Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Расулимиз Муҳаммад Мустафога энг улуғ дуруду салавотлар бўлсин! Аллоҳ таоло Еру Осмонларни яратиб, Қуёш ва Ойни йил ва ой-кунларни ҳисоб-китоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар ичидан Ўзи истаганини бошқалардан афзал қилди ва айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожиси – бу Рамазон ойидир.
Бандаларига икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таборака ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Умматларига меҳр кўрсатиб, рўза тутишни барча сир-асрорлари ила таълим берган ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га абадул абад саловоту саломлар бўлсин!
Диндош биродарларига рўза ҳақидаги билимларни етказиб, ўргатган динимиз йўлчи юлдузлари саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва розилиги бўлсин!
Азиз диндошлар мана, яна бир бора Рамазони шариф бошимизга соябон бўлиб ташриф буюрди. Бизга маълумки, қадимдан мусулмонлар муборак Рамазонда доимгидан-да кўпроқ Қуръон тиловат қилишга, доимгиданда кўпроқ ҳар бир хатти-ҳаракатларида ахлоқлироқ ва карамлироқ бўлишга ҳаракат қиладилар. Чунки суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзлари ана шундай қилганлар ва барча Ислом амаллари қатори бу масалада ҳам умматларига ўрнак бўлиб, алоҳида таълим берганлар. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қачонки Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур , дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бизга маълумки, шайтон доимо инсонларни Аллоҳ таолонинг ибодатидан, тоатидан четланишга ундайди, васваса қилади ва одам боласининг қон томирида сузиб юради. Мўмин-мусулмонларга раҳмат бўлиб Рамазони шариф ташриф буюрса, исёнкор шайтонлар ўзлари учун севимли бўлган бу ишларидан тўсилиб, кишанларга маҳкум этиладилар. Шу ўринда савол пайдо бўлади: Шундай бўлса нега барибир билиб-билмай маъсиятлар содир этаверамиз? Ҳаттоки, баъзи инсонларнинг гуноҳ ишларда бардавом бўлаётганларига гувоҳ бўламиз? Ушбу саволларнинг жавоби эса қуйидагича: Рамазони муборак ҳурматидан шайтонлар кишанланган пайтда маъсиятга бошловчи, тутган рўзанинг, Аллоҳ асрасин, мукаммаллиги кетиб, нуқсонли бўлишига сабабчи бўлувчи нарса НАФСдир. Демак, Рамазони шарифнинг муборак кунлари давомида бирор-бир гуноҳ содир этгудек бўлсак, Ҳа, шайтон ўлгур йўлдан урди-да , дейишимиз ноўриндир. Бежизга ҳикматларда: Ақл мудроқ, нафс эса уйғоқдир , дейилмаган. Шайтонлар кишанланган Рамазон ойида ким биландир тортишиб қолишимиз, кимнидир ғийбат қилишимиз, дилозор ишларга йўл қўйишимиз-нафсимизнинг уйғоқлиги, ҳали ҳам кишанланмаганидандир. Ушбу ой нафсларимизни поклаш, руҳимизни сайқаллаш учун қулай фурсатдир. Рўзадаги чанқоқ, очлик, тунгги бедорлик, таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар, хайру эҳсонлар-нафсимизга қарши курашдир.Инсоннинг гуноҳ қилиш асл табиатида бор. Аммо инсонлар орасида тавба қилиб Роббисига қайтадиган ва ундан мағфират сўрайдиган ҳам, билиб туриб гуноҳида такаббурлик билан давом этадиганлар ҳам бор. Тавбада чин бўлиш, гуноҳга қайтмасликка аҳд қилиш ва банда Аллоҳ билиб турган ҳолда қилган гуноҳлари учун қаттиқ надомат чекиши рўзанинг қабул бўлганлиги аломатларидандир. Аллоҳ таоло айтади: “Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур” (Шуро сураси, 25-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, (ўрнингизга) гуноҳ қилиб мағфират сўрайдиган, сўнгра Аллоҳ уларни мағфират қиладиган қавмни келтириб қўяди”. Баъзи рўзадорлар Рамазонда ҳолати яхшиланиб, қалби ҳам тўғри бўлиб қолади. Бу ой тугаб, рўза тугаса яна аввалги ҳолига қайтади ва Рамазонда тўғрилаган ахлоқини бузади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Тўқигани кучли бўлгандан сўнг уни сўкиб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун қасамларингизни орангизга алдов воситаси қилиб олманг” (Наҳл сураси, 92-оят). Улуғ зотлар Рамазон ниҳоясига етса унинг фироқидан йиғлар, надомат ва афсус чекар эдилар. Бу уларнинг яхшиликларининг кўплиги ва қалблари софлигидан эди.
Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўззахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин!
А.Матяқубов
Хива шаҳар бош имом-хатиби