Меҳр–оқибатли бўлайлик

Меҳр –оқибат сўзлари  нақадар пурмаъно сўзлар. Болалик пайтларим эди. Онам  қўлимга иккита нон бериб, -Бор болам   шу иссик нонларни бувинга олиб бориб кел  дерди ёки уйимизда ширин таом пишириб қолсак бувимиз ва бувамизни мехмонга чақириб, шу ширин таомдан яна қўшнимизникига ҳам чиқариб берар эдик. Бир қўшнимиз бор эди. Тўтижон она деб чақирар эдик.  Соғин сигирлари бор эди. Ҳар кун эрталаб сигирларини соғарди, ташқарида қазон ўчоқда  сутни пишириб, идишларга солиб қатиқ қилиб уйитарди. Ҳар кунги сутидан эса битта идишга солиб нон тўғраб бизникига ҳам олиб чиқиб берарди. Нимага десангиз мендан кичик 2-3 ёшларида укаларим бор эди. Онамга, –Онахон мана шу сутни болаларинга едириб қўй. Иссиққина сут. Куни билан қоринлари тўқ бўлиб юради. Сут ёш болалар учун ҳам, кексалар чун ҳам кони фойда дер эди. Эндичи. Замонлар ўтди, йиллар ўтди ҳар бир хонадонда битта эмас икки –учтадан соғин сигирлар бор. Улови йўқ, машинаси йўқ хонадонни ўзи йўқ. Аллохга минг бора шукроналар бўлсинкимтўкин –сочинлик замон бўлди. Техника ҳам ривожланган. Ишингиз битмай турса битта қўнғироқ қилиб телефон орқали сухбатлашсангиз ишингиз ҳам битиб турибди. Тўғрику-я бу техникани ривожлангани бир томони бўлмаса бир тамондан инсонларга жуда катта ёрдам бермоқда лек бошқа томонданчи?….  Меҳрни ҳам шу телефон орқали бериш менимча бизнинг ўзбекона удумларимизга, бизнинг қадрятларимизга тўғри келмаса керак. Иш –иш деймиз, иш ўша пайтлари ҳам бор эдику…. Лоақал ойда бир марта ота-онамиз холидан ҳабар оламизми?… Тўғри телефон орқали ҳар кун хол сўраяпман дерсиз, лек меҳр кўздаку. Оналар, оталар  болам безовта бўлмасин деб телефон орқали сухбатлашсалар  — холингиз яхшими  десангиз, — жуда яхшиман болам, ишларингни қилавер, гап кемасин- деб қўйадилар, маюс охангда. Вақт оқар сувдек ўтади кетади. Агар қиламан десангиз ҳамма ишга вақт топа оласизку . Бу ҳаётда барча инсонлар бир –бири билан муносабатда бўлар экан, уларнинг ўртасида меҳр –оқибат ва ўзаро ишонч бўлсагина ҳаётлари янада гўзаллашиб бораверади. Инсоннинг қадр –қиммати унинг меҳр  оқибати билан баҳоланади. Қанча бой –бадавлат ёки мансабдор бўлмасин у инсонни меҳр –оқибати бўлмаса , қадр –қиммати, обрўси бўлмайди. Инсон меҳр–оқибатни  ўз ота-онасидан  олади, ўрганади. Меҳр кўрмай катта бўлганларда меҳр бериш ҳам камроқ бўлади. Ҳаттао гул ёки кўчат эксангиз ҳам унга меҳр бериб тарбияламасангиз керакли натижага эриша олмайсиз .Пайғамбаримиз Мухаммад  саллоллоҳу алайхи вассаламдан  бир куни саҳоба киромлар сўрадилар: “Дунёни нима қутқаради эй Аллоҳнинг Расули ?” дедилар. Шунда расулуллох салоллоху алайҳи васаллам “Дунёни меҳр, раҳм–шавқат қутқаради” дедилар. Шундай экан бир –биримиздан меҳр –оқибатимизни дариғ тутмайлик. Пайғамбаримиз Мухаммад  саллоллоҳу алайхи вассаламнинг яна бир хадисларида шундай ривоят қилинади. “Расулуллох салоллоху алайҳи вассалам саҳобалар билан бирга ўтирганларида, бир гурух одамлар табутда маййитни кўтариб ўтиб қолдилар. Шунда ул зот ким вафот этганини сўрадилар ва маййитни ким эканини билдилар. Шунда маййит яхши сифатлар билан эсланди. Бу холатни кузатиб турган Расулуллох салоллоху алайхи вассалам “Вожиб бўлди” дедилар. Яна бошқа сафар ҳам шундай бир гурух одамлар тобутда маййитни кўтариб ўтдилар. Фақат бу сафар у маййитни ёмон феъл ва хулқлари айтилди. Расулуллох саллоллоҳу алайхи вассалам яна “Вожиб бўлди” дедилар. Шунда нима вожиб бўлди эй Аллоҳнинг Расули деб сўрадилар. Росулуллох салоллоҳу алайхи васаллам “Биринчи марта олиб ўтилган маййит яхшиликлари ҳақида гувохлик бердилирингиз, у маййитга жаннат вожиб бўлди. Иккинчи марта олиб ўтилган маййит ҳақида ёмонликларини зикр қилдингиз, унга дўзаҳ вожиб бўлди. Сизлар Аллохнинг ердаги гувоҳларисизлар” дедилар. Шундай экан азизлар бу дунёда бир–биримизга меҳр –оқибатли бўлайлик, яхши инсонларнинг, яқинларимизнинг қадр –қимматига етайлик. Ғийбат, хасад ва чақимчиликдай ёмон иллатлардан йироқ бўлиб, эзгу амаллар ,қўлимиздан келганича инсонларга  яхшиликлар қилайлик. “Яхши инсон эди”  деган ном билан фарзандларимизга ўрнак бўлайлик.

П.Бобожонов

Шовот тумани “Қорри эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *