Илм ва маърифат зарур

Бугун биз жадал суръатлар билан ўсиб келаётган янги ахборот-технологиялар асрида яшаяпмиз. Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнининг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар манфаатларига ҳам хизмат қилаётганини инкор этиб бўлмайди. Ёвуз ва ёт мафкуравий мақсадларни қаердан ва қандай йўллар билан инсонлар қалбини эгаллаб олаётганлигини осонликча билиб бўлмайди.

“Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик ортириш, бошқа халқларнинг неча юз йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизига беписандлик билан қараш, уларни қўпориб ташлашга йўналтирилган таҳдидлар одамни ташвишга солмай иложи йўқ.

Шундай экан, вояга етаётган ҳар бир фарзандимизни маънавий баркамол, иродаси бақувват, иймони бутун, бир сўз билан айтганда, кучли мафкуравий иммунитетга эга шахс сифатида тарбиялаш озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолаверади. Миллий  истиқлол ғоясига зид бўлган ва бегона ғояларнинг кириб келишига ва ёшларимиз онгини эгаллашга, уларни мамлакатимизда белгиланган улуғ мақсадларни амалга оширишдан оғдиришда уринишлар бўлганлигининг гувоҳимиз. Бундай ҳаракатларнинг тарафдорлари «дўст», «миллатдош», «ватандош», «диндош» бўлиб кўриниш мақсадида ўз ғояларини амалга оширишга уриндилар. Натижада, миллий қадриятларимизга зид бўлган турли хил қарашлар аҳоли, айниқса, ёшлар онгини эгаллашга ҳаракат қилди.

Бунда оммавий ахборот воситалари орқали психологик таъсир ўтказишнинг янгидан-янги усулларидан фойдаланадилар. Хусусан, миллий ҳаётимизга хос муайян хусусиятларни очиқдан-очиқ қоралаш, ерга уриш ёки айрим тарихий воқеа-ходисаларни умуман бўлмагандек, жаҳон маданияти, илму-фанига улкан хисса қўшган улуғ алломаларимизни бизга алоқаси йўқдек қилиб кўрсатишга уринишлар мавжуд. Шунингдек, жаҳон афкор оммасида Ўзбекистон ҳақида нотўғри тасаввур туғдиришга бўлаётган интилишларни ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замон илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган ҳаққоний фикр билдирган. Жаҳон кенг – дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз яккаю-ягона!

Мана шундай ҳиссиётларни қалбдан ўтказиб, барчамиз учун ягона бўлган Ватанимизни янада гуллатиб-яшнатиш, унинг ёруғ ва фаровон келажаги учун бутун борлиғимизни бағишлаб, керак бўлса, жонимизни фидо этишга ҳам тайёр бўлиш – ҳар биримизнинг бурчимиздир!

С.Сапаев

Янгибозор тумани “Шайх Абдуллаи Боғдоджон бобо” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *