ШҲТ саммити — яхшилик йўлидаги ҳамкорлик намунасидир

ШҲТ саммити олдидан матбуотда Давлатимиз раҳбарининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Ушбу мақола тўғрисида бир қанча хорижий нашрларда  ижобий маълумотлар эълон қилинди.

Ушбу мақолада эътиборимни тортган нарсалар шу бўлдики, Имом Бухорийдек муҳаддислар амирини ўз бағрига олган, у зотни тириклик пайтларида ҳам ҳурмат эҳтиромини ўз ўрнига қўйган Самарқанд диёрида саммитга аъзо давлатлар, кузатувчи ва  меҳмонларга мезбонлик қилиши замирида гўёки азалдан яхши қўшничилик ва меҳмоннавозлик бу заминда қарор топганидан дарак беради. Мақолада “Бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир одам, яхши қўшни – бу Худо инсонга ато этган бахтнинг бир бўлаги эканини, тинч-тотув қўшничилик эса баракот манбаи эканини чуқур англаган, деб ёзилишида  ҳамда “Зеро, ҳамкорлик, савдо, ижод, илм-фан ва санъат, инсоний ғоялар устувор бўлган жойда эзгуликлар кўпаяди, халқлар фаровон ва ўзаро аҳил яшайди” деб ишонч билдирилишида кўп  хайр ва баракалар бордур. 

Юртбошимизнинг мазкур мақоласида айтилганидек ШҲТ Самарқанд саммити доирасида 14 сентябрь куниданоқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Хитой Халқ Республикаси Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ўртасида «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши (Қирғизистон ҳудудида) лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битим имзоланди. Мазкур ҳужжат Транспорт соҳасида давлатлараро ҳамкорлик улкан салоҳиятга эга бўлиб, бу шубҳасиз, мамлакатларнинг барқарор ривожланиши ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.  Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш  белгиланган. Шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишда томонларнинг иштироки, молиялаштириш ва харажатларни тақсимлашига аниқлик киритилган.

 Лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўлар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни ҳамда савдо географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

ШҲТга аъзо давлат раҳбарларининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 15 сентябрь куни ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ташриф давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом  “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” деганлар.  Ушбу саммит кунлари Россия федерацияси президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған , Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан икки томонлама учрашувлар ўтказилиши,  Саммит кун тартибида Афғонистонда юзага келаётган вазият масалалари ҳам муҳокама қилиниши диққат марказида эканлиги муқаддас ислом дини тарғиб қилган тинчликпарварлик, яхши қўшничилик, ёрдам ва кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш каби эзгу ишларда Ўзбекистон давлатини дунёқарашини яна битр бора бутун дунёга ифодалаб беради.  Аллоҳ таоло  “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..” (“Моида” сураси 2-оят) деб марҳамат қилади.

Мана шундай хайрли ва савоб ишлар баракотидан ШҲТнинг навбатдаги  саммитини ер юзи халқлари учун манфаатли ва муваффақиятли ўтишини Аллоҳ таоло насиб этсин.

Хайрулла Абдуллаев

ЎМИ Хоразм вилоят вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *