Сохта салафийлар кимлар?

Салаф сўзи луғатда олдин яшаб ўтган аждодларга нисбатан ишлатилади.

Илмий истилоҳда эса «салаф» сўзи умумий ишлатилганда дастлабки уч аср авлоди  уммати муҳаммадиянинг энг афзал пешқадам авлоди, яъни салафи солиҳлар кўзда тутилади. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Инсониятнинг энг яхши авлоди менинг асрдошларим. Кейин улардан кейин­ги авлод. Кейин улардан кейинги аср авлоди…» деганлар.

Бу уч аср авлодининг фазилатлари шундаки, улар шу умматнинг устозлари, энг афзали ва хайр эгалари бўлган. Уларнинг аввалида тўғридан- тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан таълим олган саҳобалар туради. Саҳобалардаги бу фазилатга етадиган шараф йўқ. Кейинги авлод эса тобеинлар бўлиб, улар саҳобаи киромнинг шогирдлари ҳисобланган. Уларнинг ортидан учинчи авлод таба тобеин­лар келган. Мана шу уч авлоднинг фидокорлиги билан Ислом дини бизгача соғ-саломат етиб келган. Ҳақиқий шараф ўша уч авлодга доирдир.

Салафийлар ҳижрий еттинчи аср охирларида Аҳмад ибн Таймия Ҳарроний (661-728 х,.) бошчилигида, асосан аҳли суннат имоми — Имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан талқин қилинган эътиқодий ислоҳотларни рад этиш билан ўртага чиққан тоифадир.

Ибн Таймия ўз йўналишини «манҳажу салафис солиҳ» (салафи солиҳлар йўли) деган ном билан атайди. Ва ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечириш кераклигиии таъкидлайди. Натижада у асос солган оқим унинг тарғиботчилари томо­нидан «салафия » деб танитила бошлайди. Нега­ки, унда Ислом аҳкомлари замон талабига эмас, балки салафи солиҳлар даври ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мос тарзда ижро этилишига жиддий аҳамият берилар ва шундай йўл тутишга тарғиб қилинарди. Уларнинг айтишича, «салафийлик» йўли фақат Китоб (Қуръони карим) ва суннати набавия асосига барпо қилинган бўлиб, унда Ислом дини аҳкомлари қайта жонлантирилади, унутилган ва ўзгартирилган ҳукмлар асл холига қайтарилади. Ислом бидъат ва хурофотлардан тозаланади, куфр ва ширкий ақидаларга барҳам берилади. Мана шу «салафийлик»ни бошқа диний гуруҳлардан ажратиб турувчи энг асосий ғоядир.

Ибн Таймия тарафидан «Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш» шиори остида янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмосига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлмаган ҳукмлар жорий қилина бошлади. Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши ижмога хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. Масалан, унинг фикрича, Аллоҳнинг каломи қадим ва азалий эмас, бал­ки ҳодис Аллоҳ томонидан яратилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари зиёратига бориш (гарчи ИбнТаймияга қадар қарийб саккиз асрдан бери бутун Ислом оламида бу амал жорий бўлишига қарамасдан) бидъат ва залолатдир. Шунингдек, унга кўра Расулуллоҳ туғилган кунни нишонлаш — мавлид байрами ҳам бидъат ва фоидасиз. Расулуллоҳдан қолган осори атиқаларни табаррукан  асраб-авайламоқ  гўёки ширкдир.

Расулуллоҳ ва бошқа азиз-авлиёлар билан дуоларда тавассул (васила) қилмоқ қабрларни зиёрат этмоқ ва шу каби бир қанча жорий амаллар «бидъат», «тавҳид ақидасига зид» бўлган. «Салафийлар» тасаввурида юқоридаги азиз ва мўътабар анъаналар жоҳилият давридаги бут-санамларга ибодат қилишга тенглаштирилади.

Ибн Таймиянинг бу каби қарашлари ўз даврида ажабтовур фитна ва янгиликлигига қарамай, унга эргашувчилар сон-саноқсиз бўлганини тан олмай илож йўқ. Тарафдорларини асосан саводсиз тўпори-бадавийлар ташкил қилсада, улар орасида туппа-тузук зиёлилар, олимлар ҳам йўқ эмасди. Хўш, бунга нима сабаб бўлган?

Ибн Таймия кучли тақво ва ўткир илм билан танилган ҳанбалий мазҳабига мансуб намунали оилада ўсиб-улғаяди. Отаси ва бобоси замонасининг машҳур  фақиҳларидан деб тан олинарди. Отасининг вафотидан кейин унинг таълим ва тадрис ишларига мутасадди бўлган Аҳмад ибн Таймия мухолифатчилик ҳаракатларини асосан қирқ ёшга яқинлашганда бошлаган. Унгача эса ўз даврининг ҳанбалий мазҳабига ман­суб етук фақиҳларидан бири сифатида танилиб бўлган ва бир неча фойдали диний асарлар ёзишга ҳам улгурган эди.

 Унинг илмий мавқеи ва шуҳрати шу даражага етгандики, айтган ҳар бир фикри ихлосмандлари тарафидан сўзсиз қабул қилинар, далили суриштирилмасди.

 Ибн Таймиянинг ана шу шуҳрати кейинги хилофли фикрларининг ҳам кенг ёйилишига омил бўлди, мусулмонлар жамоатига қарши фикрларини безаб, зийнатлаб қўйди гўё. Оқибатда унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Янгича фатволари мухлислари томонидан бош устига қабул этиларди ва ҳатто уни «мужаддид» (динни янгиловчи), «шайҳул ислом» дея атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия мужаддид ҳам, мужтаҳид ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган. Унинг кейинчалик асос солган «салафийлик» мазҳаби салафи солиҳларнинг йўлига ҳеч қачон мос келмаган, балки мусулмонлар жамоасидан ажраб чиққан адашувдаги кичик оқим бўлган, холос!

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *