Қўшничилик одоблари

Қўшничилик тушунчаси халқимизнинг ҳаётида мустаҳкам ўрнашиб, бошқа халқларга бу борада ибрат бўлиб келмоқда. Маҳаллада қўни-қўшнилар хоҳ тўй, хоҳ аза бўлсин, ўзаро маслаҳатлашиш ва ёрдамлашиш, меҳмонларни кутиб олиш ва уларни кузатиш, ҳайит кунлари бир-бирининг уйига таом чиқариш гўзал урф-одатимизга айланиб кетган.

Аслида қўшнилар билан чиройли ва самимий муносабатда бўлиш, касал бўлганда ҳолидан хабар олиш, уларнинг тўй-ҳашамларида хурсандчилигига шерик бўлиш ва мусибат етганида суянчиқ бўлиш каби қўшничилик одобларига риоя қилиш мўмин кишининг вазифасидир.

Ислом динида қўшничилик муносабатларига катта эътибор берилган. Жумладан, Қуръони каримнинг Нисо сураси 36-оятида шундай дейилади:

“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-онага яxшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздагиларга ҳам яxшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Эътибор берсак, қўшниларга яхшилик қилиш динимизда буюрилган энг асосий амаллар билан бир қаторда баён қилинмоқда. Бу эса қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари на қадар муҳим эканлигига ишорадир.

Қўшнига биринчи бўлиб салом беришга, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бошлашга ҳаракат қилинади. “Бир мўмин билан иккинчи бир мўмин қўл бериб сўрашса, уларнинг ҳузурларига юз раҳмат нозил бўлади, шунинг тўқсон тўққизтаси муомаласи ва хулқи яхшироғига бўлади” – дейилади ҳадиси шарифда.

Бетоб бўлиб қолса, ҳох уйида, ҳох шифохонада бўлсин, бориб ҳолидан хабар олиш, мусибат етганда ҳамдардлик билдириш, мабодо тўй каби турли шодиёналарни нишонлаш арафасида қўшнининг бошига мусибат тушиб қолса, ундан рухсат олгач ниҳоятда одоб билан шодиёнани ўтказиш қўшничилик ҳақларидан ҳисобланади. Чунки қўшни бундай ҳолатда кўнгли чўкиб янада хафалиги зиёда бўлиши мумкин. Шунинг учун тўй-шодиёна  уйдан бошқа жойда, мисол учун тўйхонада ўтказилган тақдирда ҳам, қўшнига алоҳида илтифот кўрсатиб кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиш мақсадга мбўладилар.  хурсандчилик кунларда муборакбод этиб хурсандчилигига шерик бўлиш, яна янги муваффақият ва ютуқларга эришишига тилак билдириш, хатосини кечириш, деворига ёғоч қўйиб ранжитмаслик, тарновига ўз томи сувини йўлламаслик, ҳовлисига олиб кириб кетаётган нарсаларига назар ташлаб аланглайвермаслик, сўзлашувига қулоқ солиб гап ўғирламаслик қўшничилик одоблари сирасига киради.

Алоҳида аҳамият беришимиз лозим бўлган одоблардан бири қўшнининг деворидан мўраламасликдир. Чунки ҳовлида унинг аёл-қизлари бемалол юради. Агар икки қўшнининг ҳовлиси бир-бирига кўриниб турадиган бўлса, ҳовлида қўшнилар кўрса уят бўладиган ёки ғаши келадиган калта, юпқа ва ётоқ кийимларда юришдан сақланиш керак.

Шунингдек, қўшни ҳовлисига фақат чақириб, рухсат сўраб кирилади. Қўшни сафарга кетганда унинг омонатини сақлаб, уй-жойидан хабардор бўлиб турилади. Қўшни йўқ вақтда уйига меҳмон келиб қолса, уй эгаси келгунча меҳмонларига эҳтиром билдириб туриш керак бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобалар бир аёлни мадҳ қилиб, мақтабдилар: “Бир аёл бор, кечалари бедор бўлиб намозлар ўқийди, кундузи рўза тутиб, садақа ва эҳсонлар қилади. Аммо қўшниларига тили билан озор бериб туради”– дебдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ундай аёл мақтовга сазовор эмас, балки у дўзах аҳлидандир” – деган эканлар.

Дарҳақиқат, қўшничилик ҳақи қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки гоҳида ундан етадиган озор, ёмонликларни кўтариш, уларга сабр қилиш ва кечиримли бўлиш, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлашлик ҳамдир.

Қўшнилар ўртасидаги можаролар одатда, кўпроқ қўни-қўшниларнинг ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, жамиятнинг саодати, бирдамлиги, аҳоли ўртасида муҳаббатнинг кенг ёйилиши юқорида санаб ўтилган ва бошқа кўплаб қўшничилик ҳақларини ўз ўрнига қўйиш билан бўлади. Ҳозирги пайтда шу ҳуқуқлар борасида камчиликларга йўл қўйилмоқда. Ҳатто ёнма-ён қўшнисининг исмини билмайдиган қўшнилар бор. Қўшнисига тўхтовсиз озор берадиганлар, қўшнисига хиёнат қиладиганлар, қўшнисининг қорни оч-тўқлиги билан иши бўлмайдиганлар бор. Бу ишлар кабира гуноҳлардандир.

Аллоҳдан биз мусулмонларни қўшничилик ҳақларига риоя этишимизга тавфиқ беришини сўраймиз.

М.Атажонова

Боғот туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *