Бугунги кунда дунё ахолиси бошдан кечираётган глобаллашув жараёни инсоният учун катта-катта имкониятлар эшигини очмоқда. Лекин, афсуски, дунёдаги айрим кучлар шундай ҳам мураккаб бу жараённи янада мураккаблаштириш, образли қилиб айтганда, сувни янада лойқалатиб, истаганча балиқ тутишга зўр бермоқда. Хусусан, доимо зўравонлик ва гегемонлик хисобидан бойлик орттириб келган кучлар мана шундай вазиятлардан фойдаланиб “оммавий маданият” ғоясини кенг тарғиб этмоқда.
“Оммавий маданият” XIXаср охири – XX аср бошида шаклланди. Оммавий ахборот ва коммуникатция (Радио, кино, телевидения, кўп нусхали газеталар, суратли журналлар кейинчалик интернет)нинг кескин ривожи бунга сабаб бўлди. Маънавий, маданий молларни ишлаб чиқариш саноати пайдо бўлди. Шундай қилиб, ахолининг функционал билимларида – кўтарилиш, маданиятда, маънавиятда эса пасайиш кузатила бошлади.
“Оммавий маданият”нинг таг замирида аввало тижорат моддий манфаатдорлик борлигини бугунги замонавий фан хам эътироф этиб келмоқда. Ҳақиқатдан ҳам ёт мафкуралар ҳар доим эркин бозор муҳитида харидоргир товарлар билан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Товарлар, унинг оддий ёрлиғи бўладими, унга тушурилган ёзувлари расмлар барча-барчаси ёнида ҳамиша муҳим сиёсий “Маҳсулот” – ғоя бўлган ва у бошқа товарлар қатори экспорт қилинган. Айнан шу усул “оммавий маданият” экспортида бугун ҳам фаол қўлланилмоқда.
“Оммавий маданият” ўз маъносида эмас, балки кўчма маънода ишлатилмоқда. Чунки у қўштирноққа олинган. Бу тушунча ҳақида кўплаб олимларимиз таъриф беришади.
«Оммавий маданият» туб моҳиятига кўра миллий маданиятларнинг кушандасидир.
«Оммавий маданият» тарғиботи энг аввало исломий қадрият, ахлоқимизни ғарб турмуш тарзи, шахс эркинлиги, демократия ниқоби доирасида талқин қилинадиган ахлоқ (тўғрироғи ахлоқсизлик) билан алмаштиришдир.
“Оммавий маданият” асосан замонамиз вакилларининг янги-янги “мода”лари асосида бойиб боради. Гўёки ким ўша “мода”га амал қилса, у маданиятли деб топилади. Ҳамма оммавий равишда ана шу мода асосида яшаши керак бўлади. Акс ҳолда у замондан орқада қолган – маданиятсиз деб ҳисобланади. Чунки у бугуннинг модасини билмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, “оммавий маданият” бу – оммавий “мода” ният, яъни янгича модани ният қилиш, кимгадир тақлид қилиш, унга эришиш ва уни оммавийлаштириш демакдир.
Демак “оммавий маданият” айнан маданият эмас, балки маданият кушандаси, инсонни инсон қиёфасидан чиқарадиган бир кушандадир.
“Оммавий маданият” аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизлик синонимидир. “Оммавий маданият” шу боисдан, энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти.
Таассуфли жиҳати шундаки, гоҳида ғоятда истеъдодли инсонлар ҳам “Оммавий маданият” тарғиботчиларининг қутқусига учраб, унинг тегирмонига сув қуймоқдаТадқиқотчиларнинг фикрича, мана шундай “аччиқ истеҳзоли, қора мазмунли кулги”- “оммавий маданият” фаолиятининг энг етакчи белгиларидан биридир. “Оммавий маданият” намояндалари қора, заҳарханда, беҳаё кулгуни “исён ифодаси” деб билишади. “Нимага қарши исён” деган савол туғилади. Поп- натижаларига қараб ҳукм юритадиган бўлсак, улар инсоният яратган барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этади: юксак маданиятни, маънавиятни, ахлоқни, юксак орзу-мақсадларни менсимайди… Улар учун эзгуликнинг ўзи йўқ.
Муқаддас динимиз чиройли хулқ ва гўзал одобга чақиради, зеро сукли пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси бўлганлар ва умматларини шундай бўлишга чақирганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси мўминнинг имони комил ҳисобланади”, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўминнинг”, деб жавоб берганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: Бадбахтлик нима, ё Расулуллоҳ?— Ёмон хулқ! Дедилар. (Имом Аҳмад ривояти). Динимиз, миллатимизга мутлақо ёт бўлган бу каби маънавий, ахлоқий-бузуқлик, тубанлик, зўровонлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келишлиги мумкинлигидан огоҳ бўлиш ҳар биримизни бурчимиздир. Лекин эътироф этиш керакки, “оммавий маданият” турмушимизга чет элдан келтирилаётган товарларнинг пардоз, ёрлиқ қоғозларидаги расмларида сўнгги модадаги либослар, фильм, интернет тармоқлари орқали билимсиз ҳолда кириб келмоқда ва мазкур «маданият»нинг хуружини ҳали ҳамма бирдек англаб етаётгани йўқ. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам шуни тан олиш керакки, баъзи ёшларимиз орасидаги ғарбга маҳлиё бўлиш, ўз миллийлигидан бегоналашиш ҳислатлари шубҳасиз, “оммавий маданият”нинг таъсири натижасидир.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, хозирги кунда ғарб мамлакатларидан кириб келаётган жуда хам нафратланадиган одатлар, танасига ҳар хил расмларни чиздириш, аянчлиси, хозирда бу холат қизлар орасида ҳам жуда кенг авж олмоқда. Энг ачинарлиси, иккита бир хил жинсли инсонларнинг турмуш қуриши, ўз жинсини ўзгартириш каби холатлар шулар жумласидандир. Ваҳоланки Аллоҳ таъоло ўзининг каломида шундай дейди:
“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”( ”Рум” сураси, 21-оят).
Демак Аллох барча махлуқотларини ўз жинсидан бўлган жуфти билан яратган экан. Тарихдан жуда яхши биламизки, айнан ана ўша бир хил жинслик инсонларни бир бирлари билан алоқада бўлишлиги яна хам аниқроқ айтадиган бўлсак, бесоқолбозлик, лўттибозлик қилганликлари учун Лут алайҳиссаломнинг қавмига Аллоҳ томонидан қаттиқ бало юборилган.
Ундан ташқари, хозирги баъзи ёшларимизни кияётган кийимини кўриб уялиб кетасан киши. Эмишки, бу хозирги мода. Энди модани хам чегараси маданияти менталитети бўлади, ахир. Айтингларчи, тор шим кийиб тизза ва сонларини йиртиб олиб мода деса ёки киндигини кўрсатиб калта кўйлклар, калта юбкалар кийиб олсалар, қулоқларига қаторлатиб сирға ва бурун- қошларига халқалар тақиб олишса, буни хам маданиятда деб, бепарво қараб ўтирамизми?
Демак хар бир ота-она, хар бир мен мусулмонман деган инсон, ўз фарзандларини одоб ахлоқига, тарбиясига эътибор бериб, ана шундай ёмон иллатли оқимлар, гурухлар ва секталарга қўшилиб қолишини олдини олиш лозим.
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби