Ёлғончилик- барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва ўз эгасини обрўсини тўкади. Оамлар унинг гапига ишонмай қўяди ва бирор ишни ишониб топширмайдилар ҳам. Хаётда кўпчилик хунарманд бўлиб, одамлар орасида муомалада, олди сотдида ишонч қозонмоғи зарур. Ёлғон эса ишончни йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ёлғончиларни йўлдан адашганлар қаторига қўшади. Қуръонда шундай дейилади: «Кимки исрофчи, ёлғончи бўлса, албатта Аллоҳ уни тўғри йўлга бошламайди».»Ғофир» сураси 28- оят.
Ёлғончилик мусулмон кишига ярашмайдиган Аллоҳ ва унинг Расули Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қоралаган ўта жирканч оғир гуноҳ хисобланади.
Динимиз биз мусулмонларни ростгўй бўлишга буюради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! «(Аҳзоб сураси, 70 -оят).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Ростгўйлик яхшликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост сўзлайвергани натижасида Аллоҳ хузирида «сиддиқ», «ўта ростгўй» деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Киши ёлғон сўзлайвергани натижасида Аллоҳ хузурида «ёлғончи» деб ёзилади», деганлар. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти.)
«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар — ўзлари ёлғончилардир». (Нахл сураси ,105-оят).
Ибн Умар разияллоҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Банда ҳар ёлғон гапирганида фаришта ундан бир мил узоқлашади. Унинг узоқлашишининг сабаби эса ёлғоннинг жирканч хидидир».
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: «Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг шу турган мақомимда туриб (Абу Бакр разияллоҳу анҳу шу сўзларни айта туриб йиғлайди.) бундай дедилар: «Тўғриликдан айрилманг. Чунки тўғрилик савоб билан биргадир. Уларнинг иккиси ҳам жаннатдадир».
Ёлғончиларга қиёмат куни аламли азоблар бўлишини уқтириб Қуръонда: «Тилларингиз сифатланган нарсаларни ёлғон бўлса ҳам, бу холол , бу хором деб ,Аллоҳга ёлғон тўқиб айтманглар. Албатта Аллоҳга ёлғон тўқиганлар ножот топмайдилар. Бу озгина мато бўлиб, уларга аламли азоблар бор.»
«Нахл» сураси 116-117 оятларда дейилади. Ёлғончилик ҳамма вақт ҳам ёлғон бўлавермайди. Баъзи бир вақтлар борки, унда ёлғон гапиришлик мумкин. Шулардан бири — одамлар орасини тузатишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Одамлар орасини тузатиш учун яхши гапларни топиб гапирган одам ёлғончи эмас»,- деганлар.
Шундай экан биз отинойилар, эл юрт хизматида юрган онахонлар, ўтказган тадбирларимизда ёки хизматга борган жойларимизда ёлғончиликнинг зарари аввало ўзимизга етишлигини ёшларга уқтириб, ёмонликдан қайтаришликка сабабчи бўлмоғимиз даркор.
Аллоҳ таоло барчамизни динимизга тўлиқ амал қиладиган, ёлғон, хиёнат каби разил сифатлардан сақланадиган, меҳр оқибатли, аҳил-иноқ яшайдиган ва бошқаларга фақат яхшилик улашадиган бандалардан бўлишимизни насиб айласин!
Ў.Халмуратова
Янгиариқ тумани «Оқ-мачит » маҳалласи отинойиси