“Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим:
Дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан… Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Ҳазрати Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.
Волфганг Гёте
Ҳар бир мўмин банда билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда бу- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Шунинг учун ҳам мўмин банда барча ҳимматини ишга солиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланишга ҳаракат қилиши керак.
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилса, эргашса ҳеч бир тўсиқсиз камолотнинг чўққисига чиқиши мумкин. Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сураси 21-оятида: “Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир”, деб марҳамат қилган.
Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар.
Саъд ибн Ҳишом айтади: “Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдим ва у кишидан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ахлоқлари ҳақида сўрадим. Бас, у киши: “Қуръонни ўқимайсанми?” дедилар. “Ўқийман”, дедим. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди”, дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида мушрик, кофир ва мунофиқлар у Зотнинг гап-сўзлари, ишлари ва шахсиятларидан заррача бўлса ҳам нуқсон топишга ҳаракат қилганлари ҳаммага маълум. Охири тополмаганларига чидамасдан у зотга нисбатан бўҳтон ва иғволар уюштирганлари ҳам, бу нопок тасарруфлари оқибатида шарманда бўлганлари ҳам очиқ ҳақиқат.
Шундай Зотнинг сийратлари, сифатлари ва суннатларини диққат билан ўрганиб ҳаётга татбиқ қилишимиз ҳаммамиз учун бахту саодатдир.Чунки, бу нуқсонсиз ва ҳамманинг диққатида бўлган, бугунги кунга келиб эса, бутун дунё унинг ҳаётидан ҳайратга тушган ушбу ҳаёт соҳиби оддий инсон эмас эди. Аллоҳ таоло бутун нуқсонлардан пок Зот ва Ўз пайғамбарларини ҳам нуқсонлардан пок бўлишини истайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) ана шундай зоҳирий ва ботиний нуқсонлардан пок зот эдилар. У кишидан шайтоннинг насибаси ҳам Аллоҳ таоло томонидан олиб ташланган эди. Ҳар бир феълда ва ҳар бир сифатда ўз умматларига ўрнак эдилар ва ҳозирда ҳам ўрнак бўлиб келмоқда.
Расулуллоҳ (с.а.в) дек зотни бу олам илгари кўрмаган еди. У Зот пайғамбар бўлиб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди об- ҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди. Одамларнинг табиатлари ҳам ўзгарди. Қалблар Роббисининг нури ила мунаввар бўлди. Инсон ўзи аввал билмаган янги таъм, татиб кўрмаган завқ ва олдин билмаган ҳузурни топди.Буюк тобеин Ҳасан Басрий айтадилар: “Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулининг суннатига эргашиш бўлди”. Шунга биноан мусулмон кишининг Аллоҳ таолонинг наздидаги мартабаси Пайғамбари Муҳаммад (а.с)га эргашиши билан ўлчанади. У суннатни қанчалик кўп татбиқ этса, Аллоҳ таолонинг наздида шунчалик олиймақом ва мукаррам бўлади.
Аллоҳ таоло Муҳаммад (с.а.в)ни покиза қабиладан, тоза уруғдан танлаганки, у зотнинг ота-боболаридан бирортаси жоҳилият ботқоғига ботмаган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Исмоил авлодидан Кинонани, Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Ҳошимни ва Бани Ҳошимдан мени танлаб олган”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмас-ку, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман”.Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Албатта, бу гапни Пайғамбар (с.а.в) мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу, ўз-ўзидан, Муҳаммад (с.а.в)нинг охиратда ҳам энг афзал банда бўлишларини кўрсатади.Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”.
Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилиняптики, дунё тарихида у Зотдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуосини қилиб бўлди. Мен ўз дуоимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”, дедилар”.
Имом Термизий ривояти.
Барчамизга ана шундай Зотнинг хос уммати бўлишлик насиб этсин. Қиёматда барчамизнинг шафоатчимиз пайғамбарларнинг улуғи, Аллоҳ таолонинг ва бизнинг ҳабибимиз, Аллоҳ таоло Ўз каломи бўлмиш Қуръони каримда такрор- такрор мақтаган ва роҳматан лил оламин бўлган зот Муҳаммад мустафо (с.а.в.) бўлишлигини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз!
Хайрулла домла Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили