Исроф қилишлик гуноҳи кабира

Тўй-маросимларни ислоҳ қилиш учун ҳукумат қарорлари, фатволар эълон қилинган. Мақолалар ёзилиб, мажлислар ўтказилган.  Маъруза ва кўрсатувлар тайёрланиб, оммага узатилган.  Аммо ҳали ҳамон тўйлардаги исрофгарчилик, кимўзар, ҳашамат тўхтагани йўқ. “Эл дастурхонидан едик, энди биз ҳам қайтаришимиз керак”,  “Одамлар нима дейди?”,  “Орзу ҳавасларимиз бор”,  “Боламнинг кўнгли ўксимасин” каби гаплар билан ўзимизни оқлашга харакат қиламиз.  Ҳолбуки, булар баҳона, халос.

   Афсуски, миллионлаб пуллар сарфланиб, минглаб одамларни чақириб ўтказган тўйларимиз фойдадан кўра кўпроқ зарар бермоқда.  Тўйдан кейинги можаролар, қудалар орасидаги келишмовчилик, ҳомиланинг тушиши, бефарзандлик, турли касалликлар, оилаларнинг бузулишига эҳтимол тўйлардаги исрофгарчилигу дабдабабозликлар сабаб бўлаётгандир?  Чунки биз Аллоҳ берган неъматларни ҳавога совираётган бир пайтда, қайсидир юртларда одамлар очликдан нобуд бўлишмоқда.  Энг ачинарлиси, орамизда ҳам оғир дадга чалиниб, даволанишга маблағ тополмай юрганлар, ўғлини уйлантиришга, қизини чиваришга қурби етмай турган юртдошларимиз топилади.  Тўйни соддагина қилиб, қолган пулимизга ижтимоий кўмакка мухтожланинг хожатини чиқарсак, нур устига нур бўларди.  Зеро, инсонга бахт ўзгаларга қилган яхшиликлари эвазига берилади.

   Мен тўйларимизга қарши чиқмоқчи эмасман.  Фақат тўй, маърака-маросимларимизни камхарж қилиб ўтказиш тарафдориман.  Зеро, тўйга қанча кам одам келса, шунча чиқим кам бўлади.  Қариндошларнинг ҳам ҳаммаси келиши шарт эмас, энг яқинлари айтилса кифоя.

   Аслида никох тўйи икки бегона инсоннинг бир-бирлари билан унаштирилганини одамларга билдириб қўйишдан иборат. Содда қилиб айтганда, никох  “фалончининг ўғли фалончининг қизи билан юрибди”, деган гаплар тарқалмаслиги учун эълон қилинади.  Никох учун икки нафар гувоҳ ҳам етиб ортади.  Никоҳни эълон қилиш саноқли кишиларга билдириб қўйиш билан ҳам хосил бўлаверади.  Шунинг учун тўйни данғиллама қиламан деб, ортга суришдан наф йўқ.  Чунки бу ҳол ёшларимиз ҳақида турли гап-сўзлар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

   Пайғамбаримиз алайҳиссалом Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида, бир қўй сўйиб, тўй қилганлар.  Уйланмоқчи бўлган сахобаларга ҳам шундай тавсия қилар эдилар.

   Биз ҳам бу борада бир ёқадан бош чиқарадиган бўлсак, ҳаммаси изга тушади.  Агар кимдир озчиликни чақириб, кам харажат билан тўй қилса, тўйга айтилмай қолганлар – қариндошми, синифдошми, ҳамкасбми, дўст – ёрларми ким бўлишидан қатъи назар, бундан сира ранжимасин.  Аксинча, исрофга йўл қўймагани, кимўзарга берилмагани, энг мухими, зиммасидаги вазифани суннатга мувофиқ бажаргани учун раҳмат айтишимиз керак.  У ҳақда ёмон гумонда бўлганларга ҳам чиройли насихат қилсак, бора – бора ҳамма шунга одатланади.  Натижада жамиятимиз чирмовуқдек ёпишган бу иллатдан буткул халос бўлади.  Зеро, биз ёмонликка барҳам бериб, яхшиликни ёйишга буюрилганмиз.

 

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *