Яхшидан боғ қолур

Яратган Роббимизга шукрлар бўлсинким, бизни шу жаннатмакон Ватанда, буюк алломалар юртида, мўмин-мусулмон халқнинг наслидан дунёга келтирди. Ўзининг пок иймони, меҳмондўстлиги, меҳр-оқибати билан тилларда достон бўлган ўзбек халқига мансублигимиз ҳар биримиз учун чинакам фахрдир. Халқимизнинг қайси бир фазилати, қайси бир хайрли хислатини тилга олманг, барчаси иймон билан, исломий ақийда билан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб-ахлоқлари билан йўғрилганини ҳис этасиз.

Тинчликсеварлик, ватанпарварлик, етимларга ҳимматлилик, адолатпарварлик, болажонлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, бағрикенглик – ўзбегимнинг шу каби юзлаб ажойиб хислатларининг замирида ё бирорта ояти карима, ё бирорта ҳадиси шариф билан бевосита боғлиқликни топасиз. Инсонни қадрлаш, ёши улуғларни ҳурмат қилиш, ўтганларни яхши ном билан эслаш ҳам ана шундай миллий қадриятларимиздандир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган одамни фақатгина яхшилик билан эслашни буюрганлар.

Шиддат билан ривожланаётган юртимиз тарихи ва бугунги кунига назар солсак, илм-фаннинг ривожланиши, дунё талабларига мос ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида саноат-корхоналарининг йилдан-йилга такомиллашуви мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги долзарб жараёнлардан бири ҳисобланади.

            Шу ўринда қайси бир ишлаб чиқариш соҳасини олмайлик деярли кўпчилиги давлат иқтисодиётига келтираётган фойда билан бир қаторда табиат инъом этган атроф-муҳит экологиясига ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатади. Ва бу муаммо дунё давлатларининг ҳам жиддий ташвишларига сабаб бўлмоқда. Шу боис, экология билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш доимий эътиборда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, яшил майдонларни 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.

Албатта, ушбу лойиҳада нафақат соҳа вакиллари балки, шу Ватанда истиқомат қилаётган, фаолият олиб бораётган корхона-ташкилот раҳбар- ходимлари,  ҳар бир фуқаронинг иштирок этиши унинг инсоний бурчи бўлиши лозим.

Табиат билан ўзаро муносабатнинг янги сифатли асосини яратиш, ҳаёт тарзи ва атроф-муҳитга муносабатнинг замонавий тизимини тобора ҳаёт тарзига айлантириб бориш экологик барқарорликни кафолатлайди. Бу борадаги асосий вазифамиз атроф-муҳит муҳофазасини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар билан чегараланиб қолмасдан, белгиланган мақсадлар сари дадил олға интилишимиз зарур. Халқимизда, “Яхшидан боғ қолади” деган нақл бор. Бугун биз эккан ниҳоллар, келажакда қулоч етмас дарахтлар бўлиши шубҳасиз. Зеро келажак авлодга биздан яхши амалларимиз ва сўлим боғлар қолса, умр деган манзилнинг моҳияти ҳам шунда.

У.Бабажанов

Урганч тумани “Шоликор” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *