Экстремизм ва терроризм тарихига назар

экстремизм ва терроризмнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш жуда муҳим ҳисобланади. Зеро бирор касалликни даволашдан олдин унга тўғри ташхис қўйилмаса, уни келтириб чиқараётган сабаб аниқланмаса унинг муолажаси тескари натижага олиб келади. Шундай экан экстремизм ва террорирзмни келтириб  чиқарадиган омилларни ҳам атрофлича ўрганиш керак бўлади. Экстремизм сўзи ўтган асрга бориб тақалсада, аслини олганда экстремистик, жамиятга таҳдид солувчи оқимлар барча динларда қадимдан кузатилган.

Ушбу мақолада биз асосан мусулмонлар орасидан ажраб чиққан экстремистик оқимлар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу борада  Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Имом Термизий ривоят қиган ҳадисда мусулмонлар 73 фирқага бўлиниб кетишлари ва улардан фақат биригина тўғри йўлда бўлишини башорат қилиб ўтганлар. Ана шундай ҳаддидан ошган оқимлардан биринчиси хорижийлар эди. Улар катта гуноҳ қилганларни куфрда айблашган. Улардан кейин юзага чиққан кўпчилик оқимларда ҳам худди мана шу ҳолатни яъни кўпчилик мусулмонларни кофирликда айблашлари кузатилади. Лекин ҳар бир оқимнинг ўзига хосликлари бўлса ҳам уларни умумлаштирувчи   нуқта ўзларидан бошқа мусулмонларни адашган деб куфрда айблашликдир. Ушбу адашган фирқаларни келиб чиқиш сабабларини ўрганидиган бўлсак, ҳар бирининг ўзига хос шароит ва сабаблар доирасида ўрганишга тўғри келади.

Кўп ҳолларда экстремистик оқимларни юзага келиши ёки ёшларни унга кириб қолишида диний сабабдан кўра кўпроқ ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллар сабаб бўлади. Бу борада юртбошимиз шундай деган эдилар: “Муайян бир гурухлар тез бойиб кетишни ҳоҳлайди, шу боис қурол яроғ, гиёхванд моддалар сотиб, бирданига катта фойда кўрмоқчи бўлади. Ўзларининг мақсадига эришиш йўлида фитна-фасод уруғини сочади”. Бунда асосан иқтисодий  мақсадлар кўзланган бўлади.

Иккинчидан, сиёсий  сабаблар туфайли. Бунга биринчи бўлиб   юзага чиққан хорижийлар ва бугунги кунимиздаги ҳизбут таҳрир каби оқимларни киритиш мумкин. Маълумки, Фаластиндаги Исроил – Араб муаммоси ўз ўрнида ҳал этилмагани туфайли ушбу минтақадан кўплаб экстремистик оқимлар  юзага чиқди. Ҳизбут таҳрир ҳам ана шундай оқимлардан бири ҳисобланади. Дастлаб у ўз олдига Фаластинни озод қилишни мақсад қилиб олган бўлса, кейинчалик ўз мақсадига эриша олмаганидан кейин “бутун дунё мусулмонларининг давлати” халифаликни тузишни мақсад қилиб қўйди.

Учинчидан, ижтимоий омил ҳам бундай  оқимларни юзага келишига сабаб бўлади. Бунга ваҳҳобийлик оқимини келиб чиқишига ижтимоий, диний ва сиёсий омиллар сабаб бўлган эди. Зеро ана ўша пайтда жамиятда ислом таълимотига зид бўлган кўпгина одатлар кенг тарқалган эди. Қабрларга сиғиниш, фолбинлик каби одатларнинг оммалашувига қарши чиққан ваҳҳобийлик бу масалада ислом таълимотидаги кўрсатмаларидан ҳам ҳаддан ошиб  саҳобаларнинг қабрларини текислаб ташлашгача етиб борди.

Тўртинчидан, уларнинг келиб чиқишида диний омил ҳам сабаб бўлиши мумкин. Уламолар бунга мўътазила  мазҳабини мисол қилиб келтиришади. Кейинчалик ушба мазҳаб ҳам сиёсий тус олган.

Бешинчидан, уламолар исломга зид ҳаёт тарзи ва фикрларни мусулмонлар яшайдиган ўлкаларда сўнгги икки асрда кенг тарқалиши экстемистик оқимларни юзага келишига сабаб бўлади, дейдилар.

Олтинчидан, баъзи бир мусулмон уламоларнинг исломдан узоқлашиб, ҳатто имон нималигини билмайдиганлар борасида бепарволарча ёндошувлари, дин ва миллат ғамини емасликлари ҳам бунга сабаб бўлади.

Аслини олганда мусулмон ўзи учун эмас, балки инсоният учун яшайди.

Еттинчидан, адашган оқимга эргашганларнинг кўпчилиги исломий илмларни юзаки эгаллаб олган фиқҳ, усули фиқҳ, тил қонун қоидаларини яхши билмаганидан оят ва ҳадисларни ўз манфаатлари йўлида шарҳлашади. Ўз манфаатларига мос келмаган оятларни ташлаб, тўғри келадиганини олишади. Баъзи оятларни юзаки маъносини ёдлаб олиб, ўзларича ҳукм чиқаришади. Улар саёз илмга эга бўлган содда ва ихлосли ёшлар бўлиб, адашган оқимлар ўз мақсадига етишишда уларни “қўғирчоқ” қилиб олишади.

Демак ихлоснинг фақат ўзи етарли бўлмас экан. Илмсиз ихлос улар борасида ўндан ортиқ ҳадис келган хорижийлар каби қанчалик ихлосли бўлмасин адашиш олиб борар экан. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал хорижийларни адашишига уларнинг ақида борасида қаттиқ киришишлари сабаб бўлган деганлар.    Уламоларимиз ҳатто ибодат қилишдан олдин ҳам илм ўрганиш лозимлигини таъкидлашган.

    Экстремистик оқимларга қарши курашда Президентимиз айтганларидек  аввало “Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашиш” энг самарали восита ҳисобланади. Бунга асрлар давомида “Аҳли сунна вал жамоа” мазҳаби бутун ислом оламида асосий мазҳаб экани яққол далил бўлади. Ушбу қарашни замонамизнинг пешқадам уламоларидан Юсуф Қарзовий ҳам таъкидалайди. У шундай дейди : “Фикрга қарши фақат фикр бас кела олади. Унга қарши куч ва таҳдид ишлатиш ўша  фикр хато бўлса ҳам кенг тақалишига олиб келади ва ўша фикрдагиларнинг ўз фикрларида маҳкам туриб олишларига олиб келади. Унинг муолажаси фақат ҳужжатлар келтириш билан шубҳаларни кетказиш орқали бўлади”.

     Хулоса қилиб айтганда асрлардан бери ота-боболаримиз кўз қорачиғидек асраб авайлаб, тўғри шалда бизга етказган исломни биз ҳам ҳаддан ошган оқимлардан асраб, уни тўғри шаклда ўрганиб, халқимизга етказиб бериш муқаддас вазифамиздир.

А.Абдушарипов

Янгиариқ туман “Шайх Жалолиддин Румий” Масжиди имом ноиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *