Гиёҳвандлик – инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолишига айтилади. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва акл неъматларининг заволи бўлиб Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид хатти-харакатдир. Гиёҳвандлик — бу бангилик, оғир ҳасталикдир, яъни у ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик хосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини захарлайди. Натижада ушбу ўта гунох ва нотўғри йулга қадам қуйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-хунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғрилик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради.
Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-мухитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари балки юртини хам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёк гиёҳвадликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмокда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, танани турли касалликларга йўлиқтиради, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо ҳасталикларини юзага келтиради, бевакт ўлим холатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботлаган.
Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун унинг кайфини синаб куриш мақсадида, бир-икки марта истеъмол қилиш, хеч нарса бўлмайди деб хавас килиш, ўта хавфли в ўта аклсизликдир. Зеро Аллоҳ таоло каломи шарифининг бир неча оятларида барчамизни огоҳлантириб айтадики: ”Аллоҳ сизларга ризк килиб берган нарсаларнинг халол ва покларини тановвул килингиз ва узларингиз имон келтирган Аллоҳдан куркингиз! (Моида,88). Яна бир ояти каримида шундай марҳамат қилинади: ”Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламангиз! ” (Бакара,195). ”Ўзларингизни(бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир ”(Нисо,29).
Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в) бундай деганлар: ”Хар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир ”. Бошқа ҳадисда Пайғамбар (с.а.в)дан: ”Ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”,дейилади.
Фатволарда келишича, Гиёхванд моддаларни истемол қилиш уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда хам ҳаром саналади. Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам динимизнинг ҳам душманлири бўлиб, уларнинг охиратлари барбод бўлади. Юртимиз барча турдаги Гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда ”аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлигига зарари ва унинг аянчли оқибатлари хақида баралла айтилмокда ва кенг тушунтирилмокда. Шунинг учун ҳар биримиз келажагимиз булган фарзандларимизга ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, қаерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан бохабар бўлишимиз даркор. Бир болага етти маҳалла ота-она деган гап бор халқимизда шундай экан азизлар, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборли бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга уларнинг тарбияларига илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, ватан учун, муқаддас динимиз учун хизмат қиладиган бўлишларига харакат қилайлик.
М.Абдуллаев
Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом ноиби