Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш маҳсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг тинчлиги, тотувлиги, аҳиллигига боғлиқ. Оиладаги тинчлик-хотиржамликни ва саодатни таъминлаш оиладаги ҳар-бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ва бажариши билан барқарор ва мустаҳкамлаш бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина мустаҳкамлаши ва жорий қилиши мумкин.
Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим. Бу хақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш халол эмасдир”, Яна, уларга берган махрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир).Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун)кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (“Нисо”сураси,19-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда шундай мархамат қилганларки;“Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли-аёлига яхшироқ муомала қилувчингизман”. (“ал-Жоме ас-сағир”)
Мана шундай ояти карима ва хадиси шарифлар орқали Ислом ўзининг илк давриданоқ оилада аёлларнинг хақ-хуқуқларини тиклаш, хурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комили инсон, ҳурмат-эътиборга ва чиройли муомалага муносиб шахс сифатида эътибор қаратган.
Оила таянчи бўлган аёлларимизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилишимиз лозим, агарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Оила саранжом–саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг пок ва озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги беминнат хизматлари ва энг муҳими тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солих фарзандларни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради. Бу хақда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўмин эр киши мўмина хотинига ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқидан, бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади”. (Имом Бухорий ривояти)
Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бир хадисларини келтиришни лозим топдим яъни; “Ҳар-бирингиз бошлиқсиз ва ҳар-бирингиз қўл остингиздагиларга масъулдирсиз”-деганлар, демак ҳар-бир оилада бошлиқ эр бўлади, қўл остидагилар аёли, фарзандлари бўлади, охират кунида хар-бир эркак оиласидан сўралади. Шунинг учун барчамиз оиладаги масъулиятимизни унутмайлик. Ҳар-бир оила аъзоси оиладаги вазифасини сидқидилдан бажарса, оилалар тинч бўлади. Оилалар тинч бўлса, жамият тинч бўлади. Аёллар хам ўз ўрнида эрларига итоатли бўлмоқликлари лозим, чунки шариатимизда эрига осийлик қилган аёлларни ҳаттоки, Аллоҳ ҳам кечирмаслиги таъкидланган. Шунинг учун аёлларимиз хам эрларини ҳамиша раъйига қараб иш тутмоқликлари лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) хадиси муборакларида шундай деганлар: “Қайси бир аёл ибодатларини вақтида адо қилса, ўз номусини сақласа, эрига хиёнат қилмай, итоат қилса ва розилигини олса, саккизта жаннатни ҳоҳлаганига кирсин” деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
У.Мадаминов
Боғот тумани “Назар ота” масжиди имом-хатиби