Ёшларимизни ёт оқимлар таъсиридан асрайлик

Барчаларимизга маълумки ҳар қандай нотинчлик, уруш-жанжаллар фитна туфайли содир бўлади. Бугунги кунда ана шундай улкан фитналарнинг бошида адашган турли террористик гуруҳлар турибди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Фитна қотилликдан ҳам қаттиқроқдир”-дея марҳамат қилган. (Бақара сураси 191-оят)

       Ислом динида ноҳақ қон тўкиш фитна чиқариш оғир гуноҳ ҳисобланади. Ана шундай адашган тоифаларнинг фитналари оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қони тўкилмоқда. Муқаддас динимизни номини булғаб, ўзларини қабиҳ ғаразли мақсадларига етишда динимиздан фойдаланишмоқда. Ҳозирги кунда турли адашган фирқалар томонидан амалга оширилаётган ишлар фитнани ўзи эканлигини ҳадиси шарифлардан ҳам билиб олсак бўлади.

    Динимизда фитна, фасод қилиш ҳам улкан гуноҳлар сирасига киради. Ҳазрати Расули акрам (с.а.в.): “Охирзамонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқлаштиринглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага солиб қўймасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

       Нофеъ (р.а)дан ривоят қилинади: “Ибн  Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умарни олдига келиб: “Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг яқин саҳобалари бўлатуриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши  курашишингизга нима монеълик қилади?” дейишди. Ибн Умар: “Аллоҳ таолонинг ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”, дедилар. Боягилар: “Ахир, Аллоҳ таоло: “Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар”, демаганмиди?!” дейишди. Ибн Умар: “Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таоло дини қоим бўлмагунича урушдик. Нима энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти)

       Азизлар мана шундай фитналар сабаб қанча-қанча бегуноҳ инсонлар қони тўкилмоқда. Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, ўлдирувчи нима учун ўлдирганини, ўлдирилган нима сабабдан ўлдирилганини билмайдиган кун келмагунча қиёмат бўлмайди”.

—Бу қандай содир бўлади?- деб саҳобалар сўрашди.

-Сабаби фитна! – дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Сўнг қўшиб қўйдилар: —

Ўлдирувчи ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир” (Имом Муслим ривояти).

    Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Яна бир оятда “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир” (Юнус сураси 81-оят) “Кимки ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланур. Ўзига Аллоҳдан ўзга на бирор дўст топади ва на бирор ёрдамчи” (Нисо сураси 123-оят), дейди. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло мусулмонни эмас балки, умумий қилиб инсонни деб зикр қилмоқда. Инсон қайси дин вакили бўлишидан қатъий назар уни ноҳақ ўлдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Одам ўлдириш динимизда улкан гуноҳ ҳисобланиб, гуноҳкор охиратда жаҳаннам азобига дучор бўлиши алоҳида таъкидланади. Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилиш эса куфрдир”, дея марҳамат қилганлар(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

     Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, ҳалқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши  чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” деб огоҳлантирган эдилар. (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).

Гўёки, ҳозирги кунда дунёнинг турли нуқталарида яшаётган мусулмонлар адашган тўғри йўлда эмас, фақатгина улар тўғри йўлда эмиш. Ҳаттоки уларга эргашмаганларни кофирга чиқаришгача бориб етишмоқда. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни куфрда айблаш ёки кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр-кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун даҳшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ шундай деганлар: “Киши ўз биродарига: “Эй кофир!”деса, (куфр) иккисидан бирига қайтади”. Ҳадисдан кўриниб турибди, ўзгани кофирга чиқариш оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдирадиган хатарли масаладир. Шунинг учун ҳам ҳанафийлик мазҳаби уламолари бошқа мазҳабларнинг олимларидан кўра такфир (куфрда айблаш, кофирга чиқариш) масаласига кўпроқ аҳамият беришган.

       Масаланинг яна ташвишланарли томони шуки, Адашган фирқаларнинг қўштирноқ ичидаги раҳбарларининг асоссиз даъватларига алданиб, гўёки “ҳижрат” қилиб, ёшлигини хазон қилаётган ёшлар орасида бизнинг  диёрларимиздан ҳам фуқаролар борлигидир. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Фатҳ яъни (Макка фатҳи) дан сўнг ҳижрат йўқдир!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Аксинча, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедиларки: “Фитна замонида (фитнага аралашмай) ибодатда бардавом бўлишлик менга қилинган ҳижрат кабидир” (Имом Муслим, Имом Термизий, Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари). Яъни мусулмонлар фитнага аралашиб, ўзаро уруш қилиб турган вақтда фитнадан ўзини асраб, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиб, У ҳаром қилган нарсалардан, айниқса, ноҳақ қон тўкишдан ўзини сақлаб ватан, дин учун хизмат қилиб юрган мусулмонгина Аллоҳ ва Унинг расули учун қилинган ҳижратни савобини топади иншааллоҳ.

      Жаҳондаги барча ҳалқлар қатори мусулмонлар ҳам, улар қаерда ва қандай мазҳабда бўлишларидан қатъий назар, фитна ва бузғунчилик йўли билан амалга ошириладиган ҳар қандай амални кескин рад қиладилар ва уни бегуноҳ инсонлар ҳаётига тажовуз қилиш деб баҳолайдилар. Фитна ва бузғунчиликнинг ҳар қандай кўриниши охир-оқибатда тинч ҳаётни бузиш, қонуний давлат тузумига қарши чиқиб уни пароканда қилиш, бегуноҳ инсонлар қони тўкилиши ва аёллар тул, болалар етим қолишига олиб келади. Албатта, бу ишлар Аллоҳ наздидаги энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

      Бугунги таҳликали даврда барчаларимиз мана шундай фитналардан эҳтиёт бўлиб, фарзандларимизни ҳам турли бузғунчи оқимларга кўр-кўрона билиб-билмай адашиб кириб қолишлигидан асрашлигимиз ва уларга бузғунчиларни фитнасидан доимо огоҳ бўлишлигини уқтиришимиз лозим. Ҳозирги кунда Салафийлар, Хизбут-таҳрир ва бошқа турли террористик гуруҳлар ўзларини нотўғри асоссиз ғояларини тарқатишда интернетдаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланишмоқда. Шундай экан сизу-биз ота-оналар ҳамиша фарзандларимизни компютер ва қўл телефонларини назорат қилайлик, агар интернетга кираётган бўлсалар қайси сайтларга кираётганлиги билан ҳам қизиқиб турайлик, уларга бир лаҳза бепарво бўлмайлик.

      Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.

Динда ғулувга кетиш, яъни ҳаддан ошишга бир қатор сабаблар мавжуд бўлиб. Уларнинг барчаси шариатга хилоф бўлган ҳолатлардир. Қуйида ғулувга сабаб бўладиган нарсалар ҳақида мухтасар сўз юритамиз:

Биринчи сабаб. Барча иллатларнинг боши бўлган жаҳолат, яъни билимсизлик. Аллоҳ таолонинг Қуръони карими ва Пайғамбар алайҳиссалом Суннатларини, салафи солиҳлар йўлини, шариат мақсадларини, жамият манфаатига доир тартиботларни, ғайридин, мунофиқ, фосиқ, бидъатчи ва мусулмон кишига тааллуқли қоидаларни билмаслик.

Шундан келиб чиқиб, ўз вақтида хаворижлар гуноҳ ва маъсият соҳибларини куфрда айблашган. Хаворижлар маслагининг асл-илдизи мўътадилликдан чиқиб, динда ғулув кетишга бориб тақалади. Уларнинг йўлдан озиб, залолатга кетишларига асосий сабаб илмсизлик, носоғлом онг билан бир қаторда динга нисбатан ҳаддан зиёда жонкуярлик, ортиқ даражадаги ғайрат ва шижоат эди.

Ҳаддидан ошган ҳар бир нарса зиддига айланади, деганларидек, хорижийларнинг динга ўта ҳамиятли ва ғаюрликлари ҳатто ўз йўлларига юрмаган саҳобаи киромларни ўлдиришни савоб деб билишга ва бу ишни Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгу амаллардан деб ҳисоблашга олиб келди. Катта гуноҳ содир қилганларни кофирга чиқаришди.

Хорижийларнинг баъзи фирқалари ҳатто кичик гуноҳ туфайли ҳам кишини кофирга ҳукм қилиб юбораверишади. Ҳазрат Алини, Усмонни, Талҳани, Зубайрни ва Муовияни (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) ва ҳазрат Али ва Муовия (розияллоҳу анҳумо)га эргашган ёхуд уларни куфрга нисбат бермаган барчани кофир деб эълон қилишди. Сўнгра уларга қарши уруш очиб, молу жонларини ҳалол санашди. Хаворижлар ўзларининг илмсизликлари туфайли Қуръони карим оятларини нотўғри талқин қилишарди. Умумий маънодаги ояти карималарни фақат зоҳири бўйича тушуниб, уларни муайян кимсаларга ҳам тегишли ҳисоблашарди.

Иккинчи сабаб. Уламолардан юз ўгириш, улардан узоқлашиш, улар билан мулоқотда бўлишдан қочиш. Уламолар илмидан фойдаланмаган тоифалар албатта тўғри йўлдан адашиб ҳаддан ошишга мойил бўладилар ва динда ғулувга кетадилар.

Учинчи сабаб. Шариатга доир қонун-қоидаларга тааллуқли маъноларни ўзгартириш ёки уларни нотўғри талқин этиш, барча далилларни жам этмаслик, балки, бир далилни қўллаб, иккинчи далилни инобатга олмаслик. Бу айниқса ғулувга борган хавориж ва муътазилий сингари оқим тарафдорларида яққол кўринади. Улар ваъид, яъни азоб ҳақидаги далилларни қабул қилишади, аммо башорат ва умид борасидаги хужжатлардан батамом юз ўгиришади.

Тўртинчи сабаб. Фаҳму идрок ва фиқҳ илмида камолотга етмаганларнинг етук уламоларга мурожаат қилиш ўрнига ояти карималар ва ҳадиси шарифларнинг зоҳирий маъносига мувофиқ иш тутишлари. Булардан ташқари ижтиҳод қилишга лойиқ бўлмаганлар томонидан ижтиҳод қилиш, ихтилофли масалалар, фитналарга доир ҳадислар билан машғул бўлиш, шахсий ғаразларга мувофиқ фикр юритиш, хавойи нафс ва асоссиз ғоялар атрофида талашиб-тортишиш, тоифагарчилик, миллатчилик, амри маъруф, наҳий мункарни тарк этиш, дин аҳли ва уламоларни ҳурмат қилмаслик, қонун устуворлиги йўқолиши, ахлоқсизлик, беҳаёлик ва андишасизлик кабиларнинг барчаси жамиятда диний ғулувга сабаб бўлиши мумкин.

Ислом шариати осонлик ва енгилликка асосланган бўлиб, улар ҳеч қачон умматни оғир ва машаққатли амалларга ва йўлларга чорламайди, балки енгил ва осон амалларга ундайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб шундай дейди: “… Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”. (Бақара сураси, 185-оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам башорат бериб бундай деганлар: “Мен (жаҳолат ва ғулувдан пок бўлган) бағрикенглик ва олийжаноблик дини билан юборилдим” (Имом Аҳмад ривояти). Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини ифрот ва тафритдан холи бўлган мўътадил дин бўлиб, ҳар ишда васатийлик ва мўътадилликка тарғиб қилади, динда ҳаддан ошиш ва ғулувга кетишдан қайтаради. Мусулмонларни ўзаро меҳрибон, шафқатли ва муҳаббатли бўлишга даъват этади.

Ф.Матяқубов

Хонқа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *