Инсон дунёга келганидан бошлаб унинг дунёдаги вақти қисқариб боради. Инсонлар эътиқоди ва дунё қарашидан келиб чиқиб, вақт қадрини турлича белгилайдилар. Кимлар учун вақт бу – пулдир. Яна кимлар учун вақт бу – беш кунлик дунё, фақат ўйнаб-кулмоқ керак.
Мусулмонлар учун вақт бу – синов муддатидир. Бор имкониятлардан фойдаланиб, берилган муддатни ўзининг фойдасига ҳал қилмоқ керак. Вақтдан ким қандай фойдалангани ҳақидаги натижалари қиёмат кунида эълон қилинади.
Ҳаким зотлар айтадилар: “Вақтни зое қилиш ўлимдан ҳам қаттиқроқдир. Чунки, вақтни зое қилиш Аллоҳ таоло ва охират ҳаётидаги жаннат ва абадий ҳамда доимий неъматлардан маҳрум қилса, ўлим эса, дунё ва унинг аҳлидан маҳрум қилади, холос”.
Имом Шофиъий айтади: “Сўфийлар билан ҳамсуҳбат бўлиб иккита калимани ўргандим. Биринчиси: вақт – қиличдир. Албатта, у билан сен кесмасанг, сени кесиб қўяди. Иккинчиси: нафсингни ҳақ нарса билан машғул қилмасанг, у сени ботил билан машғул қилиб қўяди”.
Баҳлул доно ҳикоя қилиб айтади: “Кунлардан бир куни Басра кўчаларидан бирида ёнғоқ ўйнаётган болаларга кўзим тушди. Бир чеккада бир бола уларга қараб йиғлар эди. Мен бу боланинг қўлида ўйнагани ҳеч нарсаси йўқ бўлгани учун, болаларни қўлларидаги ёнғоқларга қараб йиғламоқда деб, ўйладим.
Болага дедим:
“Эй бола, нимага йиғламоқдасан? Болалар билан ўйнашинг учун сенга ҳам ёнғоқ сотиб олиб бераман”. Шу вақтда болача менга қараб деди:
“Эй амаки биз ўйин учун яратилмаганмиз”. Мен айтдим:
“Эй бола унда нима учун яратилганмиз?” Бола айтдики:
“Илм ва ибодат учун яратилганмиз”. Мен айтдим:
“Сенга Аллоҳ таолонинг баракаси ёғилсин. Буни қаердан ўргандинг?” Бола – деди:
“Аллоҳ таолонинг мана бу сўзидан: “Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизми?!” (Мўминун, 115)
“Бу бола мендан ақлли экан”, – дедим”.
Инсон зотининг ҳаммаси ўлим ҳақиқатига ишонади. Чунки, ўлимни мўмин ҳам, бошқалар ҳам ҳаёти давомида кўзлари билан кўриб турибди. Ўлгандан кейинги қайта тирилишга эса, имонли бандаларгина ишонади. Чунки, қайта тирилишни дунёда кўриб бўлмайди. Бу ақидага хабарларда келган маълумотларга ишонган инсонларгина ишонадилар. Мўминлардан бошқалар эса, кўзи кўриб турган нарсалардан бошқасига ишонмайдилар. Гоҳида биз мўминлар ҳам вақт қанчалик аҳамиятли эканини билган ҳолда унинг қадрига етмаймиз. Вақтдан сўралиш борасида ўйласакда, Аллоҳ таолонинг кечиримли Зотлигига ортиқча суянган ҳолда амалларга сусткашлик қиламиз.
Дунё сабабият устига қурилган. Дунёдаги ишларнинг ҳар бирининг аввало сабабларини амалга ошириш, яъни, амал қилиш керак. Сўнгра қилинган амалнинг ижобатини Аллоҳ таолодан умид қилинади.
Ҳикоя қилинишича, Иброҳим ибн Адҳам ҳаммомга киришни ихтиёр қиладилар. Ҳаммомчига берадиган маблағи йўқлиги учун, у зотни ҳаммомчи ҳаммомга киритмайди. Бу ҳолдан Иброҳим ибн Адҳам йиғлаб юборадилар ва айтдилар: “Ҳаммомгаки эвазсиз киришга изн берилмас экан, қандай қилиб набийлар ва сиддиқларнинг уйи (жаннат)га амалсиз ва тайёргарликсиз кириш мумкин”. Сўзимизнинг хулосаси ўлароқ айтишимиз мумкинки: ким вақтини зоя қилса ўзини зоя қилибди..
М.Мадиримов
Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби