Ёшларга эътибор-келажакка эътибор

Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Шу боис, ёшлар таълим-тарбияси ва камолотига алоҳида эътибор қаратилади. Энг аввало, бу соҳадаги ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари доимий такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунда ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш, истеъдодини қўллаб-қувватлаш масалалари қамраб олинган.

Бугунги кунда мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ёшларга берилаётган замонавий таълим-тарбия Янги Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори бўлмоқда.

Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва имкониятлар эса йигит-қизларнинг малакали мутахассис бўлиб ҳаётга кириб келишида муҳим омил бўлмоқда.  Сўнгги йиллларда бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилдики, улар ёшларнинг интилиш ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда, раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтиришда янги тизимни шакллантирди.

Қувонарли томони шундаки, замон талаблари ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар шароитида бугунги ёшларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиб, янгидан- янги имтиёз ва имкониятлар эшиги очиб берилмоқда.

Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар камолотига қараётган доимий эътибори, айниқса, таълим ислоҳотларида яққол кўзга ташланмоқда. Бу ислоҳотларнинг ютуғи эса ёшларнинг давлат ва қонунларга ишончини кучайтирмоқда.

Шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб биламиз”, деди.

Муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилади. (Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” асари).

Жумладан, жадидларимиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий миллат тараққиёти ва истиқболи, Туркистоннинг келажаги ҳақида ўйлар экан, халқни жаҳолат ва нодонлик, эрксизлик ва қашшоқлик ботқоғидан қутқариб олишнинг бирдан-бир йўли илм-маърифатли бўлишдир, деган ҳулосага келган эди.

Беҳбудий эса  халқдан маблағ йиғиб ўқишга, илмга рағбатли бўлган, аммо, ота-онасининг қурби етмайдиган Туркистон ёшларини чет эл дорилфунунларига юбориб ўқитиб, миллатнинг ривожи ва истиқболи учун зарур бўлган муҳандис ва муаллимларга, Оврўпа бозорларида савдо-сотиқ қиладиган, ҳорижликлар тилини биладиган замонавий илмий ҳодимларга эга бўлиш орқали юрт тараққиётини юксалтириш ғоясини илгари сурган.

Жадидлардан  Абдурауф Фитрат ёш авлодни тўлақонли тўғри йўлдан тарбияламасдан жамиятни ислоҳ қилиш, унинг ривожини тараққиёт сари йўналтириш  мумкин эмас деган.

“Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, дейди донишмандлар.

Жобир ибн Самурадан ривоят қилинган ҳадисда : “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирингизнинг боласига одоб бермоғи, ҳар куни ярим соъ (400 грам) миқдорида садақа қилиб тургандан афзалдир”, дедилар” (Термизий ривояти). Бундан равшан бўладики, фарзандга гўзал хулқ ва таълим-тарбия бериш мол-дунё сарфлаб, садақа қилишдан ҳам савоблироқдир.

Мазкур фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, ёшлар тарбиясига барчамиз масъулликни ҳис қилиб, жамиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши биргаликда курашишимиз лозим.

Ёшлар ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Уларнинг онги учун вайронкор ҳамда маърифатпарвар ғоялар ўртасида кураш давом этаверади. Ушбу ғоявий курашда эса ўзининг эзгу амалий ҳаракатлари билан ёшларнинг ишончини оқлай олган томон ғолиб бўлади. Зеро, баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчиларидир.

У.Бабажанов

Урганч тумани “Шоликор” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *