Қалб поклиги — саодат калити

            Аллоҳ  таолонинг  охирги  ва  мукаммал,  барча  замонлар ва  маконларга  мос  келадиган Ислом дини  кишининг зохиран ҳам, ботинан ҳам  пок бўлишга  чақиради. Зеро  қанчадан – қанча  ибодатлар  борки, зохирий покликсиз  қабул  бўлмайди. Яна бир покланиш мавжудки, у маънавий, қалбий  покланишдир. Мусулмон  кишида  шу  иккала  покланиш  мавжуд  бўлса, у  дунё ва  охират  саодатига  эришади. Кўпинча  зохирий  покликка эътибор  қаратилади ,Тўғри, бу  поклик ҳам  мухим. Аммо ботиний, қалбий покликни ҳам  унутмаслик   лозим.

             Шунингдек  амаллар   қабул  бўлишида  банданинг  қиёматда  тарозусини  оғир  қиладиган  нарса   салим- тозо  қалб  соҳиби  бўлишидир. Қалбда  кир бўлиши, унинг  турли  маънавий  зарарли  иллатлар  билан  касалланган  бўлиши кишини   хар  икки  дунёда  халокат  сари  етаклайди. Аллоҳ  таоло  Ўз Каломи  мажидида  қуйидагича  марҳамат  қилган:

« У  кунда  на  мол –давлат, на  бола –чака  фойда  беради. Магар  Аллоҳ  хузурига салим-тоза  қалб  билан  келган  кишиларгагина  (фойда беради)»( «Шуаро»  сураси,88-89- оятлари).

               Мазкур оятга  назар  солсак,  бандага  фойда  берадиган  нарса  тоза, маънавий  кирлардан пок  бўлган  қалб  соҳиби  бўлиши экан. Ана  ўшанда  кишига  туну – кун елиб –югуриб  тўплаган бойлиги  ҳам, ёнида  турган фарзандлари ҳам,  мана  ман  деган   ото- боболари ҳам  фойда  бермайди.  Ер юзи  тўла  олтинни  садақа  қилиб  юборса  ҳам,  нафи  бўлмайди.  Фақат  қалбдаги  имон, солих  амаллар  фойда  беради, Қалби  пок  инсон қиёмат  куни  нажот  топади, Аллоҳ  розилигига  эришади.

         Банданинг  салохияти, яхши  ёки  ёмонлиги  унинг  қалбина  боғлик. Зеро,  қалб тананинг  амиридир. Бошлиқ  яхши  бўлса , қўл  остидагилар  ҳам яхши  бўлади. Агар  бузулса , раиятдан  салоҳият  кетади.

      Руҳий  тарбия соҳасида ҳам энг  муҳим  иш  қалбни  тозалашдир. Бу  комилликнинг  илк босқичи  саналади. Қалб  поклансагина банда  ўзида  юксак  аҳлоқни , мақталган  сифатларни  жамлай олади. Шу сабаб  динимизда қалб  поклигига, руҳий тарбияга  алоҳида  урғу берилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси  шарифда  бундай дейилган:

 “Аллоҳ сизларнинг (ташқи) кўринишингизга ҳам, бойлигингизга ҳам  қарамайди, қалбингизга, амалингизга қарайди.”

      Ислом  назарида  ҳусни жамол  ва  моли-дунё ҳаётининг  моҳияти эмас,  балки  ҳаётнинг бир  василаси   холос. Исломда инсоннинг  қадр- қиммати қалбининг  поклиги, ундаги  имон –ихлос  ва  қилган  яхши  амаллари  билан  ўлчанади. Ислом назарида  қалби  пок, имонли  инсон  дунёдаги  барча  гўзал  суратлардан  гўзалдир, мумин  инсоннинг  солиҳ  амали  дунёдаги  барча  молу  дунёдан  устундир. Инсон  қадрини  ўлчашнинг ана шу илоҳий  мезонлари  ишга  солингандагина  ўтгинчи ҳою-ҳавас , молу дунёга  хирс  қўйиш  ўз  аҳамиятини  йўқотади.

    Ана ўша илоҳий , одил  ўлчов  туфайли  минг  йиллардан  бери мусулмонларнинг катта- кичиги  , оқу қораси , бой –камбағали  ва  эркак  аёли  инсон  сифатида  бир хил  қадрга  эга. Уларни  бир биридан  фазилатли  қиладиган мезон қалб  поклиги,  яъни  тақводор. Тақводор  мўмин Аллоҳ  таолони  танийди , унга  имон  келтиради, буйруқларини  бажаради ,  қайтарганларидан  қайтади.

         Мусулмон  одамнинг  ташқи  кўриниши  чиройли, либослари  тоза  бўлгани  яхши, албатта. Ҳалол  йўллар  билан  бойлик  ортирса, пешона  тери  билан  топган  пулидан  ўзига,  яқинларига  сарфласа, кўп  савоб  олади. Аммо  сурат  ва  мол-дунё асосий ғоя бўлиб  қолиши  керак эмас. Қалб  поклиги  ва  соғлиги учун  зарур  бўлган  барча  чораларни  кўриш  лозим. Зеро,  Расулуллоҳ саллоллоҳу  алайҳи  васаллам айтганларидек:

    “Албатта,  жасадда  бир  парча  гўшт  бордир, Қачон  у  солиҳ  бўлса,  жасаднинг  ҳаммаси  солиҳ  бўлур.  Қачон  у  бузуқ  бўлса , жасаднинг  ҳаммаси  бузуқ бўлур. Огоҳ  бўлинглар!  Ўша  нарса  қалбдир”. (Муттафақун алайҳ, Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинган)

     Демак, Раббимизнинг  ҳузурида   энг эътиборли  нарса бу- бизнинг  қалбимизнинг   салоҳияти экан. Имом Ғаззолий: “Ким Аллоҳ хақ  субҳанаҳу ва  таоло  ҳузурига  соғлом  қалб  билан  борар  экан, нажот  топади Қалб Аллоҳ  таолодан  бандасига  берилган  омонатдир”- дейдилар.

      Аллоҳ  таоло  барчамизни  қалбимизни пок, имонимизни  мустаҳкам қилсин. Аллоҳ  кўрсатганидек  ҳалол- пок   сарфлаб , амали  солиҳ ишлар билан  юзимиз ёруғ бўлишликни  насиб қилсин.

З.Машарипова

Урганч шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси  

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *