Ватан ҳимоясида мустаҳкам бўлайлик!

Ватан меҳри аввало, инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани    аниқ ҳақиқат. Бу ҳақда: “Ватанни севмоқ имондандир” дейилган. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун ислом уни имоннинг бир бўлаги деб қарайди.

Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг руёбга чиқиши  жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Сир эмаски, бугунги кунда дунёнинг айрим мамлакатларида беқарорлик, террор, наркобизнес каби миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу каби ҳолатлар бизнинг жаннатмонанд, диёримиздаги тинч ва фаровон ҳаёт  учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб-авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди. Мустакил юртимизда  тинчликни асраш унинг қадрига етиш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиз эканлигини ҳис этамиз. Зеро, тинчлик, омонлик ва хотиржамлик барқарор бўлган юртда  эртанги кунга ишонч билан қараш, хотиржамлик ила тоат-ибодат ва солиҳ амалларни имон ва ихлос билан адо этишга имконият туғилади. Тинчлигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишларида   Ватан химоячиларининг ўрни бекиёсдир.

Юрагида Ватан севгиси махкам жой олган шижоатли ўғлонларимиз юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламокдалар. Уларнинг фидойиликлари накадар савобли иш экани хақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди». Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси  энг шарафли касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ўзларини бу вазифага  жисмонан ва  маънавий жиҳатдан лойиқ бўлишликга ҳаракат қиладилар. Ислом – тинчликпарвар дин. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни қадрлайди. Мана шундай туйғулардан бири соғинч ва муҳаббатдир. Бу туйғу ота-она, ака-ука, ёр-биродарлар билан  бўладиган муоамалаларда юзага чиқади. Бошқача айтганда, уларнинг барчаси инсон туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, бир сўз билан айтганда Ватан деган тушунчада мужассамлашган. Ёш аскар қалбидаги ўз Ватанига, ўз халқига бўлган садоқати ҳар доим огох ва сергакликка чорлайди. Инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанидур. Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис- туйғудир.

Донолар айтадилар: Инсоннинг инсонийлиги ўз халқига бўлган садоқати, она Ватанни ҳимоя қилиши, Ватанининг тараққий топиб, ҳар томонлама мустахкам ва қудратли бўлишига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Албатта, ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, хавфсизлиги, чегара худудларининг дахлсизлиги ва осойишталигини, аввало унинг Қуролли Кучлари ҳимоя қилади.

Мамлакатимизда Қуролли Кучлар салоҳиятини мустахкамлаш, замонавийлаштириш ва ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар мустақиллигимизни асраб-авайлаш, сархадларимиз дахлсизлиги, эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам фарзандларимизни Она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида, буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.  Дуо қиламизки, Аллох таоло Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат қилаётган барча фарзандларимизни  ҳифзу-ҳимоясида сақласин, азиз диёримиз осмонини мусаффо, тинчлигимизни барқарор ва мустақиллигимизни боқий қилсин.

Х.Матяқубов

Хонқа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *