Аллоҳни байтини Аллоҳга иймон келтирганлар обод қилади

Аллоҳга беадад шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўп масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар. Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижасидир. Масжидларни обод этиш ҳамда уларни таъмирлаш улуғ савобли амаллардир.

          Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган. масжидларда Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингани, у ерларда Унинг исми зикр этилгани, у ерларда Унинг буйруқ ва қайтариқлари эълон қилингани, у ерларда мусулмонлар ибодатларнинг турли кўринишлари, жумладан, намоз, зикр, Қуръон тиловати, эътикоф, тасбеҳ, дуо кабилар билан Унга қурбат ҳосил қилганлари, у ерларда нафслар гуноҳ ва исён кирликларидан поклангани, у ерларда роҳат, унс, хотиржамлик, иймон, Аллоҳга муножот лаззати пайдо бўлгани учундир. Масжидлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар устига фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади. Масжидларда мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, улфат бўладилар, бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамжиҳат бўладилар, бир-бирларини зиёрат қилиб, бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатадилар. Бунинг натижасида ораларида боғланиш, дўстлик, меҳрибонлик кучаяди.

        Масжидларда Тавҳидни, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишни, Аллоҳни яхши кўришни, Унга юзланиб, тавба қилишни, Унинг ибодатларига бўлган рағбатнинг кучайишини, Унга исён қилишдан узоқлашишни, Ундан қўрқишни, Ундан умидвор бўлишни, Унга ихлос, таваккул қилишни, Унга ибодат қилишни, Унга бандалик қилишни ўрганадилар.
Аллоҳ таоло Қуръонда “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч  тасбиҳ айтурлар” деб айтган (Нур сураси, 36-оят). Аллоҳ таоло масжидларни обод қилувчиларнинг иймони борлигига гувоҳлик бериб шундай деди: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят).

  Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради», деганларини эшитганман». Бошқа бир ривоятда: «Жаннатда бир уй», дейилган. Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди», дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган.Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади”. Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом “Ким унда Аллоҳ зикр қилиниши учун масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар. Насоий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун какликнинг тухумларини қўядиган еричалик бўлса ҳам, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар. Аҳмад ривоят қилган.

     Минг шукурлар бўлсинким, бугунги кунда обод қиланаётган масжидлар қаторида Республикамиз миқиёсида тарихий ёдгорлик зиёратгох хисобланган Туманимизни марказий масжиди бўлган “Сайид ота” масжиди хам кун кундин чирой очиб бормоқда. Масжид 1622 йилда масжид намозхона гумбази қурилган. ХVIII асрнинг ўрталари яъни 1750 йилларда Хива хонлигида Мухаммад Рахимхон Ферузнинг бош вазири лавозимида ишлаган Исломхўжанинг катта боболари томонидан уч бўлакка бўлиб, аввал гумбаз-хонақох ва айвонча, кейинчалик ёзги намозхона ва олтита хужрадан иборат имом хатиб ва масжид ходимлари, ўқувчи талабалар учун хоналар қурилган. 1946 йилда масжид давлат рўйхатидан ўтказилиб, расмий фаолиятини бошлаган. 1991 ва 1998 йилларда қайта давлат рўйхатидан ўтиб фаолият олиб бормоқда. Аллоҳ таоло бизларни масжид бино қилишга буюрганидек, масжидларни обод қилишга ҳам буюрган ва бу ишни иймоннинг аломатларидан бири қилиб қўйган. Қолаверса, масжид бино қилиш садақаи жорий бўлиб, кишининг вафотидан кейин ҳам савоби бориб туради. Мўмин одам Аллоҳнинг уйларини обод қилишга, унга инфоқ қилиб, моддий ободлигини зиёда қилишга, унда намоз ўқиб, маънавий ободлигини зиёда қилишга уринар ва қалби доим Аллохга боғлиқ бўлар экан, икки дунёнинг бахту саодатига, хайру баракасига эришади.

Ф.Матяқубов

Хонқа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *