Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида шундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса –ношукурликдир. Жамоат билан юриш – раҳматдир. Ёлғизлик эса – азобдир”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам У Зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ. Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб, Аллоҳ таолодан кўп мол-дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай ҳолатда шукр қилган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади. Бу ахлоқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди. Маълумки, Аллоҳ таоло бир қанча ояти карималарида сабрли кимсаларни мақтаган. Бу дунёда бандага етган мусибат Аллоҳ таолонинг бандасига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради. Ёмонликни раво кўрса, гуноҳини қиёматга қолдиради” (Имом Термизий ривояти).
Сабр – ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир.
Уламоларимиз сабрнинг уч хил бўлишини айтганлар:
- Мусибатларга сабр қилиш.
Маълумки, инсон ҳаёти тинимсиз курашлардан иборат. Бу дунёда биз беҳисоб ва турли-туман қийинчиликларга дуч келамиз. Ушбу курашларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ бўлади.
- Гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда сабр қилиш.
Бунда инсон нафсини ҳаром сўз ва ишлардан тияди. Масалан, бир кишига нафси зино қилишни васваса қилса, шунда у нафсини бу ишдан қайтарса, мана шу иш “гуноҳдан тийилишдаги сабр” дейилади.
- Тоат-ибодатларга сабр қилиш.
Бунда инсон ўз нафсини тоатга ундайди, мажбур қилади. Масалан, бир киши намоз ўқимоқчи, аммо нафси уни дангасалик ва ялқовликка ундаб турибди. Ана шу пайтда нафсидан ғолиб келиб, Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатга турса, мана шу “ибодатга сабр” дейилади.
Ҳозирги кунда ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Ҳар куни ҳар хил қўпорувчилик воқеалари содир бўлаётган жойда инсонлар уй қурармиди, тўй қилармиди ёки халқининг кўнглига хурсандчилик сиғармиди?! Шундай юртлар борки, узоқ йиллардан бери хали ҳануз у юртларда тинчлик йўқ. Туғилган фарзанд уруш ўчоғида туғилиб, катта бўлмоқда, уйланмай туриб вафот этаётганлар қанча?!
Ҳулоса ўрнида бир воқеяни келтириб ўтамиз. Иброҳим Адҳам ғам чекиб ўтирган кишини кўриб, унга: “Нима учун ғамгинсиз? Сиздан уч нарсани сўрайман менга жавоб беринг”, – дедилар. У киши рози бўлди. Иброҳим Адҳам: “Ушбу борлиқда Аллоҳ таоло хоҳламаган бирор нарса бўладими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деди бояги киши. Иброҳим Адҳам яна “Аллоҳ таоло тақдир қилиб қўйган ризқингиздан бирор нарса озаядими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: “Аллоҳ таоло ёзиб қўйган ҳаётингиз борасидаги бирор нарса сиз сабабли ўзгарадими?” – дея сўрадилар. У киши яна: “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса нега ғам чекяпсиз?” – дедилар.
Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр қилувчи ва ҳар қандай ҳолатда сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлворувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин!
И.Султонов
Урганч тумани “Муоз ибн Жабал” масжиди имом-хатиби