“Фириб” сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади. Алдов, фирибгарлик, ўғрилик шу қадар кенг тарқалдики, у кириб бормаган жой, у кириб бормаган соҳа қолмади: имтиҳонларда, тижоратда ва ҳатто никоҳ муносабатларида ҳам одамлар ёлғонни кенг ишлатишмоқда.
Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган. Аллоҳ таоло айтади:
яъни: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз.” (Бақара сураси, 188-оят).
Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушириш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).
Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расуллуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қуймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва:
яъни: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти). Имом Табаронийнинг ривоятида эса:
яъни: “Макр ва алдов дўзахдадир” деганлари зиёда қилинган.
Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.
Фирибгарлик жиноятининг бугунги кунда кенг тарқалган яна бир кўриниши порахўрлик ҳисобланади. Порахўрлик дунёнинг деярли ҳар бурчагида илдиз отган разил бир иллатдир. Амалдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда давлат мол-мулкидан фойдаланиши жамиятнинг турли хил жабҳаларда ўсиш ва ривожланишдан тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолиши, одамларнинг ўз ҳаётларини ўзгартиришга қаратилган ташаббусларининг йўққа чиқиши сингари ўта салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Пора берганга ҳам, пора олганга ҳам, улар ўртасида воситачи бўлганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).
Пора берувчи жамиятда белгиланган низомни бузган, адолатли қонун мажмуасини ўз фойдасига ишлатган, ҳақсизлик қилиб ишини бажариб кетган ҳисобланади. Пора олувчи виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади.
Абу Ҳумайд Соъидий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Сулайм қабиласидан закот йиғишда Ибн Лутбия исмли бири кишининг хизматидан фойдаландилар. У закот йиғиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллламга ҳисоб-китоб бераётиб: “Бу (закот) сизники, бунисини эса менга ҳадя қилишди”, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом минбарга чиқиб: “Нега мен юборган хизматчи: “Бу сизга, буниси эса менга”, – деб айтади? Отаси ёки онасининг уйида қолганда, унга ҳадя улашишармиди? Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки ўзига тегишли бўлмаган нарсани олса, у Қиёмат куни елкасида бўкираётган туяни ёки мораётган сигирни ёки балаётган қўйни топади”, деб айтдилар”.
Фирибгарликнинг бугунги кундаги яна бир кўриниши судхўрликдир. Ислом дини молни тижорат йўли билан кўпайтиришга ижозат беради. Аммо молни судхўрлик йўли билан кўпайтирмокчи бўлганларни қаттиқ қоралади ва судхўрликнинг озини ҳам, кўпини ҳам ҳаром қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
яъни: “Агар зино ва рибо бирон қавмда тарқалса, улар ўзлари учун Аллоҳнинг азоби келишига йўл очибдилар”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Муҳтарам жамоат! Ҳаром луқмадан, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган кишиларнинг фарзандлари ўзлари орзу қилгандек одам бўлишадими? Йўқ, албатта! Улар ҳам нари борса бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган ва энг ёмони, ота-она розилигини топишга рағбат қилмайдиган кимсалар бўлади, Аллоҳ асрасин. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
яъни: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Сўфи Оллоёр раҳимаҳуллоҳ бу борада шундай деган:
Кўнгил Ҳақ файзига бўлсун десанг чок,
Ки, аввал мартаба халқингни қил пок.
Яъни, агар кўнглингни Аллоҳ таолонинг илҳоми кириши учун очиқ қилай десанг, унинг биринчи шарти томоғингни буткул ҳаромдан пок қилмоғинг кераклигидир. Чунончи:
Ема зарра ҳаром оғушта нондин,
Бўлур чоҳи нажас бир қатра қондин.
Яъни, ҳалқумни пок қилмоқлик аввал бошда ҳаром аралашган неъматларни емаслик билан бўлади. Агар еган неъматингда бир заррача ҳаром бўлса-да, ул таомни емаслик керак. Чунки, қудуққа бир томчи қон ёки хамр тушса, нажас қилар. Шунга ўхшаб кўп ибодатдан ҳосил қилган савобинг бир оз ҳаром аралашган неъматдан ейиш билан йўққа чиқар. Уламолар айтурларки, биров ҳаром луқма билан тоат-ибодат қилса, гарчи кечалари уйғоқ туриб, кундузлари рўза тутса-да, қабул бўлмас.
Оила ва фарзандларимизга оз бўлса ҳам ҳалол ризқ топиб беришга ҳаракат қилайлик. Зеро, барака ҳалолликда экани ҳамда дунё ва охират саодатига эришишнинг асосий омили покликда эканлигини асло унутмайлик.
О.Абдуллаев
Шовот тумани “Шоҳ-обод” масжиди имом ноиби