Ёшларимизни турли ёт ғояларга берилишини олдини олайлик

Сохта салафийлар (Улар олимлар орасида ғайри муқаллид деб ҳам аталади) бир неча масалаларда мусулмонларни адашган, фосиқ ва ҳатто кофирга чиқаришга урунадилар. Улар жумласига васила масаласи ҳам киради. Қайд этиш лозимки, сохта салафийларнинг тавассул борасидаги тор қарашлари Қуръон ва суннатга зид бўлиш билан бир қатрода аҳли сунна ва жамоа уламоларининг қарашларига мос келмайди.

Васила луғатда “яқинлашиш”, “даража”, “восита”, деган маъноларни англатади. Истилоҳда, мақсадга элтувчи ҳар қандай воситага “васила”, дейилади. “Тавассул” сўзи солиҳ амаллар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Аллоҳ таолога яқинлашиш маъноларида ишлатилади.

Васила қилиш Қуръон, сунна, саҳобаларнинг амаллари билан ўз исботини топган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтарингиз”. (Моида сураси, 35-оят)

Бу ояти каримадаги тирик ёки вафот этган шахсларни ва солиҳ амалларни васила қилишни ўз ичига олади.

“Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васила изларлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқ учун). Унинг раҳматини орзу қилурлар ва азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир (Исро сураси, 57-оят).

Манбаларда василанинг қуйидаги кўринишлари келган:

Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларини васила қилиш. Бунга Қуръони каримнинг қуйидаги ояти далил бўлади:

“Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганларни тек қўйинг. Яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар” (Аъроф сураси, 180-оят).

Солиҳ амалларни васила қилиш. Василанинг бу кўриниши жоизлигига барча уммат иттифоқ қилган. Бу турдаги василани тавассулни ширк дейдиган сохта салафийлар ҳам қабул қиладилар. Унга Ибн Умар (р.а.)нинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган машҳур ҳадиси кучли далил сифатида келтирилади. Унда айтилишича, уч нафар киши ёмғирдан сақланиш учун тоғдаги ғорга кириб оладилар ва тоғдан бир харсанг тош тушиб, чиқиш йўлини тўсиб қўяди. Шунда улар ғордан чиқиш учун қилган холис солиҳ амалларини васила қилиб, Яратганга дуо қиладилар. Натижада ғор оғзи очилиб, улар эркинликка чиқадилар. Бу ривоят солиҳ амалларни васила қилиш мумкин эканига инкор этиб бўлмайдиган далил ҳисобланади.

Тирик солиҳ кишиларни васила қилиш. Василанинг яна бир кўриниши авлиёуллоҳлардан ҳожатларини сўрамай, балки уларга илтимос қилиб: “Бизни муродимиз ҳосил бўлиши учун ҳаққимизга дуо қилинг” дейшликдир.

Бунда киши ўз ҳожатини Аллоҳ таолодан сўраб беришини муқарраб бандалардан илтимос қилади ва улар Аллоҳ таолодан уни муроди ҳосил бўлишини сўраб дуо қиладилар. Бундай қилиш суннат амал ҳисобланиб, Набий алайҳиссалом замоналаридан то ҳозирги кунгача барча мусулмонлар бир-бирларидан дуоларида эслашларини илтимос қиладилар. Мусулмонлар ўзаро бир-бирлари ҳаққига дуо қилишлари дурустлиги ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умрага изн сўрадилар. Бас, унга изн бериб: “Эй, биродарим! Дуоингда бизни эсдан чиқарма” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “У дунё(даги нарсалар)дан яхшироқдир” деди” (ал-Муснадул жоме). Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор Пайғамбар қабрига бориб, улардан ҳақларига дуо қилишларини сўраганликлари ривоятларда мавжуд эмас. Саҳобий ва тобеинлар ҳам ўзаро бир-бирларининг ҳаққига дуо қилишни илтимос қилганлар. Лекин, улардан бирортаси муқарраб бандалар қабрига бориб, улардан ўзлари ҳаққига дуо қилишларини сўраганликлари собит эмас. Солиҳ инсонларни васила қилишга қуйидаги ҳадис далил бўлади:

Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши бир ҳожати билан Усмон ибн Аффон ҳузурига келар, у зот эса унга ҳам ҳожатига ҳам эътибор қаратмас эди. У Ибн Ҳунайфга йўлиқиб ҳолатини шикоят қилди. Шунда Усмон ибн Ҳунайф унга: “Таҳорат қил ва икки ракъат намоз ўқиб: “Аллоҳумма инни асъалука ва атаважжаҳу илайка бинабийина Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллам набийир роҳмати. Я Муҳҳамд инни атаважжаҳу бика ила Робби фатуқзо лий ҳожатий (Аллоҳим Сенга набийинг, раҳмат пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни васила қилиб юзланаман ва сўрайман. Эй, Муҳаммад алайҳиссалом сиз ила Роббимга юзланиб ҳожатимни раво қилишини сўрайман)” деб ҳожатингни зикр қил ва тушликдан кейин унинг ҳузурига бор. Мен ҳам сен билан бирга бораман, деди. Киши кетди ва унинг айтганларини қилди. Сўнг Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эшиги олдига келди ва дарвозабон уни олдига олиб кирди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уни ўзи билан бирга гилам устига ўтқазди ва: “Нима ҳожатинг бор” деди. У ҳожатини айтди, Ҳазрати Усмон унинг ҳожатини раво қилиб: “Нега шу вақтгача ҳожатингни менга айтмадинг? Нима ҳожатинг бўлса менга айтавергин” деди. У киши унинг ҳузуридан чиқиб Усмон ибн Ҳунайфга рўбарў бўлди ва: “Аллоҳ сени яхши мукофат билан мукофатласин. Ҳожатимни Усмон розияллоҳу анҳуга айтмагунингча у менга эътибор қилмаётган эди. Шунда Усмон ибн Ҳунайф: “Аллоҳга қасамки, мен у билан гаплашганим йўқ. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳозир бўлдим ва бир кўзи ожиз киши у зотнинг ҳузурларига келиб, кўрмай қолганлигини шикоят қилди. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Сабр қилгин” дедилар. У: “Эй, Аллоҳнинг расули! Мени етаклаб юргувчим йўқ, қийналиб кетдим” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таҳорат оладиган жойга бориб таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқи, сўнг бу дуолар билан дуо қил” дедилар. Ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, ажралмай, гапимиз узоққа чўзилмай туриб, бояги киши олдимизга кириб келди. У аввал ҳеч кўзи ожиз бўлмагандек эди” деди” (Муъжамул кабир).

Бу ривоят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафотидан кейин васила қилиш мумкинлигига далилдир. Саҳобалардан ҳеч бирлари буни инкор қилмаганлар. Бу ҳадисни Табароний саҳиҳ деб айтган. Абу Ҳасан Ҳайсамий “Муъжаму-з-завоид”да уни саҳиҳлигини таъкидлаган.

Хатиб Бағдодий ўзининг тарих китобларининг муқаддимасида саҳиҳ санад билан имом Шофиий Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини васила қилганлигини ривоят қилган.

Фахриддин Розий, Саъдуддин Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳлар каби эътиқод масалаларида энг буюк имомлар ҳам пайғамбарлар ва солиҳ инсонларни ҳаётлик чоғларида ҳам ва вафот этганларидан кейин ҳам васила қилиш жоиз эканини баён қилганлар.

“Аллоҳим охири замонда юборишни бизга ваъда қилган пайғамбаринг ҳаққи ила бугун душманларимиз устидан ғалаба қозонишимизни сўраймиз (деб дуо қилар эдилар). Шунда, улар ғалаба қозонар эдилар” (Тафсиру руҳу-л-маъоний).

Пайғамбаримиз туғилишларидан олдин Одам алайҳиссалом томонидан васила қилинишлари қуйидаги ривоятда акс этган:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам алайҳиссаломдан (суратан) хато иш содир бўлган эди. У зот: “Эй, Роббим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб, мени мағфират қилишингни сўрайман” деди. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй, Одам Муҳаммадни қандай танидинг, ҳали уни яратмаган бўлсам” деди. У зот: “Эй, Роббим ядинг билан мени яратиб, руҳингдан менга пуфлаганингда, бошимни кўтардим ва Арш устинида “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ” деган ёзувни ёзилганини кўрдим. Бас, билдимки, Сен Ўзингни исмингга махлуқотингдан суйганингни қўшасан. Шунда Аллоҳ таоло: “Тўғри сўзладинг эй, одам. Албатта, у махлуқотларимнинг энг маҳуби. Уни ҳаққи ила дуо қилгин, сени мағфират қиламан. Агар Муҳаммад бўлмаганида, сени яратмаган бўлар эдим” деди” (Мустадраку Ҳоким). Ушбу ривоят Пайғамбаримизни тавалудларидан олдин ҳам васила қилиш жоиз эканлигига далолат қилади. Ушбу ҳадис борасида муҳаддислар орасида тортишув мавжуд. Баъзилар, уни заиф деса, баъзилар саҳиҳ деганлар. Ҳадисни қуйидаги ибора билан келтирилгани саҳиҳ эмас:

“Агар сен бўлмаганингда фалакни яратмаган бўлар эдим”. Лекин, шу маънодаги турли иборалар билан келган ҳадисларни уламоларимиз саҳиҳлигини исбот қилганлар. Аллома Субкий раҳматуллоҳи алайҳ “Шифоус сиқом” китобларида Одам алайҳиссаломнинг Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти муборакларини васила қилганликларини саҳиҳ деб айтган ва (Муҳаммад алайҳиссалом бўлмаганида Одамни яратмаган бўлар эдим ва у бўлмаса жаннатни ҳам дўзахни ҳам яратмаган бўлар эдим) ҳадисини келтириб саҳиҳ деб айтган.

Баъзилар Одам алайҳиссаломнинг васила қилгани ҳақида келган ҳадисни лағв ва ботил деб айтганлар. Агар улар имом Ҳокимнинг тасҳиҳ (саҳиҳлигини исбот қилганлик)ларидан хабардор бўлганларида бундай даъвони қилмас эдилар ва санаддаги ровийлардан бири Абдурроҳман ибн Зайднинг заифлиги туфайли ҳадисни бекорга чиқара олмас эдилар. Чунки, ундаги заифлик ҳадисни ботилга чиқарадиган даражада эмас.

Аллома Субкий: “Ҳижрий еттинчи асргача ҳеч ким тавассулни ман қилишга журъат қилган эмас. Хатто баъзи муфассирлар Нуҳ ва Иброҳим алайҳиссаломларни васила қилганликларини ҳам айтиб ўтганлар” деган.

Феълий васила. Бунга қуйидаги ривоят далил сифатида келтирилади:

Абул Жавзодан ривоят қилинади: “Мадинада қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Бас, у(мадиналик)лар Оиша розияллоҳу анҳога шикоят қилдилар. Шунда у (Оиша онамиз): “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига қаранглар ва ундан осмонга туйиник қилинглар. У билан осмон орасида шифт қолмасин» дедилар. Бас, шундай қилдилар ва ёмғир шу даражада ёғдики, ўтлар ўсиб, туялар семирди ҳатто ёғлари отилиб чиқди ва фатқ йили деб номланди» (Доримий ривояти). Ҳадисда келган “туйник очиш” ҳол тилида “тавассул” дейлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жисмлари ётган жой ҳам муборак деб билинади. Табаррук жойларга Аллоҳ таолонинг раҳмати, файзи ёғилиб туради.

Баъзи сохта салафий (ғайри муқаллид) ғоясига мансуб шахслар: “Фақат Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларини, солиҳ амалларни ҳамда тирик солиҳ кишиларни васила қилиш мумкин”, деб таъкидлаб: “Эй Аллоҳим, мен Сендан пайғамбарингнинг ҳаққи ҳурмати билан фалон-фалон нарсани сўрайман”, ёки “Вафот этиб кетган фалон кишининг дуосини восита қилиб сўрайман”, ёки “Азиз-авлиёларни васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин эмас дейдилар. Бу таълимотдаги инсонлар насслардан ўзларига керак қисмини олиб, қолганига кўз юмадилар.

Баъзилар яхши амалларни васила қилса бўлади, лекин шахсларни эмас дейдилар. Ва яна баъзилар тирик шахсларни васила қилишни жоиз санаб, вафот этганларни васила қилишдан қайтарадилар.

Билингки, василада дуо муқарраб бандаларга эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзига қилинади. Шундай экан дунё ҳаётида яшаб турган кишини васила қилиш жоиз экан, ўтиб кетган муқарраб бандаларни ҳам васила қилиш жоиз.

Шу ўринда, василада қай тарзда дуо қилишнинг кўринишини келтириб ўтиш ўринлидир.

“Эй, Аллоҳим! Сени даргоҳингга тақдим қилиб васила қилишга арзийдиган бирор амал менда мавжуд эмас. Ҳа, албатта фалончи менинг наздимда Сенинг муқарраб бандаларингдандир. Мен уни яхши кўраман ва у билан узвий алоқам бор. Аллоҳим! Ушбу алоқани мустаҳкам қилиб, менинг уларга бўлган муҳаббатим туфайли дуоимни қабул қилгин”. Бу аслида дуо қилувчи билан Аллоҳ таолонинг муқарраб бандаси ўртасидаги алоқани васила қилишдир. Ушбу василада ўзини паст тутиш, бандаликни ҳис қилиш ва ўзи томонидан қилинган амалларни Аллоҳ таолога тақдим қилиб, васила қилишга лойиқ деб билмаслик бор. Ҳар қандай ҳолатда, бу тарзда васила қилиш жоиз ва жумҳур уламолардан нақл қилинган ҳамда амал қилиб келинаётган ишлардандир.

Васила ҳақида сўз кетганда қайд этиш лозимки, василасиз Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилмайди, деб эътиқод қилмаслик даркор. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳамда авлиёларни васила қилиб қилинган дуони қабул қилиш Аллоҳга лозим бўлиб қолади, деган эътиқодда ҳам бўлмаслик керак. Балки, муқарраб бандаларни васила қилиб дуо қилинса, ижобатига умид зиёдароқ бўлади, деб эътиқод қилиш лозимдир.

Шундай экан, тавассул қилувчиларни ўйламай-нетмай мушрикка чиқариш оқил инсоннинг иши эмас. Боз устига бу айбловчининг имонига ҳам путур етишига олиб келиши мумкин.

Баъзилар василани: “Биз оми халқнинг илтижоси Аллоҳ таолога етиб бормайди. Шунинг учун ўз истак ва хоҳишларимизни муқарраб бандаларга ҳавола қилиб, сўрайдиган нарсаларимизни улардан сўрашимиз керак”, деб тушунишади. Шу сабаб улар ўз ҳожатларини Аллоҳнинг дўстларидан сўрайдилар. Ўз муродини авлиё ва қабрда ётган шахслардан сўровчи кишилар: “Буюк шахслар Аллоҳ таоло уларга берган инъом билан бизнинг хоҳишларимизни раво қилишга қодир” деб хаёл қиладилар. Бундай кишилар юртимиздан яшаб ўтган буюк шахслар, жумладан “Имом Бухорий”, “Имом Мотуридий”, “Занги ота” кабиларни мақбараларига бориб, зиёрат қилиш одоби билан уларни зиёрат қилиш ва ҳақларига дуо қилиш ўрнига, ўзларига улардан фарзанд, бахт-саодат сўрайдилар. Бу ғирт жаҳолат ва ётган буюк шахсларни илоҳийлаштиришдир. Шу боис бирор бир банда ўзи ёки бошқалар учун бирор нарса сўрамоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг ўзидан сўраши лозим. Фалончилар Аллоҳнинг ноиби сўрайдиган нарсамни улардан сўрасам ишим осон битади, деб жоҳилона ўйламасликлари лозим. Қуръони каримда махлуққа дуо қилиб, ундан ҳожатини сўрашни залолат дейилган:

“Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигича дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо этадиганлардан ҳам адашганроқлар борми?! Ҳолбуки, У(бут)лар уларнинг дуосидан ғофилдирлар” (Аҳқоф 5 оят).

Х.Матяқубов

Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *