Илмнинг фазилати

Одам фарзандини илми ва амали билан фазилатли қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир”, деган саййидимиз Мухаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга, оила аъзолари ҳамда сахобаларига салом ва дуолар бўлсин.
Аллоҳ таоло илмнинг шарафи, фазилати, улуғлиги хақида Ўз каломида бундай деган: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”. (Мужодала, 11).
Бошқа оятда: «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар». (Фотир, 28).

Ҳадиси шарифларда эса илм фазилати қуйидагича баён этилган:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади”. Бошқа бир ҳадисда: “Одамларнинг афзали ҳожат тушса, фойда берадиган, беҳожат бўлинса, ўзига фойда берадиган имонли олимдир”, дейилган.
Демак, илмдан афзал нарса йўқ экан. Инсон илм билан юксалганчалик бошқа амаллар билан юксала олмайди.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳума айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг”.

Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Комил инсонлар кимлар?” деб сўрашди. “Олимлар”, деб жавоб бердилар. “Пасткашлар ким?” деб сўрашди. У киши: “Дин номидан дунё ейдиганлар”, дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач азизу мукаррам бўлдим”.
Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман:
1. Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига,
2. Илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сен олим ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан”.
Аллоҳ таоло барчаларимига фойдали илм берсин ва фарандларимизни илмга муҳаббатли қилсин. Манбалар асосида

Б.Абдуллаев

Хазорасп тумани «Шайх Хусайн Бобо»жоме масжиди имом-хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *