Ватан – инсон туғилган гўша, киндик қони тўкилган маскан, у масканда улғаяди, оила қуради, эсдан чиқмайдиган хотиралар унда рўй беради, яқинлар, қариндошлар, ота-боболар барча барчаси инсон учун муқаддас хотиралардир. Зотан, Ватанни севиш инсон табиатини бир бўлагидир. Шунинг учун, ундан узоқлашганда уни қумсайди ва соғинади. Аллоҳ инсонга мана шу табиатни ато этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетишни хоҳламадилар, фақат Макка мушрикларининг у зотга зулмлари ҳаддан ошгандан сўнгина Роббиларининг изни ва кўрсатмаси билан ундан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллар бўшашиб кетадиган сўзлар айтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сени ташлаб чиқишимга мажбур қилмаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дея Макка шаҳридан чиқиб кетаётганларида марҳамат қилган экан. (Термизий ривояти). Ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватанларига нисбатан айтган бу гўзал сўзга эътибор қилинг! Ватанни ҳавоси, суви, тупроғи барчаси бамисоли шифодек. Бежизга доно халқимиз: “Она ернинг тупроғи она сутидан азиз”, деб айтмаган.
Инсон аввал ўзи туғилиб ўсган она заминига муҳаббат ва садоқатли бўлишига Ислом дини ўргатади. Сўнг бутун дунё ва башариятга. Яъни, аввал инсон ўз яқинларига, қариндошларига яхшилик қилишга чақирилади. Кейин атрофини ўраб турган Аллоҳ яратган мавжудотларни ҳаққини адо этиш уларга раҳм қилишга чорлайди. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким ер аҳлига раҳм қилмаса, осмон аҳли раҳм қилмайди”. (Бухорий ривояти). Бу доира кенгайиб бораверади. Хоҳ у инсон бошқа дин вакили бўлсин, албатта унга яхшилик қилишга чақиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким аҳдлашган (аҳли китоб)га зулм қилса, ё унинг тоқатидан ортиқ нарсага буюрса, ё уни рози қилмай ундан бирор бир нарсасини олса мен қиёмат куни уни сўровчиси бўламан”,-деганлар.
Ватанпарварлик – Ватанга нисбатан садоқат, унга хизмат қилиш, юрт тинчлигини асраш, равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилатдир. Унинг мазмуни – Ватанга меҳр-муҳаббатли ва содиқ бўлишдан, юртнинг ўтмиши ва ҳозири учун фахрланишдан, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга интилишдан иборат. Ватанпарварлик ота-боболардан мерос колган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она-Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя килиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади.
Ватан инсон учун муқаддас туйғу бўлиб, ўз-ўзидан уни севиш ва ардоқлашга, жонни фидо қилиб ҳимоя қилишга лойиқ ҳисобланади.
Ф.Отажанова
ЎМИ Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси