Кийиниш маданияти – инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси, эстетикаси, ахлоқий сифатлари ва салоҳиятини очиб беради. Кийиниш маданиятига бўлган қараш инсоннинг гўзаллик, нафосат, одоб борасидаги кўз қарашларини ифода этадиган омил ҳамдир. Бугунги шиддатли давр ёш авлодга замонавий таълим бериш билан бирга уларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитетни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор бериш лозимлигини кўрсатмоқда.
Инсоннинг кийган кийими атрофдагиларда у ҳақидаги илк таассуротни пайдо қилади. Кийиниш маданияти атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан муносабатимизни ифодалайди. Либос кишининг диди, дунёқараши ҳамда хулқ-атворидан дарак беради. Кийим инсон маънавий дунёсининг бир қисми. Ундаги ҳар бир элемент аслида ўзимиз тўғримизда сўзлайди.
Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Бу кийимларнинг ўзбекона маданиятимизга менталитетимизга хос эмаслиги ҳақида эса ўйлаб кўришмаяпти. Афсуски мен бугунги йигит – қизларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида ижобий фикр билдири олмайман. Чунки бугун кўча куйда, европага тақлид қилиб кийинаётган ёшларимизда миллийлигимиз акс этган кийимлар тоборо камайиб бормоқда. Аслида кийиниш маданияти хам ўзбекона маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Бу масаланинг жиддий томони шундаки юзага келаётган ушбу муаммо бугунги куннинг мухим долзарб мавзусига айланди. Кўпчилик ёшларимиз эвропа услубида кийинмасликни замондан ортда қолиш деб хисоблашмоқда. Бу фикрнинг мутлақо нотўғри эканлиги ҳақида фикр юритишмаяпти .
Энг аввало ота она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки қизларимиз ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти хам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса нур устига аъло нур бўлади.
Аслида кийиниш билан ҳақиқий мусулмонлик белгиланмайди. Инсоннинг кийган либоси унинг ички дунёсидан, хаё-ибосидан далолат беради. Аёлларимиз уст-боши ҳам ўзларига хос, яъни шариатга мувофиқ баданларининг очиқ кўзга ташланишига йўл қўймайдиган тарзда бўлиши керак. Ҳар бир миллат ўз миллий либосини кийишга тўла ҳақли. Шундай экан, аёлларимиз ўз миллий либосларини кийсинлар. Ўзимизга хос кийиниш орқали маданиятимиз қайта тиклансин. Лекин бу билан миллий кийимларимиз яратилган пайтда қандай бўлса шундайлигича қолсин дегани эмас.
Мамалакатимиз ҳар томонлама ривожланаяпти. Қадимий либосларимиз ҳам замоннинг ўзгариши, тарихий муносибати билан мукаммаллашиб, кўркамлашиб бормоқда. Ана шу кийиниш маданияти «ривожланиб» кетиши натижасида ёшлар ва аёллар миллий ва диний қадриятларни ифода этадиган либослардан юз ўгирмоқдалар.
Ислом динида кийиниш борасида ҳам ўрта ва мўътадил йўл тарғиб қилиниб, ҳаддан ошиб кетиш ёки тақво ва парҳездорлигини даъво қилиб, ўта хароба ҳолатда кийиниш қораланади. Бежирим кийиниш, меҳр-оқибат, миллий қадриятларимизнинг юксаклигини ифодалайди. Бунга амал қилиш мустақил ва обод юртимизнинг ҳуснига ҳусн қўшади.
Ф.Отажанова
ЎМИ Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси