Аллоҳ таоло инсонни яратгач, уни ўз ҳолига ташлаб қўймай, балки, бандаларига Ўзини танитиш, яхшидан ёмонни ажратиш учун пайғамбарларни юборди, китобларини нозил қилди. Худди табибнинг беморнинг ҳолатига қараб турли хилдаги дорилар беришга ўхшайди. Аллоҳ таоло юборган пайғамбарлар ҳам “қалб табиблари” бўлиб, қалбдаги мараз ва иллатларга шифо улашадилар.
Маълумки, ичкиликбозлик инсоннинг қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган ёмон иллат. Бу иллат ўз вақтида даволанмаса унинг асорати оғир оқибатларга олиб бориши аниқ. Шунинг учун динимизда ичкиликбозликдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91- оятлар).
Мазкур оятда май – маст қилувчи ичимлик қимор ўйнашга, бут-санамларга ибодат қилишга, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилишга тенглаштирилмоқда. Айни вақтда буларда шайтоннинг қўли бўлиб, у одамларнинг орасини бузишга, ўртасида уруш-жанжаллар чиқаришга ҳаракат қилиши айтилмоқда. Мўмин-мусулмон киши бундай ишлардан ўзини сақламоғи лозим.
Ҳадиси шарифда яъни: Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштиргувчи нарсадан қайтарганлар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Мўмин-мўмин учун ойнадир. Бугунги кунда жамиятимизда ичкиликбозлик оқибатида ўғрилик, талончилик, бировнинг жонига қасд қилиш каби кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. оилаларда нотинчлик ва паркандаликлар юзага келмоқда. биз ўз уйимизда, маҳалламизда бир-бирларимизни яхшиликка даъват этиб, ёмонликлардан огоҳлантириб туришимиз лозим бўлади. Ахир, бир инсонни Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилаётганини, жаҳолатга қараб бораётганини билатуриб, уни бундан қайтармаслик мўмин инсонга ярашмайдиган ишдир.
Демак, халқ орасида яхшиликларни ёйиш, ёмонликларнинг олдини олишга ғайрат қилмоқ лозим бўлар экан. Агар биров билан бировнинг иши бўлмай, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлаверса, Аллоҳ таоло ҳам бандаларидан юз ўгиради, уларнинг талабларига жавоб бермайди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бундай оқибатлардан Ўзи паноҳида асрасин! Омин!
Қуйида ичкиликбозлик оқибатида келиб чиқадиган энг оғир жиноятларни санаб ўтамиз.
- Қотиллик.
Маст киши руҳиятида рўй берган салбий ўзгаришлар натижасида ўзини бошқаролмай қолади ва ҳатто ўзгаларнинг жонига қасд қилади.
Бир одамнинг жонига қасд қилиш бутун инсониятнинг яшаш ҳуқуқига тажовуздир. Кўп қотилликлар мастлик пайтида рўй беради.
- Зино.
Маст бўлиш одамдаги ҳаё сифатини йўқотади. Натижада ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормайди. Ичимлик ва зино одатда доим ёнма-ён туради.
- Ўғирлик.
Ўғирлик ҳам динимизда қораланган катта гуноҳлардан биридир. Маст одамда тақво сифати қолмайди. Бундай пайтда у ҳар қандай гуноҳга қўл уриши мумкин. Айниқса наркотик моддалар истеъмол қилувчи кишилар хумори тутганда ҳеч тап тортмасдан ўғирликка қўл уради.
- Ўзаро душманчилик ва адоват.
Динимиз дўст, оға ини бўлиб яшашни, ўзаро иноқ бўлишни буюради. Мастлик пайтидаги ҳар хил ножўя гаплар, силаи-раҳм ва дўстликка путур етказадиган иборалар яқин кишилар ўртасига совуқчилик тушуради.
- Ёлғон ва туҳмат.
Маст одам тап тортмай ёлғон гапириши ва туҳмат қилиши мумкин. Шунинг учун ўтган замонларда ичган одамга туҳматчининг жазоси берилган.
- Оилаларни бузиш.
Кейинги пайтларда кўп кузатилаётган нохуш воқеалардан бири ичиб олиб талоқ қўйиш, рисоладагидек оилани барбод қилишдир. Оилавий можароларнинг аксариятига маст қилувчи ичимликлар ичиш сабаб бўлмоқда. Оқибатда болалар тирик етим бўлиб, ё отасиз, ё онасиз яшашга мажбур бўлмоқда.
- Ногирон болаларни туғилиши.
Оилада ота-она ёки улардан бири маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш оқибатида ногирон фарзандлар дунёга келиши кўпаймоқда. Натижада, ичувчи ота ёки онанинг нотўғри иши сабабли фарзанд бир умр ногиронлик дардига мубтало бўлмоқда.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан узоқ қилсин, ҳалоли билан сероб қилсин, ичкилик балосига мубтало бўлган азизларимизни бу офатдан тезда қутилишни насиб айласин!
Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби