Ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони карим «Наҳл» сураси 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради».
Террорчи гуруҳларнинг алламбор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ёки аслиятни ифода этмайди. Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозирда «террор» деб аталаётган ҳаракатлар аллақачон исломда «улкан гуноҳ», деб белгилаб қўйилган.
Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шафқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз (с.а.в) Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди. У зот ҳаётига суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомнинг ҳаракати ўз исботини топгач ҳам бағрикенглик билан кечириб юборганлари ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, ҳар иккаласини ҳам авф қилишлари исломнинг негизида раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ётганини кўрсатади. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.
Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоатларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки экинзор-у дарахтларни йўқ қилиниши қатъий таъқиқлаган. Бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бўлган урушлардан бирида душман томондаги бир аёлнинг ўлдирилгани У зотнинг жуда ҳам ғазаблантирган эди. Набий алайҳиссалом: «Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир бу урушмаганди-ку!», – деб бу иш содир бўлганлигидан афсусланган ва уни амалга оширилишини қоралаган эканлар. Демак, У зот ҳарбий ҳолатда ҳам барча инсоний ва маданий тамойилларни мана шундай ҳимоя қилган.
Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда. Ояти каримада «(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!» (Иброҳим, 42).
Бугунги кунда турли доиралар манфаати йўлида маълум бир гуруҳ ёки тузилмалар ғояларига мутаассибона ёншошиш оқибатида минглаб инсонлар қонини тўкаётган, таълим даргоҳлари устоз ва ўқувчилари билан бирга ёндириб, портлатиб юбораётган, масжидда ибодат учун тўпланган мусулмонлар ўртасида қўпорувчилик содир этаётган шахслар энг катта зулм қилаётган кимсалар бўлиб, нафақат мусулмончилик, балки инсоний қиёфасини йўқотганлиги билан тавсифлаш ўринлидир. Улар ўзларини Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга эргашишини билдирсаларда, қандай қилиб шариат қоралаган амалларни бажармоқда? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто уруш ҳолати бўлган пайтда ҳам душман томонни огоҳлантирмай, тўсатдан уруш ёки босқинчилик қилмаган, фақатгина уруш майдонига қўлига қурол олиб кирган кимсалар билангина жанг қилган эдилар-ку?!
Террорчилик ҳаракатларига фатво топиб бераётганларнинг фикрича, мусулмонман деганларнинг ҳаммаси кофир бўлса, мусулмон деб кимни айтиш мумкин?! Уларнинг йўлидан юрганларними? Усома ибн Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу бир жангда имон калимасини айтган одамни ўлимдан қўрққанидан қутулиб қолиш учун айтяпти, деган ўй билан ўлдирганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам қаттиқ хафа бўлиб, унинг ҳаракатига қатъий эътироз билдирган эканлар. Сабаби, унинг гумон билан қилган даъвоси мутлақо асоссиз бўлган. Чунки, қалбнинг эгаси фақат ва фақат Аллоҳ бўлиб, исломда кишиларни айтган сўзларига эътибор қилиниши белгиланган.
Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-қудсийда Пайғамбар алайҳиссалом ноҳақ қон тўкиб зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло: «Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!».
Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, инсонпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлаверади.
Хайрулла домла Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили