Ота-она ва аҳли аёл ҳақлари

Ислом умматининг барча уламолари ота-онага оқ бўлиш ҳаром ва унинг гуноҳи кабиралардан эканлиги борасида якдилдирлар. Ота-онасига оқ бўлган яъни ота-онасига ўзининг итоатсизлиги, ёмон хулқи ва қўпол муомаласи билан озор етказувчи, улардан яхшилигини дариғ тутувчи фарзанд Аллоҳ таоло томонидан дунёю охиратда турли уқубатлар билан жазоланади:

  1. Унинг ризқи тор қилиб қўйилади, мабодо кенг бўлса ҳам бу истидрож бобидан бўлади. Яъни агар ундай инсоннинг ризқи торайиш ўрнига кенгаяётган бўлса, аслида, бу унинг фойдасига эмас зарарига бўлаётган, унинг янада туғёнга кетиб, гуноҳлар жарлигига чуқурроқ қулаши учун амалга оширилаётган бир тузоқ бўлади.
  2. Ота-онасига ёмонлик қилувчи кишининг умри ота-онасига яхшилик қилувчи, қариндошлари билан борди-келди қилувчи кишининг умридек узайтириб қўйилмайди.
  3. Пайшанба куни-жума оқшомида унинг солиҳ амаллари Аллоҳ ҳузурига кўтарилмайди.
  4. Ундай кимсани Аллоҳ таоло ёмон кўради.
  5. Уни ўз аҳли оиласи ва қўни-қўшнилари ҳам севишмайди.
  6. Ундай инсоннинг ёмон хотима топиш эҳтимоли бор.
  7. Ота-онасига оқ бўлган инсонни Аллоҳ, фаришталар ҳам мўминлар лаънатлайдилар.
  8. Дуоси ижобат бўлмайди.
  9. У ота-онасига қандай ёмон муомала қилган бўлса, худди шундай муомалани ўз фарзандлари ва набираларидан кўради.
  10. Ота-онасига оқ бўлган инсон агар тавҳид аҳлидан бўлса, жаннатга биринчилар қаторида киролмайди.
  11. Гарчи жаннатга кирса ҳам Аллоҳ унга назар қилмайди.

Аллоҳ таолонинг бир бандасига назар қилмай, “юз буриши” аслида мўмин киши учун энг катта жазодир. Набий (алайҳиссалом) дедилар: “Уч тоифа инсон борки, Аллоҳ азза ва жалла Қиёмат куни уларга боқмайди. Улар: ота-онасига оқ фарзанд, ўзини эркакча тутадиган аёл ҳамда даюс кишидир”. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Миннатчи, ота-онасига оқ фарзанд ва хамрга муккасидан кетган киши жаннатга кирмайди, дейилади.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хор бўлсин!.. Яна хор бўлсин!.. Яна хор бўлсин!..”, — дедилар. Саҳобийлар “ким (хор бўлсин), Ё Расулаллоҳ!”, — дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирига — уларнинг қарилик чоғида — етишгану, лекин (уларни рози қилиб) жаннатга кирмаган киши!”, — дедилар.

Ота-онага оқ бўлиш ҳолатлари кўп бўлиб, улар турли-туман кўринишларда намоён бўлади. Жумладан, ота-онага бақириш, жеркиб бериш, дилларини оғритиш, улар бирор сўз айтганларида ёхуд иш буюрганларида малолланиб “уфф” дейиш, улар ҳузурида қовоғи солиқ, пешонаси тиришган ҳолда юриш, уларга таҳқир ёки ғазаб назари билан боқиш, ўзи дам олиб, уларга иш буюриш ёки ишлатиш, улар тайёрлаган таомни ёмонлаш, ота-она гапираётганда улардан юз буриш ёки сўзларини бўлиш, ўзининг ёмон хулқи билан уйдан ташқарида бировларга азият етказиш орқали отаонасига лаънат келтириш, обрўларини тушириш ҳам ота-онага оқ бўлишнинг айни ўзидир. Бу қотиллик, безорилик каби оғир жиноятлар содир қилиш, шунингдек, ўғирлик, товламачилик, порахўрлик каби оила шаънини ерга уриб, кишининг обрўсини туширадиган тубан ишлар билан шуғулланиш каби ишларда кўринади. Кўпинча бундай ишлар билан шуғулланувчи кимсаларнинг оқибати қамоқ ёки шармандалик билан якун топади. Бу эса кишини ота-онасига оқ қилишида заррача ҳам шубҳа йўқ.

Инсон халқимиз ибораси билан айтганда бир қўлида ота-онасини яна бир қўлида эса аёлини тутиб туриши керак. Ота-онани аёлдан устунроқ кўриш динимиз кўрсатмасидир. Бу дегани аёлларга зулм қилиш керак дегани эмас, албатта. Балки, эр киши ота-онасига яхши муомала қилиши билан бир қаторда аёлининг ҳам ҳақларини поймол қилмасликка ва ота-онаси билан хотини ўртасида кўприк вазифасини ўташга масъулдир. Мабодо ота-онаси унинг аёлига адолатли муносабатда бўлмаётган бўлса ҳам муросаю мадора санъатини ишга солиб, вазиятни секин-секинлик билан юмшатиш талаб этилади. Ота-онам аёлимдан нотўғри талаб қиляпти, нотўғри уришяпти дея дарров уларни четга чиқариб қўймасдан аёлини сабрга чақириши, нима бўлганда ҳам улар унинг ота-онаси эканликлари, фарзанд сифатида уларга қўпол муомала қилишга ҳаққи йўқлиги, унинг ўрнига аёли ота-онасига манзур бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигини ётиғи билан уқтириб бориши мақсадга мувофиқ саналади. Ана шунда оилаларимизда қайнона ва келин муносабатлари ҳам ўз-ўзидан изига тушиб кетади, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ота-онасига яхшилик қиладиган, уларнинг дуосини олиб, дунёю охиратда бахту саодатга эришадиган инсонлар қаторидан қилган бўлсин, обод турмуш йилида оилаларимиз обод бўлсин, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин!

   А.Абдримов

Янгиариқ тумани “Саид Абдулло Румий” масжиди имом ҳатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *