Айни пайтда дунёнинг исталган нуқтасида чоп этилаётган норасмий матбуот нашрларининг аксарияти ададини ошириш мақсадида машҳур кишилар ҳаёти ҳамда асл воқеаларнинг ўзгартирилган талқинини чоп этмоқдалар. Буни соддагина қилиб, миш-миш тарқатиш десак бўлади.
Дунё сиёсий майдонида ғаразли мақсадларни кўзлаган турли гуруҳлар тап тортмасдан айнан мана шу йўлдан фойдаланмоқдалар!
Баъзи феълли инсонлар борки, улар ғийбат қилмасалар, ўзгалар ортидан гапирмасалар туролмайдилар. Бу одат уларга “рефлекс” бўлиб қолган. Аслида, бу иш ҳамиша қораланган, чунки улар жамият бузғунчиларидир, инсонлар ўртасида келишмовчилик уйғотувчилардир. Улар халқ тилида “миш-мишчи, ғийбатчи, гап ташувчи”, деб аталади. Ҳолбуки, инсонлар ўртасида гап ташиш, турли миш-миш ва бўҳтонлар тарқатиш Ислом таълимотида ҳам катта гуноҳ саналади.
Миш-миш сўзи араб тилида «ал-ишаа» — “ёйилмоқ”, “хабар ёйилди” маъноларини беради. Мaнбaси номаълум, мaқсaди ошкор қилинмай, oдaмлaр орасида тарқалаётган, тўғри ёки нoтўғрилиги текширилмаган хабарлар миш-мишлардир.
Миш-мишлар инсоният билан минг йиллардан буён яшаб келмоқда. Чунки қадимдан уйдирмалар, одамлар тушунмаган ҳодисаларни бунга алоқаси бўлмаган нарсаларга боғлаб талқин этиш ҳам ёлғончликнинг, уйдирмачиликнинг бир кўринишидир.
Миш-миш ва уйдирма тарқатаётганларнинг бир неча мақсадлари бўлиши мумкин. Обрў орттириш, алами бор одамни ҳақорат қилиш кабилар бунга мисол бўла олади.
Айни пайтда эса жаҳон сиёсий саҳнасида ишлаётган турли қора кучлар миш-мишлардан жамиятда тартибсизлик ва таҳлика келтириб чиқариш учун ҳам фойдаланаётганлари кундай равшан.
Инсон феълида ёлғон хабарга табиий мойиллик мавжуд. У мана шундай хабар тарқатишдан ва тинглашдан ҳузур қилади. Шу боисдан эшитган гапларимизни орқа-олдига қарамай яна бир одамга етказишга шошиламиз. Бу ҳам етмагандек, унга бир-икки тафсилотни ўзимиздан “илова” қилиб юборамиз. Қарабсизки, “пашшадан туппа-тузук фил ясалади-қўяди”. Феълимизда тарбиялангаман қусур уйдирмаларнинг кенг қанот ёзиб тарқалишига асосий сабабдир.
Миш-мишларни тарқатувчи воситалар тўлиб ётибди. Уларнинг энг хавфлиси тилига тушови йўқ, ғийбатга ишқибоз одамларнинг ўзлари бўлса, кейин интернет сайтлари, турли олди-қочди нашрлар, дисклар ва ҳакозолардир.
Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар, алломаларнинг ўгитлари миш-миш ва уйдирмалар тарқатишдан инсонларни кескин қайтаради.
Қуръони каримда: “Эй, мўминлaр, агар сизларга фoсиқ кимса xaбaр кeлтирсa, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмасликларингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингизлар!”, — деб уқтирилади. (Ҳужурот сураси, 6 оят)
Рaсулуллoҳ (с.a.в) шундай деганлар: “Эшитгaн ҳaр бир нaрсaсини сўзлaш кишининг ёлғoнчилигига кифoя қилaди”.
Буюк Ислом олими Имoм Мoлик (р.а) дедилар: “Эшитгaн бaрчa нaрсaни сўзлaш кaттa фaсoд экaнини бил!”
Турли миш-миш ва уйдирмаларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Бунинг учун нима қилиш керак?
Тарқатилаётган хабарнинг асл манбасини аниқлаш керак. Юртимиз уломолари,билимли кишиларига ишончли шахсларга мурожаат қилишимиз керак бўлади. Мободо, гап тарқатаётган одам ёлғончилиги билан ном қозонган бўлса, умуман унга эътибор бермаган маъқул.
Кўпинча миш-миш эшитувчи “Шунақа эканми, тавба”, деб хабардан ҳайратга тушади. Аслида бундай қилмаган маъқул, чунки бу гап ташувчини илҳомлантириб юборади. Аксинча, хабарнинг шубҳали эканини, қаердан эшитганини сўраса, миш-мишчи ўйланиб қолади…
Биз учун мана шундай олди-қочди гаплар керакми? Асло! Бекорчи суҳбатлардан кўра фойдали ишлар ёки суҳбатлар билан машғул бўлсак, мақсадга мувофиқдир.
Асоссиз маълумотлар, бўрттирилган ифодалар қандайдир номаълум гуруҳларнинг манфаатлари учун хизмат қиляпти.
Халқ ишончини қозонган шахслар фаолиятини нотўғри талқин этиш, ҳурматга лойиқ имом домла ва мудариссларимизни сарой мулла, ёки куфр билан ҳеч қандай ҳужжатсиз айбдор қилишга ҳаракат қилишмоқда. Воқеа-ҳодисаларнинг туб моҳиятини англаб етмасдан туриб, хулоса чиқариш оқил инсонларнинг иши эмас. Сохта даъволар ва уларни таркатаётган парда ортидаги кимасалар ва уларнинг малайлари, ғаразли мақсадлари фитнасидан огоҳ бўлинг биродарлар.
И.Рахматуллаев
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом ноиби