Сохта салафийларга раддия

Маълумки кейинги пайтларда бутунжаҳон ўргимчак тўри яъни интернет тармоқларида гўёки ўзларини Исломнинг аввалги уч асрида яшаган солиҳ зотлар яъни саҳобалар тобеъинлар ва табаъа тобеъинларга эргашамиз деган даъво билан чиқаётган бемазҳабликка тарғиб қилаётган кишиларнинг марузалари ёки мақолалари кенг тарқалмоқда.

Ҳўш ўзларини “салафийлармиз” деб атаб олган сохта салафийлар нималарга тарғиб қиладилар ва уларнинг ғоялари қандай ?

Сохта салафийлар қуйидаги ғояларни илгари сурадилар:

– Қуръони карим ва суннатдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқарадилар;

– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари сурадилар;

– фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;

– тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этадилар;

– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;

– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.

Ҳадисларда шундай матнлар борки, юзаки қараганда, бу матнлар Қуръон ва суннатда бўлмаган ҳар қандай нарсани пайдо қилишдан қайтарилгандек кўринади. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган янгиликни пайдо қилса, у рад этилади», дейилган.

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Дарҳақиқат, энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир». Юқорида келтирилган ҳадисларни тўғридан-тўғри тушуниш Исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади.

Уламолар юқоридаги ҳадисларда келган “бидъат” сўзини ўрганиб, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини қуйидагича талқин қилганлар: “Бидъат” луғатда олдин бўлмаган бирор нарсани пайдо қилишдир. Бунга Пайғамбар алайҳиссалом ва халифалардан кейин пайдо қилинган нарсалар ҳам киради. Шунингдек, у яхши ва ёмон бўлган, ибодат ёки ибодат бўлмаган нарсаларнинг барчасини ўз ичига олади”. “Сохта салафийлар” бу борада ўта тор йўл тутиб ҳар қандай турлардаги янгиликларни бидъат ва залолат деб баҳо берган.

Аммо Ислом уламолари бу борада кенгроқ мушоҳада юритишади.Имом Шофеий бундай деганлар: «Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси, Қуръон, суннат, асар (саҳобий ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгиликлар бўлиб, бу “бидъати саййиа”, яъни ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, “бидъати ҳасана”, яъни яхши бидъат ҳисобланади”.

Бидъати ҳасанага тарихдан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмонларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг орқасидан жамоат бўлиб таровиҳ намозини адо этаётганларини кўриб: “Бу қандай ҳам яхши бидъат”, деганлар.

Шунингдек, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Қуръони каримни китоб ҳолига келтириб, жамлаганларини кўриш мумкин.

Замонамиз уламоларидан Имом Ноблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алайҳиссалом:“Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида айтилган “янгилик”да айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ алайҳиссалом назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масаласида унда бўлмаган бирор нарсани қўшишдир».

Фақиҳларнинг истилоҳида ҳамда ҳадисларда қораланган бидъат деганда, диндан деб даъво қилинса-да, аслида диндан бўлмаган тўқима йўл назарда тутилади. Имом Шотибий: “Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга монандлик қасд қилинади”, деган. Демак, мусулмонлар орасида янги пайдо қилинган нарса дин асосларига оид масалаларда бўлса, у янгилик “бидъати саййиа” ҳисобланади ва шу бидъат қораланади.

Бошқача айтганда, “бидъати залолат” фақат дин асосларига оид масалаларда бўлади. Юқорида келтирилган ҳадис ҳам айнан шунга далолат қилмоқда: «Бизнинг ишимизда янгилик пайдо қилса…», яъни ишдан мақсад Расулуллоҳ алайҳиссалом ва у зот билан бирга мусулмонлар жамоасининг ишидир. Дунёвий ишларда насс ва муайян диний қоидаларга хилоф келмаса, уларда ёмон бидъат йўқдир. Яъни, ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаромга айлантириш каби бидъатларга йўл қўйилмаса, бунга эътироз йўқ.

Хулоса қилиб айтганда, Исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга хилоф бўлмаса, “бидъати залолат” ҳисобланмайди. Сохта салафийлик Ислом дини таълимотларига зид бўлиб, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тараққиётга бўлган интилишига тўсқинлик қилувчи йўналишдир. Улар мўмин-мусулмонлар ўртасида уруш, низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, динимиз ўз номи билан фақат эзгуликни тарғиб қилади.

К.Исмоилов

Хива шаҳар “Абдуқодир бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *