Минг афсуслар бўлсинки бугунки 21 асрга келиб гиёҳвандлик дунёдаги энг катта балолардан бирига айланишга улгурди. Гиёҳвандликни олдини олиш учун кенг кўламдаги ишларни олиб бориш керак. Наркотик моддалар организмга таъсир қилиб, ҳар-хил оғир касалликларни келтириб чиқариши, соч ва тишларини тўкилиб кетиши, хотираси сусайиб, эси кирди-чиқди бўлиб қолиши, ҳолсизлик вужудга келиши, қон айланиш системаси йўлдан чиқиши ва кўпгина бошқа салбий оқибатларга олиб келиши тўғрисида батафсил айтиб тушунтириш керак. Шундай ҳолат келиб чиқмаслик учун, мактаб, институт ва иш жойларда, маҳалла ва туманларда мутасадди кишилар, қолаверса, тиббиёт ходимлари ва имом хатиблар тушунтириш ишларини олиб боришлари керак. Гиёҳвандликнинг илдизи билан суғуриб ташлашимиз, келажак авлод аҳли етук, жисмонан соғлом бўлишини кафолатлайди. Бунинг учун ота-оналаримиз ҳам ўз фарзандлари тарбияси билан шуғуланишилари ва уларни тергаб турушлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Ушбу кураш ўта аҳамиятли бўлганидан дин вакиллари унинг биринчи сафида бўлишлиги зарурдир. Чунки, бу иш улар учун виждон ва дину-диёнат амри бўлади. Мусулмон уламоларнинг фикрларича гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл Аллоҳ таоло Қурьони каримда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларида баён қилиб берган йўлдир. Бу услуб дунё тарихидаги энг самарали услуб бўлганига ҳамма тан берган. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ана ўша ўз динларида бор нарсани ишга солиб инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқлари зарурдир. Ислом шариати инсонлар ҳаётини, турмуш тарзини ва тинчлигини сақлаб қолишда тинмасдан ҳаракат қилишга интилади. Шунингдек, турли хил зарар келтирадиган, бузғунчиликдан, инсониятга озор ва ёмонлик келтирадиган ҳар хил иллатлардан сақлаб қолишга курашади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз…”[1]. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам яна бундай деганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир.
Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қиладиган ва бўшаштирадиган нарсалардан қайтардилар”, деди. Бўшаштирадиган нарса, бу аъзоларни заифлаштирадиган ва мияни айнитадиган (оғриқни сездирмайдиган) моддалардир. Мияни айнитадиган нарса, бу ақлни ўраб оладиган нарсадир. Демак, бундай нарсалар шариатимизда ҳаром қилинган ва мусулмонларимиз, ёшларимиз бундай ҳаром нарсаларнинг яқинига ҳам келмасликлари лозим. Чунки бундай ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ҳалокат чоҳига отишдан бошқа нарса эмас. Қуръонда Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг”[2]. Яна бошқа бир ояти каримада эса бундай зикр этилади: “…ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”[3].
Аллоҳ таоло ушбу оятлар билан инсонларнинг ўз жонларига қасд қилмасликларига буюрган. Бундан бирор инсон ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам жабр қилиши, зарар етказиши мумкин эмаслиги келиб чиқади. Инсоннинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб, ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳдир. Гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланиш, сотиш ва тарқатишнинг ҳукми уларни тановул қилишдан ҳам оғирроқдир. Аллоҳ таоло: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз!”[4], — деб, гиёҳвандликка ўхшаган зарар келтирадиган, исроф ва талофат еттказадиган ҳаром бўлган ботил ишлар билан топилган молларни емасликни буюради. Бу билан ҳар қандай зарарли нарсаларни истеъмол қилиш бу ёқда турсин, улардан топилган маблағларнинг одамлар бир-бирлари билан баҳам кўришлари ҳам ҳаром ишлардан экан.
Ҳаром нарсаларга восита бўлган нарсаларни турли имконият ва кучлар билан тўхтатиш лозим. Чунки, ундай савдо гиёҳвандлик ва унинг тановулини енгиллаштириб беради. У савдодан ишлаб топган пули ҳаром, қилган иши эса залолатдан бошқа нарса бўлмай қолади. Гиёҳвандлик савдоси маъсиятга ёрдам бўлади. Аллоҳ таоло: “ Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!” [5]- дейди., Шунингдек, гиёҳванд ўсимлик билан деҳқончилик қилиш ва шунга ўхшаш барча тайёрлаб чиқариш бўладими ёки бошқа тегишли ҳолатлар бўладими ҳаммаси шариатимизда ҳаром ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўзи ва фарзандларининг келажаги учун ҳам бу илланга қарши аёвсиз курашмоғимиз шарт ва зарурдир.
[1] Оли Имрон сураси: 110-оят
[2] Бақара сураси: 195-оят
[3] Нисо сураси: 29-оят
[4] Бақара сураси: 188-оят
[5] Моида сураси: 2-оят
А.Бобоев
Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби