Ёш гўдакни бир парча эт пайтидан бошлаб ота-она парваришлайди. Ота- она ҳеч қачон боланинг бирон хатти –харакатларини ва инжиқликларини кўздан қочирмайди. Айниқса бу борада она зотига тенг келадигани топилмайди. То фарзанди улғайиб оқ- қорани танийдиган даражага олиб боргунча ота-она назоратида бўлади . Лекин баъзи ота-оналар фарзандининг назоратини ўз ҳолига ташлаб қўяётгани айни хақиқатдир.
Эрта кеч ота-она ишда бўлиб ҳориб чарчаб қайтганидан кейин фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғуллана олмаслиги мумкин. Ҳали оқу- қорани танимаган ёш болаларнинг уйда нима қилаётганидан , кўчада ким билан улфат бўлаётганидан хабари йўқ бўлиши мумкин. Бугунги кунда тарбияси бузулиб, жиноят кўчасига кириб кетаётганлардан аксарининг ота- онаси тирик . Лекин уларнинг лоқайдлиги ва бефарқлиги туфайли фарзанди кулфат ёки бало олиб келганидан кейин минг марта афсус надомат чекканидан фойда йўқ.
Илгари ота-оналар фарзанд тарбиясини ҳали дунёга келмасдан бошлаганини биз тарих китобларидан биламиз. Ҳатто бир улуғ кишининг ҳузурига “Адаб беринг” деб икки- уч яшар боласини олиб борганда , ота- онасига қараб “Тарбиясига кечикибсизлар тарбияни она қорнидалигида бошлаш керак эди “ –деб қайтариб юборган экан. Ўз ҳолига қолдирилиб , лоқайд қаралган ишнинг охирида яхшилик бўлмайди. Бу фарзандини ҳар қадамда назорат қилиб туриш дегани эмас. Аксинча ота-она фарзанд тарбиясини биргаликда олиб бориши , қайси ўринда ота, қайси ўринда она фарзандларини назорат остида ушлашни ҳал қилиб олишлари керак. Афсуски ,баъзи ота- оналар фарзанд тарбиясини бутунлай ўз ҳолига ташлаб , унга мутлақо қизиқмайдиганлари ҳам бор.
Шу ўринда бир ҳикояни мисол қилиб келтирмоқчиман: “Беш ёшли бола қўшнининг уйидан тухум ўғирлаб онасига олиб келиб беради ҳалол аромнинг фарқига бормаган нодон она боланинг қўлидан тухумни олиб унга “Менинг ақилли ўғлим сенга офарин”- деб пешонасидан ўпиб қўяди. Бола шу кундан бошлаб ҳар кун ёки кун ора қўшнисиникидан тухум ўғирлаб чиқа бошлайди. Йиллар ўтган сайин бола ёшига қараб ўғирлигини давом қилдираверади. Аввал тухум ўғриси бўлган бола кейинчалик ашаддий ўғрига айланади. Ўғирлик қилиб юриб , бир кун жуда қабиҳ бир жиноятга қўл уради. Қонун уни ўлим жазосига маҳкум қилади.Ўғлининг ўлим жазосига маҳкум қилинганини эшитган она маҳкамага фарёд уруб келади .Ўғлини озод қилишни , енгиллик беришни сўраб ёлборади. Маҳкум боладан охирги истаги сўралганда у рухсат берсангиз онамни битта ўпсам дейди. Унинг истаги бажарилади. Онаси ёнига келганда видолашиш мақсадида энгашиб онасини тилини тишлаб узуб олади. Шунда йиғилганлар бу бола жиноят содир қилгани етмагандек онасини тилини узуб олдия деб бақр- чақир бошланади . Ўғри йигит одамларга қараб , сиз ажабланманг мени шундай жазога маҳкум қилган мана шу онамнинг тили , мен гудаклигимда қўшнинг уйидан тухум ўғирлаб чиққанимда онам менга офарин айтиб пешонамдан ўпиб қўйди. Ўшанда мени тўғри тарбиялаб , ўғирликдан қайтарганида , мен ўлим жазосига маҳкум бўлмаган бўлар эдим”-деди.
Ҳа ҳикояда айтилганидек , кўп ота-оналар фарзандлари бир ёмон иш қилса , унга бепаро бўладилар Айримлари боласининг уддабуронлигини мақтамоқчи бўлиб, ўзлари билмаган ҳолда хатога йўл қўядилар. Ҳеч бир бола жиноят кўчасига бирданига кириб бормайди. Дастлаб хеч ким аҳамият бермайдиган майда қинғирликларни қилади. Ҳеч ким уни қайтармагандан кейин ундан каттароғига ўтади. Шу тариқа у дарров бойиб кетиш мақсадида катта жиноятларга қўл уради. Чунки унинг қалби қотиб қолиб , инсоний меҳр- шавқатдан мутлақо бегоналашиб кетади. Фарзанднинг жиноятчи бўлиб қолишида ота- онанинг лоқайдлиги сабаб бўлади. Ота- онадан бошқа айбдор бўлмайди.
З.Машарипова
Урганч шаҳар бош имомхатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси