Ҳасадгўйликдан-йироқ бўлайлик

  Ҳасад ахлоқий разолатлардандир.У инсондаги энг қабиҳ хислатлардан бири бўлиб, ҳаётини бузувчидир.Чунки ҳасадчи доимо ўзидан бошқаларга бахтсизлик ва фалокат тилайвериб, ўзини ҳам шу ҳасад билан бадбахт қилиб қўяди. Ҳасадчи ўзига етган яхшиликлардан хурсанд бўлиш ўрнига, ўзгаларга етган яхшиликлардан азобланади.

         Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда ўз ҳадисларида шундай деганлар: «Сизлардан бирингиз мол-мулкда ва ахлоқда ўзидан устун турадиган кишини кўрса, дарҳол шу нарсаларда ўзидан паст турадиган кишиларга назар ташласин.»

         Ҳаётда турли одамларнинг  дунёвий насибалари турлича бўлишини барчамиз яхши билмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, мол-дунё беради, истамаса бандасига хеч нарса бермайди. Бу унинг ўзига хосдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:»Айтинг: Эй мулк (подшоҳлик) эгаси -Аллоҳ! Сен хоҳлаган  кишингга хукмдорлик  ато этурсан ва хоҳлаган кишингдан  хукмдорликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан ва хоҳлаган кишингни хор этурсан. Эзгулик  Сенинг измингдадир. Албатта Сен ҳамма  нарсага қодир Зотдирсан» . (Оли Имрон -26 оят).

         Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам  шу ҳақиқатга ишора қилади. «Маиший ҳаётда ўзларингиздан қуйироқда  бўлганларга назар ташлангиз  ва сизлардан  маиший  даражаси  юқориларга  қарамангиз. Бу   Аллоҳ  таолонинг  сизларга берган  неъматини  хурмат қилишингиздаги  муносиб аломатдир». (Муслим  ривояти) .

         Инсон Аллоҳ таолонинг ҳар қандай  моддий неъматини ўзида ҳис этиши ва унга шукр қилиши, қадрига етиши  у  неъматларнинг зиёда  бўлишига сабабдир. Аксинча  неъматга ҳурматсизлик, уни  писанд қилмаслик  содир бўлса, бу эртами-кеч Аллоҳнинг ғазаб  ва интиқомига  олиб келади. Зеро,  Аллоҳ  таоло  хабар бериб,  айтади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз:» Қасамки,  агар (берган неъматларимга)  шукр қилсангиз, албатта,  (уларни янада) зиёда  қилурман. Борди-ю, ношукрчилик  қилсангиз, албатта, азобим  (ҳам)  жуда  қаттиқдир».  (Иброҳим, 7-оят. )

         Аллоҳ  таолонинг  қадарига ишониш ва берган  неъматига  рози бўлиш,  инсон ҳаёти  гўзал  ва  барқарор  бўлишида, дунё ғам-ташвишлари, азоб — уқубатларига  сабр  қилишида  ёрдам  қилади .

         Юқорида зикр қилинган  ояти  карима ва  ҳадиси  шариф  мазмунларини  яхши  тушиниб, амал этишга харакат  қилиб  борсак, иншааллоҳ, ҳаётимиз  фарағатли  ва охиратимиз  саодатли бўлади .

    Яратганнинг  Ўзи  ҳаммамизни  ҳасад  қилиш  иллати  ва ҳасадгўйлар  шарридан  асраб- авайлаб, ҳавас ва  эзгу мақсадларга  етиш  учун  интилишлар билан  яшашни  насиб  қилсин!

 

С.Содиқова

Янгиариқ туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *