Ҳар қаричи муқаддас ватан

Дунёда қилинган ҳар бир яхшиликнинг ажри, мукофоти бор. Ватан ҳимояси ҳам буюк ва эзгу ишлардандир. Бугунги тинч, осойишта ватанимизни қуролли кучлар ҳимоя қилмоқда. Ана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган мард ўғлонлар шаънига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

     Истиқлол йилларида қўлга киритган ютуқларимизни, тинчлик-ҳотиржамлик неъматини асраб-авайлашга, унинг қадрига етишга барчамиз бирдек масъулмиз. Қуролли кучларимиз бу борада бизларнинг бош таянчимиз, мустаҳкам ҳимоя қўрғонимиздир. Шубҳасиз, миллий армиямизни қудратли қиладиган асосий омиллардан бири, бу аскарларимизнинг юксак ватанпарварлик фазилатига эга бўлишидир. Йигитларимизни чинакам Ватан ҳимоячилари қилиб тарбиялаш учун бугун ҳарбий масканларда барча шароитлар бор. Қуролли кучларимиз энг замонавий ҳарбий техникалар, аслаҳалар билан таъминланган.

      Муқаддас динимизда ҳар бир фуқаро Ватанини ҳимоя қилиши лозимлиги мукаммал тарзда баён этилган. Жумладан, Жаноб Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Фарзандларингизга сувда сузишни, камондан отишни ва от минишни  ўргатинглар”, деб марҳамат қиладилар.

       Бугунги кунда мустақил она ватанимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга тажриба, маҳоратлари ошиб бораётгани барчамизни ҳурсанд қилади. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад  саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб мархамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.

     Инсон дунё ва охиратда солиҳ амаллари ватан, имон, дин ободлиги билан роҳатга эришади. Ўзбек халқи ўғлонларининг шараф деб билган “Мардлар қўриқлайди ватанни”, деган шиори бор. Ҳақиқатан, ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлар ғаразидан ҳимоя қилиш уйини, оиласини, қариндош уруғини, айниқса, динини ҳимоя қилиш деганидир. Ватан тинч булса, келажак авлод тинч осойишта яшайди.

Аллоҳ таоло Ватанимиз Қуролли кучлари сафида хизмат қилаётган барча фарзандларимиз ва ака-укаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, тинчлигимизни барқарор ва мустақиллигимизни боқий қилсин.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *