Глобал муаммолар огоҳликка чорлайди

Глобаллашув муайян ҳодиса ёки жараённинг барча минтақалар, давлатлар ва бутун Ер юзини қамраб олганини ҳамда уларнинг инсоният тақдирига дахлдор эканини англатади.  Жамият ҳаётининг турли соҳаларида глобаллашувнинг чуқурлашуви мафкуравий жараёнларнинг ҳам глобаллашувига олиб келди.

Муайян гуруҳ, халқ, жамиятни  мафкуравий таъсир доирасига тортишга уринишлар ҳамма вақт бўлган. Тарихга назар ташласак, бу жараён жамият ривожлана бориши билан бирга чуқурлашиб борганини, янги техник ва технологик тизимларнинг юзага келиши натижасида ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайиши, услуб ва воситаларининг такомиллашуви содир бўлганини кўрамиз. Ҳозирги даврда мафкуравий таъсир ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари қаторида унинг:

— тезкор ва катта шиддат билан содир бўлаётганини;

— кенг қамров касб этиб бораётганини;

— ҳар томонлама ва пухта ишланган режа асосида амалга оширилаётганини кўрсатиш мумкин.

Мафкуравий таъсир ўтказишнинг юқоридаги каби хусусиятлари ўзида ботиний тарзда мужассам этган яхлит сифатий ҳолат ҳам мавжудлигини қайд этиш лозим.  “Бу масаланинг кишини доимо огоҳ бўлишга ундовчи томони шундаки, агар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ниҳоятда қийин” – деган эди марҳум президентимиз И.Каримов.

Замонавий воқелик мафкуравий таҳдидларни амалга оширишда турли усуллар, одамларнинг диний, миллий ҳиссиётлари, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолардан, шунингдек, замонавий техника, телекоммуникация воситаларидан усталик билан фойдаланишга  ҳаракат қилинаётганини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар  аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, диний экстремизм, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишдек кўринишларда содир бўлмоқда.

Бугунги кунда эътиқод умумийлигига асосланган ҳолда жаҳон майдонларини мафкуравий жиҳатдан ўзига қарам қилишга бўлаётган хатти-ҳаракатлар ҳам мавжуд. Масалан, ислом динини қурол қилиб олган ақидапарастлар барча мусулмонларни ягона халифалик остида бирлашуви ғоясини илгари сурадилар. Улар ўз қарашларини аксарият ҳолларда диний-маънавий заминдаги уйғунлик мамлакатларнинг иқтисодий, маданий-маърифий, илмий-техник соҳалардаги ҳамкорлиги, улар салоҳиятининг бирлашиши тараққиётга йўл очади деган “беозор” шаклда тақдим этишга ҳаракат қиладилар.

Ақидапарастлик халифалик байроғи остида бирлашишни  ноисломий дунёга қарши туриш  мақсади билан ҳам боғлашини  таъкидлаш зарур. Бундай ёндашув  ўта хавфли экани ҳеч кимга сир эмас. Зеро, у инсониятнинг диний асосда қарама-қарши қутбларга бўлиниб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Дунёда диний — экстремистик характердаги секта ва ҳаракатларнинг инсон онги ва қалби учун кураш йўлидаги фаолиятининг  ҳам жонланиши кузатилмоқда. Улар аҳолининг диний билимлари пастлигидан фойдаланиб, охиратнинг яқинлиги билан қўрқитиш ҳамда асосан ёшлар ва моддий аҳволи ночор бўлганлар ичида иш олиб бориш йўли билан ўз тарафдорларини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдалар.  Турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар юқоридаги каби секталарнинг кенг ёйилишига олиб келмоқда.

Глобаллашув ҳар қандай таҳдид ва қарши чиқишларни мураккаб ҳодисага айлантиради. Шу нуқтаи назардан қараганда, миллий ва диний қадриятларнинг соғлом  уйғунлигига асосланган, чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган ғоявий-маънавий тарбия нафақат бугунги кунимиз, балки истиқболимизни ҳам белгилаб беради. Бундай вазифанинг муваффаққиятли ҳал этилишида фуқароларимизда бепарволик ва лоқайдликнинг олдини олиш,  ҳушёрлик ва жонкуярликни тарбиялаш,  мамлакатимизда содир бўлаётган жараёнларда фаоллик иштирок этишга бўлган интилишни  шакллантириш ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини  камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эга.

Ғ.Бабажанов

Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *