Оила тинч — ҳаёт фаровон!

Оила башарият насл-насабининг бирламчи асоси, жамиятнинг биринчи бўғини, жамоат ҳаётининг остонаси. Қайси жамиятда оилага эътибор юқори бўлса барча соҳаларда, хусусан маънавиятда юксалиш бўлади. Кишиларнинг турмушлари осуда ўтади. Ҳаёт фаровон бўлади.

Оила тинчлиги ва тотувлигини сақлаб қолишлик нафақат оила аъзоларининг, балки бутун жамиятнинг ва, айниқса эр ва хотинга яқин бўлган қариндошларнинг энг биринчи галдаги масъулияти ва вазифаларидир.

Маълумки ҳаёт доим ҳам бир текисда бўлавермайди. Шунинг учун бир ёстиққа бош қўйган икки жинс вакилинниг ўртасида келишмовчиликлар содир бўлиб қолса, тинчлик йўли билан ҳал қилиш керак ва муроса қилиш лозим.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Нисо” сурасининг 19-оятида эркакларга хитоб қилади: “Улар билан яхши муъошаратда бўлинглар. Агар сизлар уларни ёмон кўрсаларингиз, шоядки бир нарсани ёмон кўрсангиз  ҳам Аллоҳ ўша нарсада кўпгина яхшиликларни қилиб қўйса”. Яна ўша сурада марҳамат қилинади:

“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир”.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга хотинлар ҳақида васият қиламан. Хотин киши қобирғадан яралгандир. Қобирғанинг қийшиқроғ жойи юқорисидур. Уни тўғрилайман деб уринсанг синдириб қўясан. Агар тек қўйиб қўйсанг қийшиқликдан қолмайди. Хотинларга яхшиликни васият қиламан”, − деганлар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўминани ёмон кўрмасин. Агар у хотиннинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа(хулқи)дан рози бўлиши мумкин”. (Муслим, Байҳақий ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоятлари)

Доимо муроса бўлган оилада фарзанд тарбияси ҳам чиройли бўлғуси, иншооллоҳ. Уруш-жанжалли хонадонда эса, ота ва онанинг ўзида тарбия бўлмаса, фарзандлар қаердан тарбия топсинлар…

Ҳар бир инсон жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга, ҳурмат ва обрў қозонишга, бахтли ҳаёт тарзига эга бўлишга ҳаракат қилишни мақсад қилар экан, аввало, буларнинг барчасига оила бутунлиги, мустаҳкамлиги, ҳамжиҳатлиги билан эришиш мумкинлигини унутмаслиги лозим. Зеро Оиланинг бир бутунлигини ташкил этаётган эр ва хотин маънан бой, ақлан камолга етган бўлса, ҳар қандай зарарли таъсирларни олдиндан кўради ва оиласини ҳимоя қила олади. Айни пайтда, фарзандлар тарбиясига ҳам шу мезонлардан туриб ёндашади.

Оила мустаҳкамлигини таъминлашда тажрибали, кўпни кўрган отахон ва онахонлар ўгити, пурмаъно насиҳатлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан олганда, жамиятда юзага келаётган янги оилаларга улар турмуши ибрат бўлса, тажрибасидан ўрганишса, ўйлаймизки, оила янада мустаҳкам ва вояга етаётган фарзандлар тарбияли бўлади. Бинобарин, оила қўрғони маънавий етуклик ва бой тажриба асосида янада мустаҳкамланиб боради.

 

М.Атажонова

Боғот туман бош имом хатибининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *