Ихтилоф ва машаққат гирдоби

   Дунё тарихига теран назар ташласак, ҳар қандай кўнгилсиз воқеа-ҳодиса замирида фитналар уюштирилганига гувоҳ бўламиз. Одам алайҳиссалом давридан то Расули акрам алайҳиссалом замонларигача, саодат асридан бугунги кунгача кузатилган ҳар қандай уруш, қирғинбарот жанглар, қонли тўқнашувларга фитналар сабаб бўлганини ҳеч ким инкор эта олмайди.

   Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумоларнинг шаҳид этилиши, Ҳазрати Али ва Муовия роҳияллоҳу анҳумо ўртасидаги келишмовчиликлар ва ундан кейинги асрларда содир бўлган машъум ҳодисаларда ҳалок бўлганларни ҳеч иккиланмай фитналар қурбони бўлишган дейиш мумкин.

   Шу боис Аллоҳ таоло Қуръони каримда:  “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…”, деб марҳамат қилган (Бақара,191 оят).

   Тинч, осуда ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчлик кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари аслида одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир, ёмон оқибатларга олиб келадиган гуноҳ эканини асло унутмаслик зарур.

   Ҳадиси шарифларда ҳам фитна қаттиқ ва қатъий қораланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан;  Расулуллоҳ алайҳиссалом:  “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жам тик турган эса, юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса, тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса, уни фитна ўзига тортиб олади. Кимки қутилишга жой топса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин”  (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

   Ушбу муборак ҳадисда Набий алайҳиссалом киноя билан ҳам фитнага аралашиб қолишдан қаттиқ қайтармоқдалар. “Тик турган одам билан ўтирган одам” деганда, фитнага қизиқиб турган одам билан унга эътибор бермаган одам назарда тутилмоқда. Демак, фитначилар ҳақида қизиқишдан кўра, уларга асло эътибор қилмаслик зарур.

   “Ўрнида жим тик турган одам билан юраётган одамдан” мурод эса, фитнага қизиқиб турган ва фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушганлардир. Демак, фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушгандан, унга қўшилмай, шунчаки қизиққан дурустроқ саналмоқда. “Яёв юрган эса, тез-тез юраётган одамдан” мурод эса, фитна сари тез ҳаракат қилаётганлардан кўра, суст ҳаракат қилаётганлар Аллоҳнинг наздида сал тузукроқ одам, демакдир.

   Бу иллат жамиятда илдиз отар экан, унга аралашган одам дархол чиқиб кетиши қийин. Чунки фитна одатда жозибали бўлади, унга қизиққанларни дарров ўзига жалб қилади. Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин, фитнадан қочиши шарт.

   Имом Зайнуддин Биргавий раҳимаҳуллоҳ “Тариқат ул-Муҳаммадия” асарида исломий одоб-ахлоқ, хусусан, қалб хасталиклари борасида сўз юритар экан, 48-ўринда “Фитна” ҳақида алоҳида тўхталиб, жумладан бундай деган: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. “Фитна” деб, одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни давлатга қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини хисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади. Шунингдек, китоб мутоала қилишда эҳтиётсизлик қилиб, тушиниб-тушунмасдан оммага нотўғри тушунча бериб қўйиш ҳам фитна дейилади.

   Бугун фитналар шу қадар чуқур илдиз отяптики, бундай ҳолатда мўмин-мусулмон киши зийрак ва хушёр бўлиши қатъий талаб этилади.

   Шундай экан, бугун ўзини мўмин ҳисоблаган, шу азиз диёрнинг фуқароси бўлган киши ҳар қандай фитнага дуч келса, аввало, мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифга мурожаат қилиши, ақл билан иш тутиши зарур. Муфтий Нуриддин домла Холиқназаровни “Ихлос-амаллар зийнати” китобидан фойдаланилди.

   Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *