Ислом дини инсоннинг бошқа бир инсонга нисбатан ёмон гумонда бўлишдан қайтаради ва ҳамиша инсонлар бошқаларга нисбатан яхши фикрда бўлишга чақиради. Луғатида гумон сўзи: “Гумон-форсча сўз бўлиб, у фикр, фараз; шубҳа маъноларини англатади. Бирор нарсанинг ҳаққонийлигига, тўғрилигига ишонмаслик; шубҳа”, деб изоҳланади. Ўзга инсонлар ҳақида ёмон фикр қилиб, улар ҳақида ёмон гумон қилиш билан инсон гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирларига ёмон гумон қилишдан қайтариб шундай дейди: “ Эй инсонлар, одамлардан ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Инсон ўзининг баъзи бадгумони билан гуноҳкор бўлур”. ( Ҳужурот сураси, 12-оят). Инсонлар бир-бирларига ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Зеро, бировдан гумон қилишлик ботил нарсадир. Бу ҳақда пайғамбаримиз алайхис салату вассалам: “ Эй умматларим, бир-бирингизга нисбатан ёмон гумонда бўлмангизлар, зеро гумоннинг асли ботил ва пуч нарсадир. Бир-бирларингиздан махфиёна айбу нуқсон қидирманг, ўзаро бўғзу адоватда бўлиб, аразлашиб юрманглар, балки иноқ ва ҳамжиҳат бандалардан бўлинглар”, дейдилар. Гумон аслида пуч нарса бўлиб, у ёлғон гаплардан иборат бўлади. Пайғамбаримиз алайхис салату вассалам : “ Гумонсирашдан сақланинглар, зеро гумон ёлғон гапдан иборатдир”. Инсон ҳар хил ёмон гумон келиб чиқадиган ишлардан сақланмоғи ҳам лозим.
Ёмон гумон шайтоннинг тузоғидир. Шайтон бадгумонлик билан инсонларнинг кўнглини овлайди. Чунки ёмон гумон жамият ичида низоларни келтириб чиқарувчи, ўзаро алоқаларни ёмонлаштирувчи, ўзаро муҳаббатга барҳам берувчи балодир. Бунинг натижасида шайтоннинг ови бароридан келади. Ўз режаларини амалга оширади ва инсонлар кўнглини бирма-бир қўлга киритади. Чунки ёмон гумондаги инсонлар ҳеч вақт бирикмайдилар ва бир-бирларини маҳкам тутмайдилар. Зеро, бўри подадан ажралган қўйни ейди. Инсон ўзга кишилар ҳақида доимо яхши фикрда бўлиши лозим Албатта, дунё ва ундаги нарсаларга қайси томондан қарашимиз кўп нарсани ҳал қилади. Агар дунё ва ундаги нарсаларга яхшилик томондан қарасак, ҳамма нарсада яхшилик кўринади. Мабодо ёмонлик назари билан қарасак, ҳамма нарсадан ёмонлик топса бўлади.
Шоир айтганидек: Торларга тор дунё, кенгларга кенг дунё. Яхши инсон ҳар бир нарсадан яхшилик излайди, ёмон ниятли инсон эса ҳамиша ҳар нарсадан ёмон гумон қилиб тураверади. Ёмон гумон туфайли инсонлар бошқа бировларни ғийбат қиладилар ёки уларга асоссиз туҳмат уюштирган бўладилар. Ғийбат ва туҳмат инсоннинг яхши амалларини йўқотади. Қиёматда бир кишини олиб келишади. У инсоннинг аъмолномасини фаришталар кўздан кечириб, у киши кўп ғийбат ва туҳмат қилганлигини айтишади. Шунда Аллоҳ таоло: “ Ғийбат ва туҳмат қилган кишининг савобларини ғийбат ва туҳмат қилинган кишининг аъмолномасига ўтказинглар”, дейди. Фаришталар у кишининг бор савоб амаллари ўтказадилар ва савоб амаллар тугаб қолганлигини маълум қилишганда Аллоҳ таоло:
“ Савоб амаллари тугаган бўлса, энди ғийбат ва туҳматга учраган кишининг гуноҳларини ғийбат ва туҳмат қилувчининг аъмолномасига ўтказинглар”, дейди. Ва ғийбат ва туҳмат қилган киши ғийбат ва туҳмат қилинган одамнинг гуноҳларини олади. Зеро, ҳадисда: “ Кимнинг гарданида бошқа бировнинг ҳаққи бўлса, адо қилсин. Қиёмат куни унинг савоб ишлари ҳақдор кишига олиб берилади. Агар савоблари бўлмаса, ҳақдорнинг гуноҳлари унга олиб берилади”, дейилади. Халқимиз орасида айрим кишиларнинг: “ Ноҳақ гумон иймондан айиради ” дейишганини эшитамиз. Инсон ёмон гумондан ўзини тийиб юриши лозим.
Пайғамбаримиз алайхис салату вассалам.“ Учта ёмон одат борки, инсонларнинг улардан қутилиши қийин: Бирор нарсадан ирим ва шумланишлик одати; Бировга берилган неъматга ҳасад қилишлик; Биров ҳақида ёмон гумон қилишлик. Атрофда турган одамлардан бири сўради: “ Бу учта ёмон одатдан қайдай қутилса бўлади?”.Шу у зот: “Ирим-сиримларга, шумланишликка йўлиқиб қолсанг, уларга парво қилмай ўтиб кетавер. Бировга ҳасад қилиб қўйсанг, дарҳол тавба, истиғфор айтгил. Бировдан беихтиёр гумон қилиб қолсанг, гумонингга ишониб гапираверма ва унга асосан иш тутма”, дедилар. Одамларнинг қилаётган ишларидан хато ва камчилик қидиравериш яхши одат ҳисобланмайди. Инсон ўзгалардан хато ва камчилик топаверса ҳеч қачон ўзига яқин дўст топаолмайди. Атрофидаги дўстларини ҳам ўзидан безитади, уларни бузади. Бу дунёда айб-нуқсонсиз инсон йўқ. Ҳар бир одамда айб-нуқсон бор. Халқимиз бунга ишора қилиб: “ Беайб парвардигор” деган сўзи бор. Шу сабабли атрофимиздаги кишилар ҳақида ҳар хил гумонларга боришдан сақланишимиз, имкони борича уларнинг ишларини яхшиликка йўйишимиз лозим. Ҳозир ҳам баъзан айрим кишиларнинг ҳар нарсадан гумон қилиб юрганликларини учратасан. Бировдан ёмон гумон қилиб гапиришдан жуда кўп кўнгилсиз воқеалар келиб чиқади, туппа-тузук яшаб турган оилар бузилиб фарзандлари етим қолади. Баъзи бир енгил табиат одамларнинг ёмон гумон қилиб айтган гаплари билан одамлар орасида қутғу адоват солинади. Биров гумон қилиб гапирса, уни бу ёмон гумондан қайтариш ўрнига, унинг гапларини кўтариб чопадиган одамлар ҳам кўплаб топилади. Аслида бировдан эшитган гапиравериш гуноҳни кўпайтиришдир. Инсонлар доимо бир-бирларига яхшилик соғиниб яшашлари лозим. Зеро, инсонлар ўртасида инсонгарчиликдан кутилган мақсад ҳам яхшилик қилишдир.
Хулоса ўрнида бирор инсонга яхшилик қилиш қўлимиздан келмайдими, унга ёмонлик қилишдан ҳам тийилайлик.“ Бировга яхшилик қилиш қўлингдан келмайдими, унга ёмонлик ҳам қилма”. Бировга яхшилик соғиниш қўлимиздан келмайдими, унга ёмон гумон қилишдан ҳам эҳтиёт бўлайлик. Ҳали, ҳеч ким одамларга ёмон гумон қилиб ўз мақсадига эришган эмас. Ёмон гумон ҳеч кимни мақсадига эриштириб. бахтли қилаолган эмас. Ёмон гумон инсонлардаги туҳмат, ғийбат, ичи-қоралик, чақимчилик, инсофсизлик, бўғзу-адоват каби салбий хулқларни юзага чиқариб, уларни инсонларда томир отишига сабабчи бўлади. Бу ёмон хулқлар туфайли қанча-қанча инсонларга сабабсиз озорлар берилади. Ёмон гумон жамият кишилари ўртасидаги меҳр-оқибат ипларини узади. Улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, яхши ишларда ҳамкорлик қилиш фазилатларини йўққа чиқаради. Шу сабабли инсонларга ёмон гумон қилишдан сақланиб, ҳамиша яхши фикрда бўлишга ҳаракат қилишимиз ва бу билан ўзимизга ҳам, ўзгаларга кўп манфаатлар етказган бўламиз.
Э.Қутлиев
Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби