аллоҳ таоло бу борада халқимизни ниҳоятда сийлаб, кўкларга кўтарган. Минглаб буюк зотларни етиштирган муборак заминдир.

Қўйингки, инсон ҳаётининг қайси бир жабҳасини олиб қарамайлик, ўша соҳада халқимизнинг вакиллари муносиб ўрин тутган, исми инсоният тарихининг зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган бўлади.

Асрий қадриятларимиз шу тариқа тикланиб, ривожланиб бормоқда. Маданиятимиз, динимиз ўзининг табиий- тарихий, миллий, диний ва фалсафий асосларига қайтмоқда. Айниқса, аждодларимизнинг улкан маънавий меросини ўрганиш, асарларини оммалаштириш, она тилимиз ва динимизнинг ривожи учун барча шарт-шароитлар яратилгани ўзбек халқи учун, барча мўмин-мусулмонлар учун, миллатнинг келажак тараққиёти учун қудратли омил бўлди.

Шундай экан, биз бу улуғ неъматнинг шукрини адо қилишимиз, уни авайлаб-асрашимиз, биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хиссамизни қўшишимиз лозим. Шундагина барчаларимиз Аллоҳ ато этган истиқлол неъматига чинакам шукр қилгувчи шокир бандалардан бўламиз, Роббимизнинг розилигини топиб, динига мадад бериб, унга амал қилгувчилардан бўламиз.

Мана шундай саодатли кунда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган мустақиллик байрамининг 31 йиллиги билан самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик, ҳамжиҳатликда ўтказишликни ва мустақиллигимиз абадий бўлишини сўраймиз.

 

У.Умаров

Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *