Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири ҳаё бўлиб, бу Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга буюрган таълимотларидан биридир. Аслида ҳаё одам фарзандининг барчаси учун Аллоҳ таоло тарафидан берилган насиба бўлиб, одам боласининг яратилиш табиатида бордир. Баъзи ҳоллларда баданларини реклама қилиш орқали “Оммавий маданият”нинг жирканч унсурларини тарқатаётганликлари ачинарли ҳолатдир. Шу билан бирга айрим динга мутассиблик билан амал қилувчилар шариат белгилаб берган чегаралардан ошиш, инсонларнинг ўртасида ўзларини динга энг тўрғи амал қилувчилар, бошқаларни эса нотўғри йўлда юрганлигини даъво қилиувчилар хам учраб туради.
Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уриш бўлиб, кўп асрлар давомида муқаддас Ислом динига амал қилиб, бутун дунёга илм зиёсини таратиб келган ота-боболаримиз ва уларни дунёга келтириб тарбия қилган момоларимиздан ҳар бир соҳада, жумладан кийиниш борасида ҳам улардан ўрнак олишиб, уларга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қилмоғимиз зарурдир. Кийинишига қараб, одамнинг ички дунёси ва маънавиятига баҳо бериш барча халқларда ҳам бор гап. Аждодларимиздан мерос — кийиниш маданияти ўзлигимизни англатишини, асрлар шиддатига дош берган иродамизни, сабру-қаноатимизни, пок умидларимизни ифода этишини унутмайлик. Миллий кийимлар ва безак турлари тарихимиз давомида шаклланган бўлса-да, кейинги пайтда турли ўзгаришларга юз тутаётгани сир эмас. Бу ҳол табиий. Лекин ўзгаришларни, янгиликларни оқилона қабул қилиш керак. Миллийлик инсон ботинида ҳам, зоҳирида ҳам сақланиб қолмоғи жуда муҳимдир. Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай ёзган: “Эркакларининг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кийимнинг ораста, бежирим, камтаргина бўлишини тарғиб қилдилар. Эркакларни ҳарир, шойи, парча каби матолар, тилла каби матоҳлардан фойдаланишдан қайтарганлар. Самовий динларнинг ҳаммасида кийимларнинг содда, ихчам, ибодатга мувофиқ келадиган, бежирим, камтарона бўлиши талаб қилинади. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, «Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар. Мусулмон инсон ўзига каттаю кичик ҳар бир неъмат етган пайтда неъмат берувчи Зотга шукр айтишга шошилади ва шу билан бирга, у Аллоҳ таолонинг «Агар шукр қилсангиз, яна зиёда қилурман», деган ваъдасига тўла ишонган бандадир. Эркак ҳам, аёл ҳам кийинишда, юриш-туришда ҳамиша ҳаёли бўлиши, иффатини асраши лозим. Бу эса гўзал исломий одоблардан саналиб, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмондан талаб этилади. Жаҳон афкор оммаси наздида ҳурмат-эҳтиромга эга бу халқ – ўз миллий-диний қадриятларини йўқотмаган, уларни ҳимоя қила олган ва мумкин бўлса, замон талабларига мос равишда ривожлантирилган либослар ва бошқа санъат турларига эга халқдир. Баъзи мўътабар манбаларда саломатликка мойил либослар тўғрисида маслаҳат-тавсиялар берилган: Либоснинг ранги кишининг ёшига, кайфиятига, муайян жамиятда тутган мақомига мос бўлиши керак.
Илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз каби, миллий кийимларимиз билан ҳам ифтихор туйишимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, бизнинг барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки баданимиз, аъзоларимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилади. Ёки дўппиларни олайлик. Ҳар вилоятнинг ўзига хос дўпписи бўлиб, уларга солинган нақшлар олам-олам маъно, диний ва миллий қадрият ҳикматларини ифодалайди.
Хулоса ўрнида шуни айтган бўлар эдикки, бизни кўрган инсонлар ўзбек миллатидан эканимизни, мусулмон эканимизни, улуғ инсонларнинг муносиб авлодлари эканимизни, келажагимиз порлоқ эканини бир кўришдаёқ хис қилмоғи зарур.
Ж.Нурметов
Хонқа тумани «Мусо ал-Хоразмий» масжиди имом-хатиби