Исломдан олдинги жоҳилият даврида сафар ойидан шумланиш одати бор эди. Улар сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, никоҳ ақди қилиб бўлмайди, аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди каби бир қанча хурофатлар асосида бу ойдан шумланишар эдилар. Уларнинг фикрича бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзида тарқалар ва мазкур ишларни қилган одамларга зарар етказади деб шумланишар эдилар.
Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофатлардан иборат фикрларни тўғирлади. Лекин минг афсуслар бўлсинки жоҳилятнинг жоҳил эътиқодларидан бўлмиш сафар ойида шумланиш баъзи сабабларга кўра ҳозиргача орамизда сақланиб келмоқда.
Шумланиш борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида: Уч нарсадан менинг умматим хануз қутула олмайдилар. Бу хасад, бадгумонлик ва иримдур. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, хасад қилсангиз зулмга ўтманг, гумону шубҳа қилсангиз уни ҳақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутманг, Бирор ирим қиладиган нарсага дуч келсангиз Аллоҳ таолога таваккал қилиб йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шумланиш одатидан қаттиқ огоҳлантириб : Шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир деб уч марта қаттиқ танбеҳ берганлар. Энди сафар ойида сафар қилиб бўлмайди, никоҳ ёки бошқа тўй қилиб бўлмайди, ёки бирор бир яхши иш қилиб бўлмайди деб шумланадиган бўлса юқоридаги ҳадисда айтилганидек ширк қилган бўлади.
Барийқаи Маҳмудия шарҳи Торийқаи Муҳаммадия номли китобларда сафар ойига оид қуйидаги маълумотларни ўқиймиз. Сафар ойида сафар қилиб бўлмайди, никоҳ ва бошқа ишларни бошлаб бўлмайди деган кимсалар билиб қўйсинки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинадики. Ким менга сафар чиққанини башоратини берса, мен унга жаннатнинг башоратини бераман деганлар. Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой исломда сафарул хайр сафар яхшилик деб номланган. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида иш бошлаб бўлмайди деган хурофатига зид ўлароқ, Исломда кўпгина ишларни айнан сафар ойида бошлаганлар. Масалан Масжидун набавийнинг қурилиши айнан сафар ойида бўлган. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди деган хурофатига зид ўлароқ, мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарга чиққанлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилганлар. Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан никоҳланиб бўлмайди деган хурофатига зид ўлароқ, мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказганлар. Тухфатул муҳтож фий шарҳил минхож номли китобда ва бошқа манбаларда Имом Зухрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан сафар ойида ўз қизлари Фатимаи Захрони хазрати Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб берганлар. Шунинг учун ҳар бир ишда Аллоҳ таолога таваккал қилиб иш қилишимиз ва яшамоғимиз лозим. Ҳар хил бидъат ва хурофатлар ва ирим сиримларга берилмасдан сафар ойидаги хайрли ишларни тўхтатиб қўймайлик. Бу жоҳилият аҳлининг амалларидан ҳамда ислом таълимотидан бехабарлигимиздандир. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни ўзининг хидоят йўлидан адаштирмасин, бидъат хурофатлардан эҳтиёт бўлиб, ўзининг рози қиладиган бандалар қаторидан бўлишни насибу рўзи қилсин.
Х.Аҳмедов
Шовот тумани бош имом-хатиби